Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ёш болани қабрга қўйиш жуда оғир, юрак эзилиб кетади” – гўрков ҳикояси
Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Мўйи муборак қабристонида гўрков Акромжон ўғли Асилбек билан қабр қазийди. 90 ёшли Абдуқаюм ота уларнинг устози. Уста гўрков билагидан кучи кетиб ишга ярамай қолган. Лекин у тез-тез қабристонга келиб, индамаслар оламини зиёрат қилиб кетади.
Абдуқаюм ота кучдан қолгунча қабр қазиди. Бир нечта қишлоқдошларига касбини ўргатди.
“Уруш даврида кўплар армияга чақирилиб, эркаклар қолмаган пайт. Битта бригадада битта эркак бўларди, кимдир вафот этса, ўша одам бизга ўхшаган ёш болаларни чақириб, қабр қазитарди.

Биринчи марта 14 ёшимда қабрга кирдим. Ўшанда қўрққанман рости, кейинчалик ўрганиб кетдим. Ичини ковлаётганда тупроқ босиб қоладими деб ҳаяжонланганман ҳам. Кейинчалик қабристонни менга топширишган, «сен қарайсан» деб. Шу ерда дарахтлар экиб, боғ қилдим.

Қабр ковлаш қийин иш аслида. Ақл билан иш қилиб, қўрқмасдан, куч билан қилинади. Ҳаяжонланмаслик керак, бўлмаса, қўрқув босиб келаверади. Қабрни таваккал ковлаб қўяверамиз, кимга насиб этса, ўша одам келади, Баъзи одамларнинг қабрини ковлаётганда тупроқ қаттиқ бўлади, баъзилари енгил ковланади. Ери яхши бўлса, 4-5 соатда иш битади, бўлмаса кўпроқ вақт кетади. Қабрнинг ери ўша одамнинг амалига қараб ҳар хил бўлади.
4 шогирдим бор. Шулардан Акромжон шогирдим билан ўғли мен билан қолиб, қўлимдан олган ишларни. Ўзим ҳам ишлагим келади ҳозир, лекин қувват йўқ-да.

Кимнингдир қабри ери қаттиқ чиқса, ичимизда сақлаб қўямиз, одамларга айтмаймиз. Чунки гап кўпайиб, ҳар хил фикрлар урчиб кетади. Ўзи гўрковлик энг савобли касблардан. Берган пулини оламиз, талашмаймиз. Савоби номамизга. Қабристонни обод қилиш учун анча меҳнат қилганмиз, дарахтлар экканмиз, суғорганмиз.
Майит қабрга қўйилиб, устидан тупроқ тортилиб, охирги одам етти қадам узоқлашгач, савол-жавоб бошланади. Қабрдаги тавбалар ўтмайди.
Кимдир ўтиб қолса, бизга келиб айтишади. Ёшини сўраб оламиз-да, шунга қараб ковлайверамиз. Майит келгач, қабрга қўйишда яқинлари қўрқмаса, ўзлари қўяди, бўлмаса биз қўямиз. Қабрда оёқ томон 10 сантиметрча пастроқ қилинади, танадаги сув оёқ томондан чиқиб кетиши керак.

85 ёшимгача қабр ковладим. Уруш давридаги қабристонлар чакалакзор, қамишзорларда бўларди. Ёшликда қўрқувлар бўларди, бир марта тупроқ босиб қолишига сал қолган, зўрға қочиб қолганман.

Ўлим ҳар кимнинг бошида бор. Барибир шу тупроққа кирамиз. Ризқимизни бойлаб, умримизни белгилаб қўйган Парвардигор. Барчаси Аллоҳнинг иродаси. Ҳаммамизнинг умримиз ва ризқимизга барака берсин», – дейди 90 ёшли ота.
Акромжон Эржонов Абдуқаюм отадан қабр қазиш ишларини ўрганди. Ҳозир эса касбини 3 ўғлига ўргатган. Ёш болаларни қабрга қўйишдан азоби йўқ, дейди гўрков.
«2000 йилдан бери қабр ковлайман. Абдуқаюм бобо устозим бўлади. Бошида қабрга тушганимда қўрқув бўлган, лекин устозим ёнимда турган далда бўлиб. Ишимни кўриб, дуо қилиб ишларини менга топширган.
Қазилаётган қабрга ким келишини билмаймиз. Вазифамиз ковлаб қўйиш. Ўлим — ҳақ, кимдир барибир келади. Қабрни тўлиқ қазмаймиз, бошлаб қўямиз енгиллаштириб. Хабар келгач, битказиб қўямиз. Тупроқ ҳам ҳар хил бўлади, бир жой қаттиқ, бир жой енгил.

Ёши катта одамларни тушунса бўлади, лекин ҳеч ким «болам» демасин. Яқинлари қўйишдан қўрқса, майитни ўзим қўяман. Ёш болани қабрга қўйиш жуда оғир ҳолат, юрагим эзилиб кетади. Шугина бола яшаса бўларди-ку, деган ўй ўтади. Болага қабр ковламай, дейман, тўғри, Худо берган умр, лекин боланинг ўлими оғир нарса-да. Кўнглим оғрийди. Худонинг иродаси.
Пандемия даврида жуда оғир бўлди. Бир кунда 2-3 та қабр қазган пайтларимиз бўлди. Вақти келса, кечаси ҳам ковладик. Илоҳим, шу қабр ковламайлик, дейман, юраверсин ҳамма.

Олтмиш ёшга кирдим. Маҳаллага чиқиб, бир йигит топиб беринглар, дегандим, ўғилларингизни ёнингизга олинг, дейишди. Ўғилларим ёрдам беряпти энди.
Баъзи қабрларга 6-7 соат вақт кетади, тупроғи қаттиқ бўлса. Баъзиларига камроқ. Биринчи айвонни ковлаб олиб, кейин лаҳадга ўтамиз. Ёш болаларнинг қабрини «ёрма» деймиз, кўпчилик бошқача тушунади буни, лекин ундай эмас, ҳамма қабр бир хил. Фақат ёш боланинг қабрида лаҳад ковлашда гўрков лаҳаднинг ичига кирмайди, сиғмайди чунки, айвонидан туриб ковлайверади. Барибир оғир ёш болани қабрга қўйиш. Унинг ота-онаси қанча эзилади, вақт ўтиб боласи тенгиларнинг тўйи бўлаётганда эзилади ота-она.

Худо берган умр, ҳеч ким билмайди. Ўзим ковлаётган қабр ўзимга буюрар балки. Шу нарсалар хаёлимдан ўтади. Бугун тирик одам эртага йўқ бўлиши мумкин, жон — омонат. Бандалар Худо берган кунни кўраверамиз. Эртани ҳеч ким билмайди.
Кўпинча ўлган одамлар тушимга киради, ўлганини эмас, ҳаётлик пайтларини кўраман.

Гўрковга баҳона йўқ. Касалман, вақтим йўқ, деёлмайди. Қабр қазилиши керак. Вақтим бўлмайдиган ё мазам йўқ вазият бўлса, бир қабрни бошлаб қазиб қўяман-да, ўғилларимга айтаман битказиб қўйишни.

Болаларимдан миннатдорман, айтганимни қилишади. Ҳайит байрамлари олдидан келинларимни олиб келиб, тозалаттираман, чиройли қилиб қўйишади. Шунинг нонини еяпмизми, меҳнатини қилиб оқлашимиз керак»,– дейди Акрамжон ака.
Асилбек ҳам отасидан қабр қазишни ўрганди. 200 га яқин қабр қўйдим дейди у.
«Кенжа фарзандман, 5-6 йилдан бери отам ёнида бўлиб қабр қазийман. Биринчи лаҳадга тушишим 6 йил олдин бўлган. Лаҳад ичига тушганимда мен ҳам бир куни шу ерда ётишимни ўйладим. 200 га яқин қабр ковлаганман ҳозиргача.

Баъзи қабрлар қаттиқ бўлади, эрталаб бошлаб аср вақтигача олиб борган кунлар бўлган. 4-5 соатда ковлаймиз, осон чиқса. Лаҳад оғзи ёпилаётганда биз ҳам бир куни шу қоронғи жойда ёлғиз қолишимизни ўйлайман. Келганларга ҳам шуни эслатиб қўямиз”.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
13:54 / 16.01.2026
Фарғонада 14 ёшли қиз бир неча шахс томонидан зўрланди
17:27 / 09.01.2026
Республика бўйича навбатчиликка чиққан ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланади – манба
11:14 / 09.01.2026
Фарғонада чегара-божхона постида гиёҳвандлик воситалари қўлга олинди
08:39 / 06.01.2026