Kun.uz Бувайдадаги 37-мактабда расман ишланмайдиган кунларда ҳам 24 соатлик узлуксиз навбатчиликка жалб этилган педагоглар, бунга буйруқ бериб, шунинг ортидан ишдан бўшаган мактаб директори масаласини батафсил суриштиришга уринди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати таҳририятнинг бу борадаги саволларини бефарқ қолдирди.
Аммо Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасидаги манбаларга кўра, ишдан олингани айтилган Ҳасанбой Нишонов 37-мактабда анча йиллардан бери директор ўринбосари сифатида ишлаб келган. 2024 йил охирига келиб унга директорлик в.в.б. (вазифасини вақтинча бошқарувчиси) лавозими юклатилган.
Ўша йилда унинг ўрнига вақтинча ўринбосар сифатида Севара Ҳамдамова тайинлангани, навбатчилик билан боғлиқ воқеалар резонанси ортидан Нишонов ишдан олиниб, Ҳамдамова директор бўлгани маълум қилинди. Ҳасанбой Нишонов эса ҳозирда ўзининг асосий вазифаси – директор ўринбосарлигига қайтарилган.
“Маҳаллий ҳокимият ва вазирликдан чиқишган, “кимгадир чора кўрмасанг бўлмайди”, дейишганидан кейин, шуни кўрсатиш учун аслида ишдан ҳайдалмаган бўлса ҳам юклатилган ишидан озод қилинганини ишдан олинди деб умумий беришган”, – дейди манба.
Бироқ, Нишонов Gazeta.uz билан суҳбатда ишга ҳануз тикланмагани ҳақида гапириб берган. Унинг таъкидлашича, 6 январ куни вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик таътилига чиққанида у ишдан бўшатилган. Бундан ўзи бехабар бўлган.
“15 январ куни касаллик таътили тугайди, кейин ишга қайтмоқчи эдим. Аммо “болничный”га чиққан куним ишдан бўшатилдим. Бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали хабар топдим. Мен билан ҳеч ким суҳбатлашиб, огоҳлантирмади, ариза ва тушунтириш хати ҳам ёздириб олмади. Энг алам қиладигани шуки, мен ҳеч қандай айб иш қилмай туриб, тепанинг топшириғини бажариб, ўзим бехабар ишдан олиндим. Интернетда ишга тикланганим ҳақида хабарлар тарқаляпти. Аммо ишга тикланганим йўқ, бу ҳақда менга бирор ташкилотдан расмий жавоб айтилмади. Ишдан бўшатилганим тўғрисидаги буйруқни кеча, 8 январ куни қўлимга олдим. Ҳатто ўрнимга аёл киши вақтинча вазифа бажарувчи этиб тайинланибди”









