Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида жойлашган “Равот” чегара-божхона постига Тожикистондан кириб келган, Ўзбекистон туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари, Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамда Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида синчковлик билан текширувдан ўтказилди.

Текширув натижасида автомашинада 10 кг 739 гр “гашиш”, 412 гр “марихуана”, 35 гр “опий” гиёҳвандлик воситалари, шунингдек, 6945 дона Royal кучли таъсир қилувчи дори воситалари яширилгани аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ҳамда 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Тергов доирасида унинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.