Light | 17:58 / 29.07.2020
25553
7 дақиқада ўқилади

«Энг нуфузли университетлар дипломи имтиҳонсиз тан олинади, лекин...» — хорижий ОТМга ўқишга кирувчилар учун тавсиялар

Хорижда ўқиш истагидаги ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Шу билан бирга, четдаги бирор ОТМга ҳужжат топшириб, алданиб қолган ёки таълимни тугатиб қайтгач, дипломини Ўзбекистонда тан олиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган ёшлар ҳам оз эмас.

Фото: Unsplash

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Таълим тўғрисидаги ҳужжатларни легаллаштириш, тан олиш ва нострификация қилиш бўлими бошлиғи Низомжон Ишанқулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда хориждаги таълим муассасаларига ҳужжат топшириш истагида бўлган ёшлар нималарга эътибор беришлари кераклиги, масофавий таълим шаклида олинган ҳужжатларни тан олиш борасида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Хориждаги университетга ҳужжат топширишдан аввал...

— Аввало, чет давлатда ўқиш истагида бўлган ёшлар ўзи танлаган ОТМ фаолият юритишга рухсат берувчи ҳужжати (лицензияси) бор-йўқлигини текшириши лозим.

Аксарият давлатларда ОТМларнинг фаолият юритиши учун рухсат берувчи ҳужжат сифатида лицензия амал қилади. Демак, абитуриент хорижий давлат университетининг лицензияга эга экани ёки ваколатли орган томонидан фаолият юритиши учун рухсат берилганини текшириши лозим.

Кейинги энг муҳим талаб эса таълим муассасаси бераётган ҳужжат (диплом) ўзи жойлашган мамлакат ҳудудида тан олиниши билан боғлиқ. Бунинг учун эса ОТМ ва унинг таълим дастурлари ваколатли органлар томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлиши лозим.

Бундан ташқари, талабгор танлаган ОТМнинг ўқитиш шакли ва таълим дастурлари Ўзбекистон қонунчилигига мос келишини ўрганиши керак. Масалан, амалдаги «Таълим тўғрисида»ги қонунга кўра, бакалавриат камида 4 йил, сиртқи таълим камида 5 йил, магистратура эса камида 2 йил муддат қилиб белгиланган.

Фото: Unsplash

Топ-1000таликка кирган ОТМлар ҳужжатлари синовсиз тан олинади, лекин...

— Ўзбекистонда халқаро тан олинган ташкилотларнинг ОТМлар рейтингларида биринчи 1000 ўринда бўлган университетларнинг дипломлари ҳеч қандай синовларсиз тўғридан тўғри тан олинади.

Лекин баъзи фуқаролар томонидан «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида»ги Низом нормаларини нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Низомда ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингида ОТМлар орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий ОТМларда таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари синовларсиз тўғридан тўғри тан олиниши белгиланган.

Бу ҳолатда талабгорнинг ҳужжати экспертиза қилиниб, комиссия томонидан таълим ҳужжатини тан олишга тавсия этилиши ёки тан олиниши рад этилиши мумкин.

Агар эксперт комиссияси томонидан талабгорнинг таълим ҳужжатини тан олишга тавсия этиладиган бўлса, талабгор ҳеч қандай синовларда иштирок этмайди ва ҳужжати синовларсиз тўғридан тўғри тан олинади.

Лекин бунинг учун айнан топ-мингталик рўйхатга кирган университетларда ўқиганларнинг ҳужжати ҳам Ўзбекистон таълими қонунчилигига мос шаклда бўлиши керак. Масалан, айрим топ-мингталик университетларида ҳам бакалавриат 4 йил эмас, 2 ёки 3 йил бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда эса сиртқи таълим шаклида 3 йил таҳсил олган ёки масофавий таълим шаклида таҳсил олган бўлиши мумкин ва бундай пайтда талабгор таълим олган ОТМ топ-мингталикка кирган бўлса ҳам талабгорнинг ҳужжатлари тан олинмайди.

Бундан ташқари, хорижий ОТМнинг ўқув режалари ва дарс соатлари Ўзбекистон таълим стандартларидан кескин фарқ қилса ҳам, ҳужжатлар тан олишга тавсия этилмайди.

Тажриба Европа ва Шарқий Осиёнинг таълими ривожланган давлатларида бакалавриат 4 йил бўлмаса-да, ўқилиши керак бўлган дарс соатлари халқаро стандартларга мос келишини кўрсатади. Лекин айрим ҳолларда қўшни давлатлардаги баъзи ОТМлар белгиланган ҳажмдаги ўқув соатларини тугатмасдан диплом берадиган ҳолатларга ҳам дуч келинмоқда.

Масофадан ўқиб олинган дипломлар қачон тан олинади?

Айни пайтда карантин чекловлари туфайли ўтган ўқув йили аксар ОТМларда ўқиш масофавий тарзда якунланди.

Янги ўқув йили ҳам онлайн бошланиши эҳтимоли юқорилиги, сентябрь ойидан бошлаб бакалавриат ва магистратуранинг юқори курс талабалари ҳамда академик лицейларнинг 2-курс ўқувчилари учун 2020/21 ўқув йилини масофавий шаклда бошлаш режалаштирилаётгани ҳам маълум қилинди. Таълимда пандемия туфайли кузатилган кескин бурилиш энди Ўзбекистонда ҳам масофавий таълим тан олиниши мумкин, деган тахминларга сабаб бўлади.

Бу масалага Низомжон Ишанқулов қуйидагича изоҳ берди.

— «Таълим тўғрисида»ги қонунда таълим турлари ва шакллари белгиланган. Масофавий таълим ҳали амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлмагани сабабли хорижий ОТМларда масофавий таълим олган фуқароларнинг ҳужжатлари Ўзбекистонда тан олинмасдан келинмоқда. Лекин айни пайтда амалдаги «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг май ойида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган.

Янги таҳрирга кўра, масофавий таълим шакли ҳам Ўзбекистондаги таълим турлари рўйхатига киритилмоқда. Бироқ бунинг ўзи хорижда масофавий тарзда олинган дипломлар ҳам тан олинади, деган маънони англатмайди.

Сабаби «Таълим тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилингандан сўнг таълимга оид қонуности ҳужжатларини унга мослаштириш ишлари олиб борилади. Бунда қуйидаги ишлар қилиниши керак бўлади:

  • Масофавий таълим шакли «Таълим тўғрисида»ги қонунда белгилангач, мамлакат ОТМларида ҳам масофавий таълим шакли бўйича қабул квоталари белгиланиши;
  • Масофавий таълим механизми ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий этилиши;
  • Қатор қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилиши, мавжудларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши зарур бўлади.

Давлатда масофавий таълим шаклида ўқитиш мумкин бўлган йўналишлар белгилангач, хорижда олинган масофавий таълим таълим шаклидаги ҳужжатни тан олиш учун норматив база шаклланади.

Фото: Unsplash

Маълум муддат учун масофавий таълим шакли

— Пандемия туфайли кўплаб давлатларда маълум семестрлар онлайн тарзда ташкиллаштирилди ва ташкиллаштирилиши мумкин. Шундай бўлишига қарамай, аслида талабалар кундузги, кечки ёки сиртқи шаклда ўқиш учун ҳужжат топширишган ва тўлиқ ўқув дастурини шундай тугатишади.

Юзага келган вақтинчалик мураккаб ҳолатда талабаларнинг маълум даврни масофавий ўқишгани улар кейинчалик эга бўладиган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатларнинг тан олиниши учун муаммо бўлмайди.

Бўлажак талабаларга тавсиялар

— Ҳужжат топшириш жараёнида танланган университетнинг аккредитациядан ўтказилгани, лицензияга эга эканини текшириш жуда муҳим. Олий таълимга оид ҳар қандай маълумот фактчекинг қилиниши зарур.

Бундан ташқари, чет давлатдаги таълим муассасасига ҳужжат топшираётганда таълим шакли, давомийлиги Ўзбекистон таълим дастурларига тўғри келишини билиб олиш ҳам лозим.

Шунингдек, таълим бериш сифати юқори бўлган ОТМни танлаш ҳам мақсадга мувофиқ. Бу кейинчалик меҳнат бозорида муносиб ўрин топишга ёрдам беради.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид