Ўзбекистон | 18:12 / 24.01.2022
2199
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда тадбиркорларни нотўғри текширган солиқ идораси ходимлари жавобгарликка тортилди

Қашқадарёда тадбиркорларни нотўғри текширган солиқ идораси ходимлари жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: AP

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида сайёр солиқ текширувларини ўтказиш текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида буйруқ, шунингдек, ишончли маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар киритилганидан сўнг амалга оширилиши лозим.

Қашқадарё вилоятида бизнес омбудсман девонининг вилоятдаги ходимлари ҳамда вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган таҳлиллар натижасида ҳудуддаги солиқ органлари томонидан 20 дан ортиқ ҳолатда юқоридаги талаб бузилганлиги аниқланган.

Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Қашқадарё вилоятидаги туман (шаҳар) прокуратуралари томонидан айбдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштириб, судларга тақдим қилинган.

Тегишли суд қарорларига асосан, солиқ органларининг 9 нафар мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Жумладан, Чироқчи туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари А. Юсупов, Деҳқонобод туман солиқ инспекцияси бош ҳисобчиси Д.Нарсафарова, Деҳқонобод туман солиқ инспекцияси инспектори Б.Соатов, Деҳқонобод туман сайёр текширувлар шуъба бошлиғи И.Абдураимов, Муборак туман солиқ инспекцияси сайёр солиқ текшируви бош инспектори Х.Суюнов, Қарши туман солиқ инспекцияси солиқ назорати бўлими сайёр солиқ текширувлари шуъбаси бош инспектори О.Фарходов, Нишон туман солиқ инспекцияси солиқ назорати бўлим бошлиғи Ю.Холдоров, Шаҳрисабз туман солиқ инспекцияси сайёр солиқ текширувлари шуъбаси бошлиғи О.Рўзиев, Ғузор туман солиқ инспекцияси солиқ назорати бўлими бошлиғи Ж.Хуррамов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан жаримага тортилган.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид