Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Эронга ҳужум бошлади
Ядровий объектлар ва ракета базалари бомбардимон қилинган. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони ўлдирилган.
Фото: Видеодан кадр
13 июнга ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан соат тунги уч атрофида Исроил Эронга ҳужум бошлади. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Натанз ва Фордодаги уранни бойитиш корхоналари, Кирмоншоҳ ва Хуррамободдаги ракета базалари, шунингдек, Теҳрон, Исфахон, Табриз ва Эроннинг бошқа йирик шаҳарларига зарбалар берди.
Ҳужум нишонлари Эрон қуролли кучлари ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбарияти, шунингдек, ядро дастури устида ишлаётган олимлар бўлган. Шунингдек, ислом республикаси диний раҳбариятининг кўплаб вакиллари яшайдиган Қум шаҳрига ҳам зарбалар берилди.
IRNA давлат ахборот агентлиги Исроил зарбалари оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий, Эрон қуролли кучлари бирлашган штаб бош қўмондони – генерал Муҳаммад Бағирий ва Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари – генерал Ғулом Али Рашид ҳам ҳалок бўлганини хабар қилган.
Шунингдек, ядро соҳадсидаги олти нафар физик, жумладан, Эрон атом энергетикаси ташкилотининг собиқ раҳбари Фариддун Аббосий ҳам ўлдирилган.
Исроил мудофаа кучлари вакили Эфи Дефриннинг айтишича, бу Эрон «ядро қуролига эга бўлишга ҳар қачонгидан ҳам яқинлашгани» билан боғлиқ огоҳлантирувчи ҳужумдир. «Исроил давлати Исроил давлатини йўқ қилишни мақсад қилган режимга оммавий қирғин қуролига эга бўлишига йўл қўймайди», – дея таъкидлади у.
Sepan News / AFP / Scanpix / LETA
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу исроилликларга иброний тилида, америкаликларга эса инглиз тилида мурожаат йўллади. У Эронга қарши операция «Шердек халқ» деб номланганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Эрон тўққизта атом бомбаси учун уран тўплаган ва уч йил ичида ўн мингта баллистик ракета ишлаб чиқармоқчи.
Инглиз тилидаги мурожаатида Нетаняҳу Эрон расмийлари риторикасида Исроил фақат «кичик шайтон», «катта шайтон» эса АҚШ эканини алоҳида таъкидлади.
Atta Kenare / AFP / Scanpix / LETA
Ҳозирча Эрон томонидан жавоб чоралари кўрилгани ҳақида маълумот берилмаган.
Vahid Salemi / AP / Scanpix / LETA
Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Мактаблар, боғчалар, университетлар ва ҳаётий муҳим корхоналардан ташқари барча корхоналар ишламаяпти. Мамлакат ҳаво ҳудуди ёпиқ. Эрон ҳам ўз ҳаво ҳудудини ёпган.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроил Эронга ҳужумни «бир томонлама» амалга оширганини айтди. Бир кун аввал Давлат департаменти Яқин Шарқдаги америкаликларни ўта эҳтиёткор бўлишга чақирган эди. Асосий бўлмаган ходимларга минтақадаги Америка элчихоналари ва ҳарбий базаларини тарк этиш бўйича кўрсатма берилганди.
Sepan News / AFP / Scanpix / LETA
2024 йилда Эрон Исроилга икки марта йирик ракета зарбалари берганди: 14 апрелга ўтар кечаси ва 1 октябр оқшомида. Биринчиси Исроилнинг Дамашққа берган зарбасига жавоб бўлганди, натижада Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг бир қанча юқори мартабали зобитлари, жумладан, «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони ҳалок бўлганди. Ушбу бўлинма Исроилга қарши курашаётган Эрон проксилари – Яқин Шарқдаги эронпараст гуруҳлар тармоғини назорат қилади. Эроннинг иккинчи зарбаси Теҳронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳания ва Байрутда «Ҳизбуллоҳ» (Эроннинг энг йирик проксилари) етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилишига жавоб бўлганди.
15 июн, якшанба куни Ўмонда АҚШ ва Эрон ўртасида Эрон ядро дастури бўйича музокараларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтиши керак эди. Келишувга эришишга уранни бойитиш масаласи тўсиқ бўлмоқда. АҚШ томони Эрон ўз атом энергетикасини фақат импорт қилинган бойитилган уран асосида ривожлантириши мумкинлигини айтиб келади. Эрон эса ўз ҳудудида уранни бойитиш унинг суверен ҳуқуқи эканини таъкидлайди.
Мавзуга оид
09:35 / 17.01.2026
ЕИ авиарегулятори авиакомпанияларни Эрон устида учмасликка чақирди
16:57 / 16.01.2026
“АҚШнинг Эронга душманлиги энг авж нуқтасига чиқди” – Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси билан суҳбат
15:30 / 16.01.2026
Ғазода сулҳнинг 2-босқичига ўтилди: бу нимани англатади?
14:41 / 16.01.2026