Эронда декабр ойининг охиридан бошланган намойишлар тузумга қарши норозиликка айланиб кетди. Экспертлар ҳозирги режим бу намойишлар билан қуламаслигини тахмин қилган. Бироқ, Эрон осмонининг ёпилиши ва АҚШнинг Қатардаги авиабазасида эвакуацияни бошлагани минтақада кескинлик кучаяётганини билдиради. Kun.uz реал ҳолат ва Эрон ҳукуматининг чоралари бўйича Ўзбекистондаги элчи Муҳаммад Али Искандарий билан суҳбатлашди.

Декабрь ойининг охиридан Эронни норозилик намойишлари қамраб олди. Теҳрондаги бозорда норозиликка йиғилганлар аслида иқтисодий қийинчиликлардан ва гиперинфляциядан шикоят қилган эди. Йилнинг охиригача бу намойишлар турли шаҳарларга тарқаган бўлса-да, асосий катта шаҳарлар марказларида норозилик тўлқини паст эди. Бироқ, янги йилнинг дастлабки кунларидан норозилик тўлқини кескин чуқурлашиб, кўчага чиққанлар сони миллионлаб бўлди. 

Шундай пайтда Эрон президенти ва олий диний раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоминаий халққа мурожаат қилиб, бу провокация оқибати экани, кўчага чиққанлар АҚШ-Исроил буйруғини олиб, ташқи босим билан сунъий норозилик яратаётганлар эканини билдирди. 

Kun.uz Эрондаги нотинч вазият фонида мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси билан эксклюзив суҳбат ўтказди. Элчи Муҳаммад Али Искандарийга кўра, АҚШ-Исроилнинг душманлиги бутун тарих мобайнида энг авж нуқтасига етди. Улар охирги 40 йил ичида қўлларидан қандай ёмонлик келса, қилиб кўришди, дейди у. 

Қуйида элчи билан суҳбатнинг асосий жойлари келтириб ўтилади.

Журналист: Жаноб элчи, айни дам норозилик намойишлари тугаш палласига ўтган. Хўш, улар билан келишиш ва вазиятни ўнглаш учун Эрон раҳбарияти ва ҳукуматида қандай режалар бор?

Элчи: Бу намойишлар фуқароларнинг ўз фикри ва эътирозини очиқ билдириш ҳуқуқи билан боғлиқ. Бу — Эрон фуқароларининг қонуний ҳаққи. Намойишлар дастлаб тинч тарзда бошланган. Одамлар кўчаларга чиқиб, ўз талаб ва таклифларини билдиришган. Бу жараён тахминан ўн кун давом этди. Шу вақт ичида масъул идоралар вакиллари жамоат жойларига чиқиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилди, муаммоларини тинглади.

Бироқ ўн кундан сўнг ташқи омиллар фаоллашди. АҚШ президенти Доналд Трамп намойишларга очиқ баёнот билан аралашиб, куч ишлатилса, шахсан аралашишини маълум қилди. Бу баёнот ташқи сиёсий босим сифатида қабул қилинди. Шундан сўнг намойишлар жараёнида қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатлари кузатила бошланди.