Ўзбекистон | 15:55 / 15.06.2022
11808
2 дақиқада ўқилади

Япония билан ўйин вақтида “Бунёдкор” стадиони атрофидаги йўллар ёпилади

Тошкент ИИББ буни йўл таъмирлаш ишлари билан изоҳлади. Эслатиб ўтамиз, Осиё кубоги U23 доирасидаги ўйинга ОФК қарори туфайли ўзбекистонлик мухлислар киритилмайди. Стадион атрофига мухлислар ўйинни томоша қилиши учун йирик монитор ўрнатилмоқда. Чўпонота кўчасининг бир қисми вақтинча автотураргоҳга айлантирилади.

Манба: Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида, “Бунёдкор” стадиони атрофидаги айрим кўчалар транспорт ҳаракати учун вақтинча ёпилади.

Пойтахт ИИББ хабарига кўра, қуйидаги кўчаларда “йўл таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан” 15 июн куни соат 17:00 дан соат 24:00 гача транспортлар юришига рухсат берилмайди:

  • Муқимий ва Чилонзор кўчалари чорраҳасидан, Чилонзор ва КҲАЙ кўчалари чорраҳасигача бўлган қисми; 
  • Муқимий ва Арнасой кўчалари чорраҳасидан, Чўпонота ва Арнасой кўчалари чорраҳасигача бўлган қисми;  
  • Бунёдкор шоҳкўчаси - Чўпонота кўчалари чорраҳасидан, Шота Руставели - Чўпонота кўчалари чорраҳасигача бўлган қисми;  
  • Бунёдкор иккинчи даражали кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган қисми.

Хабарда юзага келаётган ноқулайликлар учун узр сўралган ва айланма йўллардан фойдаланиш тавсия қилинган.

Таъкидлаш лозим, бугун, 15 июн соат 21:00да “Бунёдкор” стадионида Осиё кубоги U23 яримфинали доирасидаги Ўзбекистон – Япония учрашуви бошланади. Бу ўйинга ўзбекистонлик мухлислар киритилмайди – чорак финалда Ироқ миллий жамоасига қарши учрашувда маҳаллий мухлислар стадионда тартибсизлик келтириб чиқарганига жавобан ОФК шундай санкция қўллаган эди.

Kun.uz мухбирига кўра, айни пайтда стадион яқинидаги автотураргоҳни фан-зонага айлантириш, у ерга ўйинни трансляция қилиш учун йирик монитор ўрнатиш ишлари кетмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид