Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситалари учун ҳаракат чекловлари ўрнатилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳаракат чеклови байрам тадбирлари вақтида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш мақсадида амалга оширилмоқда. 

2025 йил 15 декабрдан 2026 йил 15 январгача Ўзбекистон Миллий кутубхонаси олд майдонида:

· Зарафшон кўчасининг “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси қўриқлаш пункти ва Матбуотчилар кўчалари оралиғидаги қисми;

· Истиқлол кўчасининг А.Темур ва Буюк Турон кўчалари оралиғидаги қисми;

· Буюк Турон кўчасининг Истиқлол кўчаси кесишмасидан Ёшлар ижод саройигача.

2025 йил 17 декабрдан 2026 йил 5 январгача Тарас Шевченко гастрономик-туризм кўчасида:

· Тарас Шевченко кўчасининг Фидокор кўчаси кесишмасидан Нукус кўчаси кесишмасигача;

· Саййид Барака кўчасининг Ойбек кўчаси кесишмасидан Амир Темур шоҳкўчасигача.

Ҳокимлик ҳайдовчиларга ўз йўналишларини ушбу ўзгаришларни инобатга олган ҳолда режалаштиришни тавсия этган.