Жаҳон | 13:58 / 20.09.2023
14833
15 дақиқада ўқилади

Икки марта ёпилган Ikarus компанияси – Европадаги автобус ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона нега банкрот бўлганди?

Ўтган асрнинг 70-90 йиллари оралиғида дунёдаги энг машҳур йўловчи транспорти Ikarus автобуслари эди. Венгрияда ишлаб чиқарилган бу автобусларнинг асосий харидори советлар бўлган. СССР парчаланиб кетгач Ikarus компанияси ҳам банкрот бўлади ва 2003 йилда ёпилади. 2007 йилда компания қайта иш бошлаганда бошқа рақобатчилар илдамлаб кетганди. Шу сабабли Ikarus эски мавқеига қайта олмайди.

Фотоколлаж: Kun.uz

1980-йилларда Венгрияда ишлаб чиқарилган Ikarus автобуслари жуда оммабоп эди. Ўша пайтларда Европада ишлаб чиқарилган автобусларнинг ярмидан кўпроғини Ikarus’лар ташкил этарди.

Ҳар йили ўртача 12 минг дона автобус ишлаб чиқариларди ва унинг асосий қисми СССРга экспорт қилинарди. Шу сабабли собиқ иттифоқда, жумладан Ўзбекистонда шаҳар ва шаҳарлараро йўналишларда асосан Ikarus автобуслари хизмат қиларди.

Бироқ 1990-йиллар бошига келиб СССР тарқаб кетди ва корхона энг йирик харидордан айрилди. Шунингдек, Шарқий Европадаги давлатларга немисларнинг сифат жиҳатдан анча устун бўлган автобуслари кириб кела бошлади.

Оқибатда аввалига Ikarus компаниясида ишлаб чиқариш ҳажми кескин қисқариб кетди. Сўнг компания бутунлай банкрот бўлди.

Шаҳарлараро қатновчи Ikarus автобуси
Фото: autogaleria.hu

Ikarus тарихи

Ikarus автобусларининг тарихи 1895 йилга бориб тақалади. Шу йили Имре Ури исм-шарифли шахс Венгриянинг Пешт шаҳрида карета (одам ташувчи арава) тузатиш устахонасини очади.

(Ўша пайтларда Дунай дарёсининг икки томонида жойлашган Буда ва Пешт алоҳида шаҳарлар эди. Кейинчалик улар бирлашиб Будапешт номини олади.)

1920-йиллардан бошлаб устахона автобус кузовлари ишлаб чиқарувчи корхонага айланади. 1927 йилда Ури йирик буюртма олади. Ўша пайтларда автобус кузовлари асосан ёғочдан ишлаб чиқарилар ва устига металл қопланар эди.

Кўп ўтмай Урининг ўзи ҳам автобус ишлаб чиқаришни бошлайди. Аввалига у АҚШнинг Ford компаниясида ишлаб чиқарилган эски юк машиналарини автобусларга айлантиради. Кўп ўтмай немисларнинг Mercedes-Benz юк автомобиллари шассисидан фойдалана бошлайди.

1930-йиллар бошида Ури компания бошқарувини ўғилларига топширади. Шундан сўнг 1933 йилда компанияга «Ака-ука Урилар» деб ном берилади. 1939 йилда компания мингинчи автобусни ишлаб чиқаради.

«Ака-ука Урилар» компанияси ишлаб чиқарган автобус
Фото: gplauti.blogspot.com

Компаниянинг Ikarus номини олиши

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач Германия Венгрияни босиб олади ва «Ака-ука Урилар» компанияси немислар армияси учун самолётлар ишлаб чиқаради. Шунингдек, турли транспорт воситаларини таъмирлаб беради.

1944 йил ёзда совет армияси Венгриянинг катта қисмини ва пойтахт Будапештни эгаллайди. Шундан сўнг «Ака-ука Урилар» советлар учун турли техникалар ишлаб чиқаришга ўтади.

1947 йилда компания миллийлаштириш баҳонасида эгаларидан тортиб олинади ва Венгрия оғир саноат маркази тасарруфига ўтказилади.

Марказ корхонани «Ikarus Gep es Femgyár Rt» («Машина ва металл буюмлар ишлаб чиқарувчи Ikarus ҳиссадорлик жамияти) билан қўшиб юборади.

Шу тариқа иккита заводнинг қўшилиши ортидан Ikarus компанияси ташкил этилади. Шундан сўнг бу ерда ишлаб чиқариладиган автобусларга Ikarus ёрлиғи қўйила бошланади.

Ўша пайтда «Ака-ука Урилар» компаниясига қўшиб юборилган Ikarus ўз номини қадимги грек афсонасидаги ўзига қанот ясаб самога парвоз қилмоқчи бўлган Икар номидан олганди.

Компанияга Ikarus деб ном қўйилишига яна бир сабаб, ўша пайтда Сербияда Ikarbus компанияси бор эди. Венгрлар ўз компанияларининг номи сербларникидан фарқ қилиши учун b ҳарфини тушириб қолдиришади.

1951 йилда Ikarus ўзининг мингинчи автобусини ишлаб чиқаради. 1953 йилда компания шаҳарлараро қатновга мўлжалланган Ikarus-55 моделини чиқара бошлайди. 31 ўринли бу автобус ўз даврида энг замонавий автобуслардан бўлиб, унга дунёнинг жуда кўп давлатларидан буюртмалар тушади.

Ikarus-55 автобуси
Фото: itbusiness.hu

1962 йилда Ikarus компаниясига Секешфехарвар шаҳридаги механика заводи қўшиб берилади. Мақсад автобус ишлаб чиқаришни йилига 10 минг донага етказиш эди. Венгерлар буни уддалашади.

Мазкур автобус Ikarus’нинг дунё бўйлаб машҳурлашишига сабаб бўлади ва ундан ҳар йили ўртача 10 минг дона ишлаб чиқарилиб, сотилади. Ikarus-55 1972 йилгача ишлаб чиқарилади.

Ҳатто Ғарбнинг ривожланган давлатлари, АҚШ, Канада, Германия федератив республикаси каби давлатлари ҳам Ikarus-55 автобусларига кўплаб буюртмалар беришади.

Қўшиб берилган заводда автобуслар учун турли эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарила бошланади ва бу ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли оширади.

1970 йилда Ikarus заводидан юз мингинчи автобус чиқарилади. 1984 йилда эса икки юз мингинчи автобус конвейердан чиқади. Бу кўрсаткичлар Европадаги ўртамиёна бўлган Венгрия учун жуда катта кўрсаткич эди.

1967 йилда Ikarus ўз даврида энг яхши шаҳарлараро автобуслардан бири бўлган Ikarus-250 русумини ишлаб чиқара бошлайди. Кейинчалик бу русумга ўзгартиришлар киритилади ва замонавийлаштириб борилади.

Ikarus-250 автобуси
Фото: commons.wikimedia.org

Ikarus-250 автобусининг характеристикаси

  • Ишлаб чиқарилган даври – 1967-1996 йиллар;
  • Ишлаб чиқарилган сони – Қарийб 150 минг дона;
  • Максимал тезлиги – соатига 120 км;
  • Ўриндиқлар сони – 40 тадан 60 тагача;
  • Йўловчи сиғими – 60 киши;
  • Узунлиги – 12 метр;
  • Ёқилғи тури – Дизелда ҳаракатланган;
  • Двигател қуввати – 192дан 280 от кучигача чиқарилган;
  • Ёқилғи сарфи – 100 километрга 30-40 литр;
  • Узатиш қутиси – механик, 5-6 та;
  • Ёқилғи сиғими – 250 литр;
  • Двигател – Raba-MAN D2156HM6U (T), D2156MT6U, Raba-MAN D2356HM6U (T) и Raba D10 (UTS/UTSLL/UTLL) (155/160/180/190/206)

Ikarus автобусларининг муваффақият қозонишига унинг двигателлари ҳам сабабчи бўлган. Ўша пайтда венгерлар советларнинг сифатсиз двигателини рад этиб, ГФРнинг MAN компаниясида ишлаб чиқарилган двигателларини ўрнатишади.

Ikarus русумлари

Ikarus компанияси нафақат шаҳарлараро, балки шаҳар ичида ҳаракатланадиган автобуслар ҳам ишлаб чиқарган.

Бундан ташқари, компания томонидан троллейбус, махсус автобуслар ҳам чиқарилган. Компаниянинг энг машҳур ва кўп сотилган моделлари қўйидагилар эди:

Ikarus-260 – Бу автобус шаҳар йўналишида ҳаракатланувчи ҳисобланади ва ундан 1972-2003 йиллар оралиғида қарийб 75 минг дона чиқарилган.

Автобуснинг узунлиги 11 метр бўлиб, унда 22 та ўриндиқ бўлган. Тик туриб кетувчилар ҳисобидан автобусга 100 дан ошиқ йўловчи жойлаша олган.

Шаҳар йўналишида қатновчи Ikarus-260
Фото: ru.autowp.ru

Ikarus-256 – Бу автобусдан 1977-2002 йиллар оралиғида 23 минг донадан ошиқроқ ишлаб чиқарилган. Ikarus-256 шаҳарлараро қатновга мўлжалланган бўлиб, унда 45та ўриндиқ бўлган.

Ikarus-255 – Бу автобус Ikarus-256 билан қарийб бир хил бўлиб, фарқи бир эшикли эди. Ундан 1971-1983 йиллар оралиғида қарийб 25 минг дона ишлаб чиқарилган.

Ikarus-256
Фото: pikabu.ru

Ikarus-55 – Бу компаниянинг илк автобусларидан бири ҳисобланади. Ундан 1953-1972 йиллар мобайнида қарийб 10 минг дона ишлаб чиқарилган. Автобус шаҳарлараро қатновга мўлжалланган.

Ikarus-66 – Ушбу модел ҳам Ikarus компанияси томонидан ишлаб чиқарилган илк автобуслардан бири ҳисобланади. 1955-1973 йиллар давомида ундан қарийб 10 минг дона тайёрланган. Бу автобус ҳам шаҳарлараро йўналишларда юришга мўлжалланган.

Ikarus-250 – Ikarus компаниясининг энг машҳур автобусларидан бири ҳисобланади. Шаҳарлараро қатновга мўлжалланган ушбу автобусдан 1969-1996 йиллар оралиғида қарийб 20 минг дона ишлаб чиқарилган.

Автобус бир неча русумда чиқарилган бўлиб, уларда 37 нафардан 60 нафаргача йўловчи ўрни бўлган.

Ikarus-435 – Ушбу автобус шаҳар йўналишида фойдаланиш учун чиқарилган бўлиб, у «гармошка» деб аталувчи русумда эди. Яъни, автобус 18 метрли бўлиб, унинг 12 метри асосий корпус, орқа томондаги 6 метрлик корпус эса унга тиркама шаклида тақилган.

Ушбу автобус илк марта 1985 йилда чиқарилган бўлиб, кейинчалик бир неча марта модернизация қилинган. СССРдаги йирик шаҳарларда минглаб бундай автобуслар йўловчи ташиган. Энг кўп Москва шаҳри учун олинган. 2007 йилга келиб улар фойдаланишдан чиқарилган.

Ikarus-435
Фото: wikimedia.org

Ikarus-415 – Шаҳар йўналишида хизмат қилган ушбу автобус 1986 йилдан бошлаб чиқарилган. Автобус уч эшикли бўлиб, унда 25 та ўриндиқ бўлган. Тик турган ҳолда унга 90-100 киши жойлаша олган. Бу автобус ҳам собиқ иттифоқнинг йирик шаҳарларида йўловчи ташиган.

Ikarus-365 – Ушбу модел анча ихчам бўлиб, ундан асосан сайёҳларни олиб юришда фойдаланишган. Автобуснинг узунлиги 11 метр бўлиб, унда 46 йўловчи ўрни бўлган.

Ушбу автобус 1977 йилдан ишлаб чиқарилган ва унинг ҳам асосий харидори СССР бўлган.

Ikarus-263 – 1985 йилдан 2002 йилгача шаҳар йўналиши учун мўлжалланган бу автобусдан 1 600 донадан ошиқ чиқарилган. Унинг асосий қисми СССРга, 1991 йилдан кейин Россияга сотилган.

Автобуснинг узунлиги 12 метр бўлиб, унга 24 тадан 36 тагача ўриндиқ жойлаштирилган. Тик туриб кетувчилар ҳисобидан 122 нафаргача йўловчи жойлаша олган.

Ikarus-263
Фото: en.autowp.ru

Ikarus-283 – Бу автобус ҳам «гармошка» русумли бўлиб, узунлиги 18 метрни ташкил этган. Автобусда тўртта эшик бўлиб, унда 29 та ўриндиқ жойлаштирилган. Тик туриб кетувчилар ҳисобидан автобусга 200 нафардан ошиқ йўловчи сиғган.

Компания бу автобусдан 1988-2002 йиллар оралиғида қарийб 600 дона ишлаб чиқарган. Уларнинг асосий қисми 1991 йилгача тайёрланган.

Ikarus автобуслари СССРда

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Венгрия Москва таъсир доирасига тушиб қолади. Шундан сўнг СССРда бўлгани каби бу ерда ҳам бойлар ва ўртаҳоллар қатағон қилинади.

Заминдорлардан ерлар, бойлардан хусусий корхоналар тортиб олинади. СССРда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида жамоа хўжаликлари ташкил этилади. Хусусий корхоналар давлат ҳисобига ўтказиб юборилади.

Венгерлар социалистик тузум жорий қилган бундай қонун-қоидаларни ҳазм қила олишмайди ва 1956 йилда Будапештда коммунистик тузумга қарши исён кўтаришади. Исён совет армияси томонидан аёвсиз бостирилади. Шундан сўнг советлар Венгрияда назоратни кучайтиришади.

Ўша пайтларда бу давлатда тайёрланадиган турли маҳсулотлар энг аввал СССРга жўнатилар, ортгани бошқаларга сотиларди. Ikarus автобуслари билан ҳам шу ҳол такрорланади.

Ikarus-55 ишлаб чиқарила бошлангандан сўнг тузукроқ автобус заводи бўлмаган СССР ундан кўп миқдорда сотиб ола бошлайди.

Кейинроқ бошқа моделлар ишлаб чиқарилганда ҳам улар асосан советлар учун жўнатиб турилган. Умумий ҳисобда советлар Венгриядан ҳар йили ўртача 7-8 мингта автобус сотиб олишган.

СССР кўчаларида юрган Ikarus
Фото: en.autowp.ru

Ўша пайтларда собиқ иттифоқнинг барча республикаларида, йирик шаҳарлар орасида фақат Ikarus автобуслари қатнарди. СССРнинг ўзида тайёрланган ЛАЗ (Лвов автомобил заводи) автобуслари қисқа масофаларда юрар, узоқ масофаларнинг барчасига Ikarus’лар хизмат кўрсатар эди.

Маълумотларга кўра, 1971-1976 йиллар оралиғида беш йил давомида СССРга 25 минг дона автобус жўнатилган. Умумий ҳисобда эса 1966-1990 йиллар оралиғида СССР 150 мингдан ошиқ Ikarus автобусларини харид қилган.

1966 йилдан аввал сотиб олинганларини қўшиб ҳисоблаганда советлар сотиб олган автобуслар сони қарийб 200 минг донага етган.

Ikarus автобуслари СССРнинг ўзида тайёрланган нисбатан сифатсизроқ ЛАЗ ва ЛиАЗ автобусларидан бир неча баробар қиммат бўлган. Бироқ автобус нархига мос равишда сифатли ва йўловчилар учун жуда қулай бўлган. Двигатели немисларники бўлгани учун узоқроқ хизмат қилган.

Компаниянинг банкрот бўлиши

1980-йиллар охирига келиб вазият бирдан кескин ўзгаради. Ikarus автобусларининг энг йирик харидори бўлган СССРда иқтисодий инқироз юз беради.

Сўнг иттифоқдош республикаларда мустақиллик учун ҳаракатлар бошланади. Кўп ўтмай, 1991 йил август ойида бу давлат парчаланиб кетади. Мустақил бўлган республикаларда иқтисодий қийинчиликлар юз беради. Шу тариқа компания асосий харидоридан айрилади.

Маълумот учун, умумий ҳисобда Ikarus компанияси ишлаб чиқарган автобусларнинг 90 фоизи СССРга экспорт қилинган. 1991 йилда СССР парчалангач Венгриядан автобус келиши кескин камайган.

Масалан, 1988 йилда 1258 дона, 1989 йилда 751 дона, 1990 йилда 886 дона, 1991 йилда эса бор-йўғи 61 дона Ikarus-250 олинган. Кўп ўтмай автобус умуман келмай қўяди.

СССРда сайёҳларга хизмат қилган усти очиқ кабриолет Ikarus
Фото: dzen.ru

Бунинг устига Шарқий Европадаги давлатлар ҳам социалистик тузумдан воз кечишади. Улар эркин бозор муносабатларига асосланган давлат қуришади ва Ikarus автобусларининг ўрнига Германиядан замонавий автобуслар ола бошлашади.

Бу пайтга келиб, бир пайтлар Венгриядан автобус харид қилган Германияда кўплаб турда замонавий автобуслар ишлаб чиқарилади. Ана шундай шароитда СССР парчаланиб кетгач компания рақобатда немис компанияларига ютқаза бошлайди.

Оқибатда Венгрия компаниясининг савдо кўрсаткичи тушиб кетади ва шунга қараб ишлаб чиқариш ҳам пасаяди. Кўп ўтмай компания умуман автобусларини сота олмай қолади ва банкротлик ҳолатига келиб қолади.

Компания ўз тарихида илк бор 2003 йил октябр ойида ёпилади. 2007 йилда унинг фаолиятини қайта тиклашга уринишади. Завод эгалиги Auto Rad Controlle Kft компаниясига ўтади.

Шундан сўнг Ikarus C80, Ikarus C83 моделларини ишлаб чиқара бошлашади. Бироқ бу пайтга келиб Европадаги бошқа автобус ишлаб чиқарувчи компаниялар анча илдамлаб кетган ва бозор тўлиқ эгалланган эди.

Ikarus C83
Фото: busztipusok

Шу сабабли Ikarus компаниясининг янги эгалари ишлаб чиқарилаётган автобусларни сотишда муаммоларга дуч келишади. Охир-оқибат, бир неча ой фаолият кўрсатган компания иккинчи марта ёпилади.

Компания фаолиятини қайта тиклашга уринишлар

1990-йиллар бошида иқтисодий қийинчиликларга дуч келган компания 1994 йилда Ikarus-405 автобусини чиқара бошлайди. Икки эшикли бу ихчам автобусда 16 та ўриндиқ бўлиб, тик турган ҳолда унга 30дан 46 нафаргача йўловчи жойлашиши мумкин эди.

Автобус шаҳар йўналиши учун чиқарилган бўлиб, у СССР тарқаб кетгандан сўнг яхши сотилган модел ҳисобланади. Ikarus-405 бор-йўғи уч йил чиқарилган бўлса ҳам ундан анчагина тайёрланади ва Шарқий Европа давлатларига сотилади.

2003 йилда завод ёпилади ва ўн йилдан ошиқ вақт бўш туради. Фақат 2014 йилга келиб янги дизайндаги Ikarus автобуси ишлаб чиқарилади. Бироқ у ҳам оммалашмайди.

2019 йилда Венгриянинг Секешфехервар шаҳри кўчаларида янги электробуслар пайдо бўлади. Уларни Ikarus ва Хитойнинг CRRC Urban Traffic компанияси томонидан ташкил этилган Electrobus Europe Zrt Венгрия-Хитой қўшма корхонаси тайёрлаган эди.

Ikarus-CityPioneer 2019
Фото: charter97.org

Янги Ikarus-CityPioneer 2019 электробуси паст полли бўлиб, унинг узунлиги 12 метрни ташкил этади. Автобусга ўрнатилган литий-ионли аккумуляторлар бир марта тўлдирилганда 200-260 км масофани босиб ўта олади.

Сўнгги йилларда хитойликлар Ikarus компанияси билан автобуслар чиқараётган бўлса-да, ишлаб чиқариш ва савдо ҳажми мақтагулик эмас. Қўшма корхона амаллаб жон сақлаб турибди.

Йилига 12-15 мингта автобус ишлаб чиқарган афсонавий Ikarus тарихда қолди ва энди уни аввалги ҳолига қайтариш жуда мушкул.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид