Жаҳон | 11:54 / 21.05.2023
29151
16 дақиқада ўқилади

Фаластин-Исроил можароси: Ғарбдаги икки хил стандарт (2-қисм)

Бугун Ғарб давлатлари Фаластинга нисбатан икки хил стандартларни қўлламоқда. Улар бир тарафдан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишини хоҳлашларини айтишса, иккинчи томондан ҳанузгача Фаластиннинг мустақиллигини тан олмай келишмоқда. Бунинг устига уларнинг ўз элчихоналарини Тел-Авивдан Қуддусга кўчиришлари муаммони баттар чигаллаштирмоқда.

Фаластин мустақиллигини дунёнинг 138 та давлати тан олган. Жумладан, Осиё ва Африканинг қарийб барча давлатлари, шунингдек собиқ иттифоқ республикалари (Латвия, Литва ва Эстониядан ташқари) ва Шарқий Европа давлатлари.

АҚШ, Канада, Мексика, Австралия, Британия, Франция, Испания, Португалия, Италия ва Ғарбий Европадаги бошқа давлатлар тан олмаган. Ана шу жойда АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Фаластинга нисбатан икки хил сиёсат олиб бораётгани ойдинлашади.

Яъни бир томондан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишини хоҳлашларини айтишади. Иккинчи томондан Фаластиннинг мустақиллигини тан олишмайди. Араб давлатининг ўз чегараларига эга бўлишини, БМТга тўлақонли аъзо бўлишини умуман хоҳлашмайди.

Бугун Фаластин БМТда фақат кузатувчи мақомига эга. Фаластин мустақиллигини тан олган давлатлар агар у БМТга тўлақонли аъзо бўлса ва ўз ҳудудларига эгалик қилса, Яқин Шарқда узоқ кутилган тинчлик ўрнатилади, деган фикрда.

Унинг мустақиллигини тан олмаган давлатлар эса аксинча, агар Фаластин БМТга тўлақонли аъзо бўлса, минтақада нотинчлик баттар кескинлашади деб ҳисоблашади.

Яшил ва оч яшил рангда Фаластин мустақиллигини тан олган, рангсиз тасвирланганлар Фаластин мустақиллигини тан олмаган давлатлар.
Эътибор берилса Ғарб давлатлари Фаластин мустақиллигини тан олмаганини кўриш мумкин.

АҚШнинг Фаластинга нисбатан тутган нохолис сиёсати

Агар тарихга қаралса 1947 йилда БМТ резолюцияси билан Фаластин ҳудудида иккита араблар ва яҳудийлар давлатини ташкил этиш ҳақидаги резолюция қабул қилингандан бошлаб АҚШ Исроилга ҳар томонлама иқтисодий ва ҳарбий ёрдам бериб келмоқда.

АҚШ энг аввал Исроил давлати маъмуриятини тузишда, сўнг армия шакллантиришда ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатади. Кейинчалик Араб-Исроил урушларида ҳарбий ёрдам беради.

Жумладан, 1947-1949 йилларда, 1967 йилда ва бошқа Араб-Исроил урушларида АҚШ Исроилга кенг миқёсда ҳарбий ёрдам кўрсатади.

АҚШ Исроилга кенг кўламда ёрдам бериш билан бир қаторда шу пайтгача Фаластин мустақиллигини тан олмай келмоқда. Фаластин мустақиллигини нафақат АҚШнинг ўзи балки унинг яқин иттифоқчилари бўлган Ғарбий Европа давлатлари, Канада, Австралия ва Мексика ҳам тан олмаган.

АҚШ Фаластинга нисбатан қўллаб келаётган нохолис сиёсатини XXI асрда ҳам давом эттирмоқда. Бир неча йил аввал ЮНЕСКО Фаластинни ўз сафига тенг ҳуқуқли аъзо қилганда АҚШ бу ташкилотдан чиқиб кетди.

2012 йилда БМТ Фаластинга кузатувчи мақомини берганда ҳам АҚШ бунга қарши чиққан давлатлардан бири бўлганди.

АҚШ президенти Барак Обама ва Исроил бош вазири Шимон Перес.
Фото: Getty Images

Фаластиннинг БМТда кузатувчи мақомини олиши

Фаластиннинг БМТ таркибидаги ташкилотлар ишида қатнаша бошлаши тарихи 1970-йилларда бошланган. 1974 йилда БМТ махсус резолюцияси қабул қилинади ва унга кўра Фаластин озодлик ташкилоти БМТ Бош ассамблеясида кузатувчи мақомини олади.

1986 йил 2 апрел ФОТ БМТ Бош ассамблеясида Осиё давлатлари гуруҳининг аъзоси бўлади. Бироқ бу статуслар Фаластиннинг БМТда тўлақонли аъзо бўлганини англатмасди.

1989 йилда Жазоир, Мавритания, Нигерия ва Сенегал ЮНЕСКОга мурожаат қилиб, Фаластинни мустақил давлат сифатида ўз сафига қабул қилишини сўрашади. Бироқ ўша пайтда ЮНЕСКО АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларнинг босими остида бу сўровни рад этади.

1998 йилда БМТ Бош ассамблеяси Фаластин масаласида янги резолюция қабул қилади. Унда Фаластинга Бош ассамблеядаги аъзолик бўйича қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилганди.

Жумладан, Фаластин вакиллари Бош ассамблея йиғинларида тўлақонли қатнашиши, қабул қилинадиган резолюцияларда ҳаммуаллиф бўлиши, Яқин Шарқдаги муаммолар муҳокама қилинганда чиқишлар қилиши ва бошқа ваколатлар кўзда тутилганди.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос БМТ йиғинида.
Фото: Getty Images

Ўшанда бу резолюцияни дунёнинг 124 та давлати қўллаб овоз беради. Тўртта давлат – Исроил, АҚШ, Маршалл ороллари ва Микронезия қарши чиқади.

АҚШ бир томондан Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиши мумкинлигини гапирса, иккинчи томондан буни умуман хоҳламайди.

Жумладан, 2010 йилда АҚШ президенти Барак Обама БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқида агар Араб-Исроил можаросида келишувларга эришилса, бир йилдан сўнг Фаластин БМТга тўлақонли аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиради.

Бироқ орадан бир йил ўтгач, АҚШ Фаластин масаласида умуман тескари иш қилади.

Яъни 2011 йил сентябрда Фаластин БМТга тўлақонли аъзо бўлиш учун навбатдаги аризани топширади. Бироқ АҚШ бу масала Бош ассамблеяда кўриб чиқиладиган бўлса вето қўйишини маълум қилади.

Ўша йили Фаластин ЮНЕСКОнинг тўлақонли аъзоси бўлади. Орадан бир йил ўтиб, 2012 йил 29 ноябр куни БМТ Бош ассамблеясида Фаластинни ушбу ташкилотга кузатувчи сифатида қабул қилиш масаласи овозга қўйилади.

Шунда 138 та давлат Фаластинни қўллаб, 9 та давлат қарши овоз беради.Улар орасида АҚШ ҳам бор эди.  41 та давлат бетараф қолади. Шу тариқа 1988 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган Фаластин орадан 24 йил ўтиб, мутлақ кўпчилик овоз билан БМТда кузатувчи мақомига эга бўлади.

Фаластин БМТда кузатувчи мақомини қўлга киритгач, орадан бир неча ой ўтиб, 2013 йил 5 январда Маҳмуд Аббос Фаластин маъмурияти номини Фаластин давлати деб ўзгартириш ҳақидаги фармонга имзо чекади.

Фаластин байроғи Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳи олдида.
Фото: stock.adobe.com

Фаластин ЮНЕСКОга аъзо бўлиши ва бунга АҚШнинг қарши чиқиши

2011 йил 31 октябрда БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўлими бўлган ЮНЕСКО умумий овоз бериш йўли билан Фаластинни ўз аъзолигига қабул қилади.

Бунга 107 давлат рози, 52 давлат бетараф, 14 давлат қарши бўлади. АҚШ, Исроил, Канада, Германия, Австралия, Швеция каби давлатлар қарши чиққанлар томонида эди.

Сал аввал бу масала кун тартибига чиққанда, АҚШ агар Фаластин ташкилот сафига қабул қилинса, ЮНЕСКОга аъзолик бадали тўламаслигини билдиради. Исроил Американинг бу ишини қўллаб-қувватлайди.

Ўша пайтларда АҚШ ташкилот учун йилига 70 миллион доллар атрофида маблағ ажратар ва бу ташкилот харажатларининг тахминан 20 фоизи дегани эди.

Шу ўринда савол туғилади: Фаластин ЮНЕСКОга тўлақонли аъзо қилиб олинса, бундан АҚШ манфаатларига қандай зарар етади?

Гап шундаки, ЮНЕСКО Исроилни Фаластиннинг бир қисмини босиб олган босқинчи давлат деб ҳисоблайди ва ҳозирги кунда Исроил назоратида бўлган Қуддус шаҳрининг бир қисмини ҳам Фаластин ҳудуди деб билади.

АҚШга ЮНЕСКОнинг мана шу позицияси ёқмайди ва ўзининг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиси бўлган Исроилнинг тарафини олиб, ЮНЕСКО билан келишмовчиликка борди.

ЮНЕСКО бош қароргоҳи.
Фото: stock.adobe.com

Ўшанда, кўпчилик АҚШ ЮНЕСКОга пул беришни тўхтатса бу ташкилотда молиявий қийинчилик юз бериши ва ташкилот АҚШга ён беришини кутганди.

Аммо ЮНЕСКО ён беришни истамайди ва агар АҚШ аъзолик бадалини тўламаса, уни ташкилот ишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишини эълон қилади.

АҚШ 2011 йилдан ЮНЕСКОга аъзолик бадалини тўлашни тўхтатди. Ташкилот ҳам ўз сўзида туриб АҚШни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Кейинчалик, келишмовчилик шу даражага етдики, ЮНЕСКОнинг ўзига ён беришидан батамом умидини узган АҚШ 2017 йилда бу ташкилот сафидан чиқиш ҳақида қарор қабул қилди.

2018 йил 31 декабрдан бошлаб АҚШ ЮНЕСКО аъзолигидан расман чиқиб кетди ва шунчаки кузатувчи мақомида қолди.

Маълумот ўрнида: АҚШ 1984 йилда Рейган бошқаруви даврида ҳам ЮНЕСКОни «АҚШга қарши хатти-ҳаракатлар қилганлик»да айблаб, ташкилот сафидан чиққан ва 2003 йилда қайта аъзо бўлган эди.

Воқеалар ривожига кўра, ЮНЕСКО Фаластинни ўз сафига қўшиб олиши, бундан норози бўлган АҚШнинг бу ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиши Барак Обама президентлик қилган йилларга тўғри келади. АҚШнинг ЮНЕСКО аъзолигидан чиқиб кетиши Дональд Трамп президентликка сайланганидан сўнг содир бўлган.

Бу шуни англатадики, АҚШда ким ва қайси партия вакили президент бўлишидан қатъи назар Американинг Фаластинга нисбатан юритган нохолис сиёсати давом этаверган. Бу ҳолат ҳанузгача давом этиб келяпти.

АҚШ президенти Кичик Жорж Буўш ва Исроил бош вазири Шимон Перес.
Фото: alamy.com

Трамп давридаги АҚШнинг Фаластинга нохолис сиёсати ва «Аср келишуви»

2011 йилда ЮНЕСКО аъзолиги, 2012 йилда БМТда кузатувчи мақоми олиш Фаластин халқаро майдонда янада кенгроқ тан олинишига сабаб бўлади. Бунинг устига, ЮНЕСКОнинг Фаластинни деб АҚШ билан зиддиятга боргани ва ўз қарорида қатъий тургани ҳам Фаластиннинг фойдасига ишлади.

Бу воқеалар яқин йилларда Фаластин БМТнинг доимий аъзоси бўлиш жараёнини ҳам тезлатиб юбориши мумкин. Буни вақт кўрсатади.

АҚШда Доналд Трамп президент бўлган 2016-2020 йилларда бу давлат Фаластин билан боғлиқ воқеаларда нохолис сиёсат юритишда давом этди.

Жумладан, ЮНЕСКОдан чиқиб кетди. Сўнг Фаластиннинг яқин йилларда БМТга тўлақонли аъзо бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, бунга қарши «Аср келишуви» режасини илгари сурди.

Доналд Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу
Фото: alamy.com

«Аср келишуви»да Фаластинга нималар таклиф этилганди?

Режага кўра, Исроил, Фаластинни озод қилиш ташкилоти ва ҲАМАС ҳаракати «Янги Фаластин» деб номланадиган Фаластин давлати ташкил этилиши ҳақидаги келишувни имзолайди.

Бу давлат ҳудуди бугун Исроил томонидан эгаллаб олиниб, яҳудийлар учун турар жой қурилган ерлардан ташқари, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторини ўз ичига олади.

Шунингдек, режага кўра, Қуддус бўлинмайди ва «Янги Фаластин» ҳамда Исроилнинг умумий пойтахти мақомини олади. Шаҳарнинг араб аҳолиси Фаластин давлати фуқаролари бўлади. Уларга яҳудийларнинг уйларини, яҳудийларга эса араб уйларини сотиб олиш тақиқланади.

«Янги Фаластин» Мисрдан Ғазо сектори яқинидаги ерларни ижарага олади. Бу ҳудудда аэропорт, фабрикалар, қишлоқ хўжалиги ишлари ва савдо учун ҳудудлар яратилади.

Ижарага олинадиган ҳудудларнинг ўлчами ва нархини келишувни қўллаб-қувватловчи томонлар – АҚШ, Европа Иттифоқи ва Форс кўрфази давлатлари белгилайди. Бу давлатлар «Янги Фаластин»га миллий лойиҳалар учун 5 йил давомида 30 млрд доллар беради.

«Аср келишуви»га кўра, Фаластин давлатида армия бўлмайди, фақат полиция ходимларида енгил қуроллар бўлади. Келишув имзоланганидан сўнг, ҲАМАС ўз қуролларини топширади. Бир йил ичида Фаластинда сайловлар ўтказилади. Иордан дарёси водийси Исроилга тегишли бўлади.

Трамп таклиф этган «Аср келишуви»да Фаластин ҳудуди шундай бўлиши белгиланганди.

ҲАМАС ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти таклифлардан воз кечгудек бўлса, АҚШ фаластинликларга молиявий ёрдамни блоклаб қўяди. Агар Фаластинни озод қилиш ташкилоти келишувга рози бўлса-ю, ҲАМАС рози бўлмаса, ҳаракат етакчилари жавобгарликка тортилади. Мабодо Исроил ва ҲАМАС ўртасида ихтилофлар авж олса, АҚШ Исроилни қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

«Аср келишуви»га қаршилар

Дональд Трамп ва унинг маъмурияти томонидан Фаластинга таклиф этилаётган «Аср келишуви»нинг тафсилотлари оммага ошкор бўлгач, дунёдаги кўплаб давлатлар раҳбарлари бу келишувда таклиф этилган режаларга қарши чиқди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний яна бошқалар ва Европа Иттифоқи вакиллари унда илгари сурилаётган режаларни танқид қилиб чиқишди.

Лойиҳани танқид қилганларнинг барчаси «Аср келишуви»да Исроил манфаатлари биринчи ўринга қўйилиб, Фаластин манфаатлари мутлақо инобатга олинмаганини билдиришади.

Жумладан, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел шундай деб баёнот беради:

«Биз АҚШнинг Иордан водийси ва ғарбий соҳилдаги бошқа ҳудудларнинг аннексияси эҳтимоли тўғрисидаги баёнотларидан хавотирдамиз. Халқаро меъёрлар ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига мувофиқ, Европа Иттифоқи Исроилнинг 1967 йилдан кейин босиб олинган ҳудудлар устидан суверенитетини тан олмайди».

Йозеп Боррел.
Фото: alamy.com

Яна бир иккиюзламачилик – элчихоналарнинг Қуддусга кўчирилиши

1947-1949 йилларда бўлиб ўтган Араб-Исроил урушида ғалаба қозонган Исроил Фаластин ерларини ўзлаштиришни Қуддусдан бошлайди. Аввалига уруш пайтида БМТ резолюциясига зид равишда бу шаҳарни босиб олади.

Сўнг 1950 йил 23 январ куни Исроил парламенти Қуддусни мамлакат пойтахти бўлиши учун овоз беради.

1967 йилда бўлиб ўтган Араб-Исроил урушидан сўнг Исроил Қуддусни тўлиқ ўз назоратига олади. 1980 йилда Исроил парламенти бутун шаҳарни мамлакат пойтахти қилиш учун овоз беради.

Исроил Қуддусни ўз пойтахти деб эълон қилганидан сўнг 1995 йилда АҚШ Конгресси мамлакатнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авив шаҳридан Қуддусга кўчириш ҳақида қарор қабул қилади.

Бу иш БМТ резолюциясига зид бўлгани учун халқаро миқёсда танқид қилинади. Шу сабабли ўша пайтда АҚШ президенти бўлиб турган Билл Клинтон пойтахтни кўчиришга шошилмайди.

Ундан кейин АҚШ президенти бўлган Кичик Жорж Буш (2001-2008 йилларда) ва Барак Обама (2008-2016 йилларда) Яқин Шарқда нотинчлик кучайишини эътиборга олиб, элчихонани Қуддусга кўчиришмайди. Бироқ ҳокимият тепасига Доналд Трамп келгач вазият ўзгаради.

Ўзининг чиқишларида Исроил томонида эканини бот-бот таъкидлаган, мустақил Фаластин давлатини йўқ қилиш мақсадида «Аср келишуви» лойиҳасини таклиф этган Трамп 2017 йил 6 декабр куни Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишини эълон қилади.

АҚШнинг иккиюзламачилиги шу билан тугамайди. 2017 йил 18 декабр куни БМТ хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 14 таси Қуддуснинг статуси ўзгаришига ва унинг Исроил пойтахти бўлишига қарши резолюция қабул қилиниши учун овоз беради. Бироқ АҚШ бу резолюцияга вето қўяди.

Кейин эса элчихонани Тел-Авивдан Қуддусга кўчиради ва 2018 йил 14 май куни унинг очилиш маросимини ўтказади.

Қуддусда АҚШ элчихонасининг очилиш маросими.
Фото: stock.adobe.com

Ўшандан буён бир қанча давлатлар ўзининг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчирди. Агар рўйхатга эътибор берилса, уларнинг аксарияти Фаластин мустақиллигини тан олмаган ғарб давлатлари эканини кўриш мумкин.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид