Жамият | 12:50 / 20.07.2024
9435
2 дақиқада ўқилади

Қибрайда 10 ёшли қизини 2 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл 8 йилга қамалди

У келишган пулдан 500 долларини олганда тезкор тадбирда ушланган. Аёл судда оилада ёлғиз боқувчи эканини, қандли диабет касаллигига чалинганини ҳамда фарзандларини боқишга қийналгани сабабли бу ишга қўл урганини билдирган.

Фото: iStock

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ўз фарзандини сотмоқчи бўлган 35 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Ҳукмда келтирилишича, 1989 йилда туғилган З.А.нинг 2011 йилда туғилган ўғли ва 2014 йилда туғилган қиз фарзанди бўлган. Турмушидан ажралган аёл ижара асосида Чирчиқ шаҳрида яшаб келган.

Аёл 2024 йил 29 март куни ўзининг яшаш хонадонида 2014 йилда туғилган қиз фарзандини 2 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.

Аёл суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, бу ишга фарзандларини боқишга қийналгани сабабли қўл урганини айтган.

Ўғлим ногирон, оилада ёлғиз боқувчиман. Фарзандларимни интернет тармоғида ва Тошкент шаҳридаги Чорсу бозорида кийим-кечак сотиш орқали боқиб келганман. Ўзим қандли диабет касаллигига чалинганман. Шунингдек, буйрагининг ҳам бир қисми ишламайди. Шу сабабли, оғир меҳнат билан шуғуллана олмайман.

Фарзандларимни боқишга қийналганим туфайли қизимни фарзандга муҳтож, ўзига тўқ оилага беришни режалаштиргандим. Уни сотиш мақсадим бўлмаган”, деган аёл. У қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан ўзига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгил жазо тайинлашни сўраган.

Аммо аёлнинг қилмиши гувоҳлар ва бошқа далиллар билан тўлиқ ўз исботини топган.

Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судининг 2024 йил 26 июндаги ҳукми билан З.А. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Олдинроқ Самарқандда 3 ёшли қизини сотмоқчи бўлган аёл 6 йилга қамалганди.

Мавзуга оид