Самарқандда 3 ёшли қизини сотмоқчи бўлган аёл 6 йилга қамалди
Пахтачи туманида яшовчи 34 ёшли аёл ўз фарзандини 150 млн сўм ва 5 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлганида тезкор тадбирда қўлга олинган. У судда ушбу жиноятга турмуш ўртоғига аччиқ қилиб қўл урганлигини билдирган.
Самарқандда 3 ёшли фарзандини сотиб юбормоқчи бўлган 34 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Ҳукмда келтирилишича, 5 фарзанднинг онаси бўлган Ф.М. ўзининг 2021 йил июл ойида туғилган қизини 150 млн сўм ва 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулга сотмоқчи бўлган. У 2024 йил 9 апрел куни келишилган пулдан 5 минг АҚШ долларини олиб, вояга етмаган фарзандини “харидор”га берган вақтида тезкор тадбирда қўлга олинган. Ф.М. пулни банкда ҳисоб рақам очиб, шунга қўймоқчи бўлган.
Судда сўроқ қилинган аёл “харидор” бир неча бор фарзандларидан бирини унга беришни сўраганлигини, аммо ўзи буни истамаганлигини, турмуш ўртоғи билан шу масалада жанжаллашиб қолганлигини билдирган.
“Жанжалдан сўнг турмуш ўртоғим уйдан чиқиб кетиб, кечда маст ҳолатда қайтди. У билан эрталабгача оғзаки жанжаллашиб чиқдик. Эрталаб турмуш ўртоғим кунингни ўзинг кўр, дея уйдан чиқиб кетди. Шундан сўнг болани сўраётган аёл билан кўришдим. Боламни сотиш ниятим йўқ эди, турмуш ўртоғимга аччиқ қилиб шу жиноятга қўл урдим. Фарзандимни яхши кўраман, уни ҳеч кимга бермайман”, деган аёл.
Судланувчи айбига қисман иқрор бўлиб, ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судининг 2024 йил 20 июндаги ҳукми билан Ф.М. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Олдинроқ Қашқадарёда 8 кунлик чақалоғини 190 млн сўмга сотмоқчи бўлган эр-хотинга суд ҳукми билан жазо тайинланганди.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024