Иқтисодиёт | 20:02 / 19.05.2024
13278
11 дақиқада ўқилади

“Оқибатлар билан курашиляпти” — минимал экспорт нархлари эътирозларга сабаб бўлмоқда

Айрим маҳсулотлар экспортида минимал нархлар белгиланиб, шу нархдан паст экспорт қилганлар жазоланадиган бўлди. Kun.uz суҳбатлашган экспортчи тадбиркор ва иқтисодчилар буни иқтисодиётга давлат аралашувининг кучайиши деб баҳолади. ССП раиси минимал нархлар нега керак бўлганига изоҳ берди.

Ўзбекистонда тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотлари ва электр жиҳозларига минимал экспорт нархлари жорий этиляпти. Экспортчилар белгиланган минимал экспорт нархларидан паст нархда экспорт қилса, жазоланади. Бу норма 11 май куни қабул қилинган ҳукумат қарорида назарда тутилган.

Минимал экспорт нархлари жорий этиладиган тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари рўйхати Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Қарорга кўра, Божхона қўмитаси бу қоидага амал қилмаган тадбиркорлар ҳақида 24 соат ичида Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментини хабардор қилади, улар эса қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриши шарт.

Айни пайтда Kun.uz суҳбатлашган иқтисодчилар ва Европа бозорларига тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қиладиган тадбиркор нархларни сунъий тартибга солиш ёмон оқибатларга олиб келишидан хавотирланмоқда.

“Ўрта ва кичик тадбиркорларнинг зарарига ишлайди” — Наргиза Мухторова, экспортчи тадбиркор

— Нарх белгилашда давлатнинг аралашуви нотўғри, чунки бу эркин бозор. Мен экспорт қиладиган давлатларда бунақа нарса кўрмаганман. 7 йилдан зиёд Туркиядан экспорт қилганман, Бангладешда ишлаганман, лекин Ўзбекистонда 2 йилдан бери экспорт билан шуғулланаман. Бунақа нарса чиқиши эртага нархлар эълон қилинганидан кейин қанчалик таъсир қилишини айтишимиз мумкин. Бу катта фабрикалардан чиққан таклиф бўлиши мумкин, лекин ўрта ва кичик тадбиркорларнинг зарарига ишлайди. Эркин бозор, эркин иқтисодий муҳит бўлса, рақобат бўлиши табиий, давлат томонидан контрол қилиниши керак эмас. Таннарх 2 долларга чиқса, уни ҳеч ким 1 долларга сотмайди-ку. Лекин давлат буни 3 долларга сотасан, 2 долларга эмас, деб давлат аралашса, бизнес мижоз базасини йўқотишига олиб келади. Хорижлик ҳамкорлар бизнинг бозорни жуда яхши билишади, қайсидир бозордан товар олишдан олдин бозорни яхшилаб ўрганишади. Агар ҳар битта товар бўйича минимал нархлар эълон қилинса, уларнинг бизга қизиқиши камаяди. Катта фабрикалар оёқда қолади, ўрта корхоналарга қийин бўлади. Чунки ҳозир ҳамма кластерлар бўлиб кетган, ҳамма ўз нархини ўзи белгилайдиган тенденция кетяпти.

Давлат ўз манфаатини ҳимоя қилиб, фойда солиғини ўйлаб бу тартибни ишлаб чиқаётган бўлиши мумкин, буни тўғри тушунаман. Ўзи икки хил экспортёр бор, биттаси фақат мижознинг бренди учун ишлаб беради. Масалан, қайсидир давлатдан буюртма келади, буюртмани тикиб бериб жўнатади, яъни экспорт қилади. Иккинчиси, жуда кам Ўзбекистонда, ўзининг товарини ўз номи билан четда сотади. Бу уларга таъсир қилади. Ўзимнинг ҳам Германияда фирмам бор, ўзимга ўзим экспорт қилган пайтларим бўлади. Ўша пайтда нархни ўзим белгилайман, зараримга белгиламайман-ку. Германияда фойда солиғи 40 фоиз. Бу нарсалар ўйланади.

Қонун ишлаб чиқилаётган пайтда фақат экспортёр фирмаларга нисбатан фақат Ўзбекистон нуқтайи назаридан эмас, қайси давлатларга экспорт бўлаётган бўлса, ўша давлатларнинг қоидаларидан келиб чиқиш керак. Бу тартиб мижозларга қандай таъсир қилади-ю, эртага бизнинг бозоримизга, ишлаб чиқарувчиларимизга қанақа таъсир қилади, ўйлаш керак.

“Сабаблар билан эмас, оқибатлар билан курашяпмиз” — Отабек Бакиров, иқтисодчи

— Қарорда бу тартиб экспорт тушумини яширишга қарши чора сифатида талқин қилиняпти. Яъни яна оқибатлар билан курашиляпти. Тадбиркорлар экпортини яширяпти деб ўйлашяпти. Ҳар ҳолда қарорда шундай тезислар бор. Биз бунинг сабабларини ўргандикми, нима учун экспортчилар ислоҳотларнинг 7-йилига келганда экспортини яширишга уриняпти, нима билан боғлиқ бу? Қонунчилик билан боғлиқми? Ўзаро ҳисоб-китоблар билан боғлиқми? Кўп ҳолатларда экспортчилар янги бозорларни кашф этиш учун ўзига ўзи экспорт қилади. Балки шу билан боғлиқдир. Биз экспорт тушумини яширишнинг сабаблари билан курашиш ўрнига, оқибатлар билан курашишга ўтяпмиз.

Қарор лойиҳаси муаллифи – Савдо-саноат палатаси

Кun.uz'га айни масалада интервю берган палата раиси Даврон Ваҳобовнинг айтишича, экспортчилар берилган имтиёзларга қарамай, маҳсулотларнинг нархини паст кўрсатиб, экспорт тушумини яширишга уриниб келмоқда. Шу сабабли минимал экспорт нархларини белгилашга эҳтиёж туғилган.

“Чарм-пойабзал, электротехника ёки тўқимачилик маҳсулотлари қандай қилиб ички бозордаги нархлардан 5 баробар арзон бўлиши мумкин? Ўргандикки, чарм-пойабзал оёқ кийими 8 минг сўмдан 12 минг сўмгача божхона чегарасидан ўтяпти. Бу салбий тарафлари нимада дейдиган бўлсак, бугунги кунда экспортёр маҳсулотни таннархидан арзон сотишига ҳеч қандай жарима йўқ. Сабаби давлат тарафидан экспортёрларга турли имтиёзлар берилган. Экспортёр ўзи хоҳлаган нархида сотади. Экспортёрга бундай шароит нимага бериляпти? У солиқ имтиёзларидан фойдаланиши учун ўзининг шаффоф тушумини кўрсатиши керак. Мақсадимиз, МДҲга маҳсулот экспорт қиладиган бўлса, ишлаб чиқарувчи маҳсулотини шаффоф кўрсатаман деса, у ерда таклиф 30-40 фоизга арзон чиқяпти. Натижада ўзимизнинг ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини у ерга олиб бориб сота олмайдиган ҳолат юзага келяпти. Ўртадаги бино иншооти йўқ корхона оёқ кийимни 5 баробар арзонга сотяпти. Охирги сотиб олувчи бундан фойдаланиб қолаётгани муаммога айланяпти. Ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам ишчи ўрнини кўрсатмай, солиқдан қочиб арзонга сотишим керак деган нарсага олиб келяпти.

Жарима йўқ-ку, 1 долларлик нарсани 20 цент этиб кўрсатяпмиз, 20 цент ҳисобрақамига тушириб, 80 центни нақд олиб келяпмиз. Муаммо нимада? Олдин 180 кун деган қарзга экспорт қилиш деган нарса бўлмаган, 100 фоиз олдиндан тўлов тушиши керак эди, Бу имкониятлар берилди, ҳамма солиқ имтиёзлари қўлланиб, жарима солиқлар бекор қилинди. Тадбиркорлар 20 центни ҳсобрақамига тушириб, 80 центини нақд олиб келяпти. Муаммо бу ерда йўқ. Россияда курс фарқида муаммо бор, 1 фоиздан 3 фоизгача. Рублда экспорт қилса, 1-3 фоиз йўқотиш эҳтимоли бўлиши мумкин, ягона муаммо шу бўлиши мумкин”, – деди ССП раиси.

Унинг қўшимча қилишича, нархларни давлат эмас, балки соҳадаги энг йирик 20 нафар тадбиркорлардан тузилган ишчи гуруҳлар шакллантиради. Айни пайтда тўқимачилик, чарм саноати ва электротехника соҳаларидаги йирик бизнес эгаларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган.

“Ҳукумат комиссияси орқали нархи белгиланадиган маҳсулотларнинг рўйхати шакллантириляпти, учта тармоқ бўйича республикадаги энг илғор, 1 млн доллардан 20 млн долларгача экспорт қилаётган экспортчиларнинг ўзи нархларни белгилайди. Бу ерда сиз айтгандек, давлат нарх белгилаётган жойи йўқ. Давлат қонуний чораларини қилиб беряпти, нархларни тадбиркорларнинг ўзи белгилайди”, – дейди у.

“Тушумни яширмоқчи бўлган тадбиркор шунчаки бошқа йўл топади”

Тадбиркор Наргиза Мухторованинг айтишича, йирик ишлаб чиқарувчилар ҳамма тадбиркорлар учун нарх белгилаши тўғри эмас.

“Комиссия аъзоларининг рўйхатини кўриб чиқдим, улар республикадаги энг йирик бизнес эгалари, уларнинг шароитлари билан ўрта бизнеснинг шароитлари ҳар хил. Бошқа давлатларда экспортчи агентликлар бор. Шунақа нарсалар экспорт ҳажмини оширади, бизда бунақа агентликлар пайдо бўлишига йўл қўйилмайди. Чунки ишлаб чиқарувчи бўлмаса, солиқлар кўпроқ олинади. Нима учун экспортчи экспорт қиляпти-ку, нима фарқи бор? Нарх белгилашда 20 та қайсидир корхона бутун бошли 20 мингдан зиёд ишлаб чиқариш корхоналари учун нарх белгилаши нотўғри деб ҳисоблайман”, – дейди Наргиза Мухторова.

Иқтисодчилар эса нархларни кимдир белгилаб бериши оқибатида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга замин яратилишидан хавотир билдирди.

“Экспортчилар ростдан ҳам тушумларни яширяпти деб ҳисобланилса, улар барибир бу йўлдан қайтмайди. Энди бошқа йўлга ўтади. Энди у массада ёки ҳажмда манипуляцияга ўтишга ҳаракат қилади. Ёки божхона органлари билан коррупцион харажатга киришишга ҳаракат қилади. У экспорт тушумининг бир қисмини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш ҳаракатида экан, бошқа экспорт шартномалар билан хизматлар кўрсатишга оид бошқа импорт шартномалар билан маблағларни четга олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Мотивларни ҳимоя қила оладиган аргументларни кўрмаяпман”, – дейди Отабек Бакиров.

Иқтисодчининг фикрича, агар нархларни белгилаш масаласи кун тартибига қўйилса, бу жараён шаффоф бўлиши керак.

“Биз қарорда ҳали нархлар иловасини кўрмадик. Ҳеч бўлмаса тадбиркорлар билан учрашиш керак. Фақат танланган тадбиркорлар билан эмас.

Яқинда минимал нархларни мева ва сабзавотларга белгилашди ва буни тавсия этиладиган нарх деб эълон қилишди. Жазо йўқ, тавсиявий нарх дейишган эди, 15 кун ўтгани йўқ, бу тавсия этиладиган нархлар минимал нархларга айланиб қолди. Бугунги минимал нархларга қараяпман, бу йил деҳқонлар пиёз экиб хонавайрон бўлди. Пиёзнинг экспорт нархи 18 цент этиб белгиланяпти. Сиз биласизми даланинг бошида тадбиркорлар пиёзни 300-400 сўмдан сотяпти. Қўйлиқда ҳам 18 центга пиёз сотилмаяпти. Биттагина мисол бу. Эртага мато бўйича, тайёр маҳсулот бўйича исталган нарх қўйилмаслигига ким кафолат беради? Тадбиркор 1,5 доллардан эмас, 1,45 доллардан маҳсулот экспорт қилса, бориб ўзининг туя эмаслигини исботлаши керак. Умуман текстил нималигини билмайдиган одамларга исботлаши керак”, – дейди у.

Иқтисодчи Зокир Усмоновнинг фикрича, қайсидир ташкилотларга жазолаш ёки чеклаш ваколатларини бериш савдо қоидаларига тўғри келмайди. Бу муайян муаммоларни келтириб чиқаради.

“Бозор иқтисодиётининг ўз қоидалари бор, бунга давлат аралашуви ёмон оқибатларга олиб келади. Электротехника маҳсулотлари мураккаб маҳсулотлар бўлгани учун ҳар куни нархлар ўзгариши қийин, бир қолипда туради, бошқа маҳсулотларда эса нархлар тез ўзгаради. Лекин билиб бўлмайди, нархлар ўзгаришига таъсир қиладиган омиллар юзага келиши мумкин. Ваколат берилиши албатта суиистеъмолга олиб келади”, – дейди у.

Бу ҳужжат президент ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши муҳокамаси ва Адлия вазирлигининг экспертизасидан ўтказилмаган. Буни ССП раиси Даврон Ваҳобов қуйидагича изоҳлади.

“Бу қарор муҳокама қилинмаган, бу тадбиркорларнинг ўзининг ташаббуси. Менинг шахсан ўзим ташаббус билан чиқдим, биз биринчи ўринда ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлашимиз керак. Соҳанинг лидер тадбиркорлари билан бу муҳокама қилинди. Соҳа тадбиркорлари кенгашда бор”, – деди у.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид