Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вьетнам тарихидаги энг қиммат мегалойиҳага қўл урмоқда
Вьетнам мамлакат тарихидаги энг қиммат ва энг йирик инфратузилма лойиҳасини амалга оширишга киришмоқда. Қиймати 67 миллиард доллар деб баҳоланаётган “Шимол — Жануб” тезюрар темирйўл магистрали мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан 17 фоизига тенг маблағни талаб қилади. Мутахассислар бу лойиҳани Вьетнам учун ёки иқтисодий сакраш, ёки катта молиявий хавф сифатида баҳоламоқда.
Фото: Rayon Design
Сўнгги йилларда Вьетнам Осиёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодиётларидан бирига айланди. Мамлакатда қурилиш буми кузатилмоқда — янги аэропортлар, йирик терминаллар, стадионлар, автомагистраллар ва бошқа инфратузилма объектлари кетма-кет барпо этилмоқда. Жаҳон банки прогнозларига кўра, иқтисодий ўсиш яқин йилларда ҳам давом этиши кутилмоқда.
Ана шу шароитда Вьетнам ҳукумати мамлакатнинг шимоли ва жанубини боғлайдиган улкан тезюрар темирйўл қуриш ташаббуси билан чиқди. Лойиҳа Ханой, Дананг ва Хошимин каби асосий иқтисодий марказларни бирлаштирадиган 1541 километрлик магистрални ўз ичига олади.
Ҳозирги темирйўл тизими XIX аср охирида Франция мустамлакачилиги даврида қурилган инфратузилмага асосланган. Мамлакат ҳалигача деярли ўша темирйўл тармоғидан фойдаланиб келмоқда. Бугунги кунда темирйўл юк ташишнинг атиги 6 фоизини таъминлайди, чунки тизим жуда секин ва эскирган. Хошиминдан Ханойгача бўлган сафар баъзан 35 соатгача чўзилади. Кўплаб йўналишлар бир изли бўлиб қолмоқда ва доимий таъмир талаб қилади.
Янги магистрал ишга тушса, икки йирик шаҳар ўртасидаги сафар вақти тахминан 6 соатгача қисқаради. Лойиҳа нафақат транспорт тизимини яхшилаши, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам катта таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Мутахассислар фикрича, тезюрар темирйўл қишлоқ ҳудудларини йирик шаҳарлар билан яқинлаштиради, меҳнат бозорини фаоллаштиради, савдо ҳажмини оширади ва инвестиция оқимини кучайтиради.
Вьетнам бу борада Япониянинг машҳур “Синкансэн” тезюрар поездлари тажрибасидан илҳомланмоқда. 1960-йилларда Япония эски темирйўлларни модернизация қилиш ўрнига мутлақо янги юқори тезликдаги магистрал қуришга қарор қилган эди. Натижада “Синкансэн” мамлакат иқтисодий мўъжизасининг муҳим омилларидан бирига айланди. Бугун ушбу тизим йилига 400 миллиондан ортиқ йўловчи ташийди ва уланган ҳудудларда меҳнат унумдорлиги тахминан 20 фоизга ошгани қайд этилган.
Бироқ Вьетнамдаги лойиҳа олдида жиддий муаммолар ҳам бор. Мамлакат ҳудудининг катта қисми тоғлар, дарёлар ва ботқоқликлардан иборат. Мутахассислар маълумотига кўра, Вьетнам ерларининг фақат 20 фоизи нисбатан текис ҳудуд ҳисобланади. Шу сабабли темирйўлнинг қарийб 10 фоизи туннеллар орқали, 60 фоизи эса кўприк ва эстакадалар устида қурилади. Бу эса қурилиш харажатларини кескин оширади.
Қурилиш ишларига иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфлар ҳам таъсир кўрсатмоқда. Тайфунлар, кўчкилар ва тошқинлар Вьетнам учун тобора жиддий муаммога айланиб бормоқда. Шунингдек, магистрал Меконг дарёси дельтаси орқали ўтиши режалаштирилган бўлиб, бу ҳудуд юмшоқ ва беқарор тупроқлари билан машҳур.
Таҳлилчилар яна бир муҳим масалага эътибор қаратмоқда: лойиҳа соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий соҳалар учун ажратиладиган маблағларни қисқартириши мумкин. Шу билан бирга, Ханой ва Хошимин ўртасида ҳозирнинг ўзида дунёдаги энг банд авиайўналишлардан бири мавжуд ва ички авиачипталар нисбатан арзон ҳисобланади.
Шунга қарамай, Вьетнам ҳукумати тезюрар поезд тарифлари авиачипталар нархининг тахминан 75 фоизи даражасида бўлишини режалаштирмоқда. Ҳукумат фикрича, бу йўловчиларнинг катта қисмини темирйўлга жалб қилиш имконини беради.
Экспертлар таъкидлашича, мазкур магистрал нафақат транспорт тизимини, балки бутун мамлакат иқтисодий географиясини ўзгартириши мумкин. У меҳнат миграцияси, кўчмас мулк бозори, шаҳарлар ривожланиши ва ишлаб чиқариш занжирларига катта таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Бироқ бундай масштабдаги лойиҳа деярли хатосиз амалга оширилишини талаб қилади. Чунки бу каби мегалойиҳалар мамлакат учун ё иқтисодий тараққиёт пойдеворига, ёки ўн йиллаб давом этадиган молиявий юкка айланиши мумкин.
Мавзуга оид
17:59 / 20.04.2026
Социалистик лагердаги бўлиниш — икки дўст давлат, Хитой ва Ветнам нега урушганди?
14:17 / 27.02.2026
Тошкент – Термиз йўналишига тезюрар поездлар қўйилади
12:53 / 24.02.2026
Андижон вилоятида инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилиши кучайтирилади
17:57 / 19.11.2025