Ўзбекистон | 09:58 / 19.05.2022
8671
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда пул эвазига фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди

У фуқарога 2 миллион сўм эвазига имтиҳон натижаларидан қатъи назар ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган.

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 21 апрель куни Жарқўрғон тумани Эскиқишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаро И.Рустамова вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб пул эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни айтаётган шахсга чора кўришни сўраган.

Маълум бўлишича, И.Рустамова 2022 йилнинг апрель ойи Қумқўрғон туманида жойлашган “Ватанпарвар” автомактабида тўлов асосида ўқиган, бироқ ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаган. Жарқўрғон туманида яшовчи ўзига олдиндан таниш бўлган Х.Муҳиддин 2 миллион сўм эвазига Ҳасан исмли таниши орқали имтиҳондан аъло баҳоларга ўтказиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини айтган.

Аризага асосан, жорий йил 25 апрель куни вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Х.Муҳиддин ариза муаллифи И.Рустамовадан талаб қилинган 2 миллион сўмни санаб олган вақтида ушланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 17 май куни Жарқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Х.Муҳиддинга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Нукусда фуқароларга пул эвазига имтиҳонсиз ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бермоқчи бўлган автомактаб ўргатувчиси ушланганди.

Мавзуга оид