“Бу эпидемияга олиб келиши мумкин” — Юнусободда бошланаётган қурилиш хавотирларга сабаб бўляпти
70 йил давомида юқумли касалликларга қарши вакцина ва зардоблар ишлаб чиқарилган тадқиқот институти ўрнида кўп қаватли турар жой қурилиши бошланган. Аҳоли бу ҳудудда эмдорилар синаб кўрилган ҳайвонларнинг жасади кўмилгани, айрим инфекция қўзғатувчи споралар ўлмаслиги ва 100 йилгача сақланиб қолиши, шу сабабдан ҳам ҳудудни ковлаш мумкин эмаслигини айтмоқда.
Юнусобод тумани Шайх Шиблий маҳалласи аҳолисининг тармоқларда тарқалган видеомурожаатида Санитар қоидалар ва меъёрлар қўпол равишда бузилиб, юқумли касалликларга қарши вакцина ва зардоблар ишлаб чиқилган илмий-тадқиқот институти ҳудудида қонунга зид равишда турар жой қуриш бошлангани айтилади.
Маҳалла фуқаролари бу пойтахт Тошкент ва Тошкент вилояти аҳолисини комига тортадиган эпидемияга сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирган.
Видеомурожаатда тилга олинган муассаса Тошкент вакцина ва зардоблар тадқиқот институти ҳисобланиб, бу ерда 70 йилдан зиёд вақт давомида 120 хил юқумли касалликка қарши вакцина ва зардоблар ишлаб чиқилиб, дунёнинг ўнлаб мамлакатларига етказиб берилган.
Шайх Шиблий маҳалласида яшовчиларнинг айтишича, эмдори ва зардоб олишда фойдаланилган ҳайвонлар (эшак, от ва ҳоказолар) жасадини утилизация қилиш учун 3 та Беккери ўраси қурилиб, ишлатиб келинган. Кўплаб инфекция қўзғатувчилар бу ўрада ўлса ҳам, куйдирги касалини қўзғатувчи споралар ўлмайди ва 100 йилгача сақланиб қолади.
“30 йил ичида институт ҳудудида ҳеч қандай қурилиш амалга оширилмади. Лекин нима учундир референдум арафасида бу ерда қандайдир қурувчилар пайдо бўлиб, тинчимизни буза бошлашди. Бу ерга биологик хавфли инфекциялар кўмилган. Микробиологлар буни жуда яхши билишади, у одамларга катта хавф туғдиради.
Мабодо бу ердаги хандақлар очиладиган ёки бу ерда қурилиш қилинадиган бўлса, нафақат бизнинг маҳаллага, балки Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига жуда катта зарар келтиради. Ҳозир ҳамма ёқда вирус, микроб ва бактериялар билан боғлиқ касалликлар кўпайиб бораётган бир пайтда бу муаммо дард устига чипқон бўлади”, дейди маҳалла фаоли Ширин Комилова.
У маҳаллий ҳокимият органлари институт ҳудудида бошланган қурилишни тўхтатишга қурби етмаётганини таъкидлаб, президентдан шу масалада ёрдам сўраган.
Маълум бўлишича, Тошкент вакцина ва зардоблар тадқиқот институти ҳудудида “Biopharm Plyus” МЧЖ томонидан 14 та 22 қаватли, 6 та 16 қаватли турар жой ҳамда меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Буюртмачи вакили маҳалла аҳли билан ўтказилган биринчи йиғилишда институт ҳудудида қилиниши режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берган ва уларнинг эскизларини кўрсатган.
Йиғилишда маҳалла аҳли бунга мутлақо қарши бўлган ва қурилишга розилик бермаслигини билдирган. Амалдаги тартибга кўра, қурилишга доир лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланиши учун шу ерда яшовчи аҳолининг розилигини олиш талаб этилади.
Шайх Шиблий маҳалласида яшовчи фуқароларнинг қаршилигига қарамай, қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаролар ҳар куни оғир техникалар келиб институт атрофини ўраб турган бетон тўсиқларни бузишга уринишаётгани, одамлар ҳар сафар уларни қувиб юбораётгани, бироқ улар қайта-қайта бунга уринаётганидан шикоят қилмоқда.
Шайх Шиблий маҳалласида яшовчи Искандар Йўлдошевнинг айтишича, Санитар қоидалари ва меъёрлари (СанПиН N0350–17)нинг 6.4-моддасига кўра, инфекция бор-йўқлигидан қатъи назар, ўрага кўмилган ўлган моллар қабристони учун санитар-ҳимоя зонаси 1-тоифага киритилган. Ҳужжатда бу зонада уй-жой қурилиши, болалар муассасалари, спорт ва соғломлаштириш масканлари ва ҳоказоларни жойлаштириш ман этилган.
“Куйдирги касалининг споралари қуруқ иссиқда 140 градусда 3 соатда ҳалок бўлади, Беккери ўрасида ҳарорат 65 градусгача кўтарилади, яъни куйдирги касалининг споралари ўлмайди. Ўта хавфли, тез тарқаладиган (эпидемия) куйдирги касалининг споралари мудраб ётибди, унинг тез тарқалиши оғир оқибатларга олиб келади.
14 май куни Тошкент вакцина ва зардоблар тадқиқот институти ҳудудида режалаштирилаётган қурилиш комплекси масаласи бўйича Шайх Шиблий маҳалласи фуқароларининг йиғилишида шу институт директори ўринбосари ҳамда ўша вақтда утилизация билан шуғулланиб келган институт ходими куйдирги касалининг споралари Беккери ямасида борлигини гапириб ўтишди”, – дейди Искандар Йўлдошев.
Унинг қўшимча қилишича, куйдирги касали жуда хавфли ва юқумли бўлиб, унинг 3 хил формаси мавжуд – ўпка, ичак ва тери формалари. Ҳатто ўз вақтида адекват тиббий даволаниш бошланганда ҳам, тери формаси билан касалланган беморларда ўлим ҳолати 10-20 фоизни, ичак формасида 50 фоизни, ўпка формасида 90-95 фоизни, куйдирги менингитида 90 фоизни ташкил этади.
Жамшид Ниёзов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
18:07 / 24.11.2024
ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024