Ўзбекистон | 18:49 / 20.08.2019
24035
5 дақиқада ўқилади

Бутун дунё кимёвий воситалардан воз кечмоқда. Бизда ҳолат қандай?

19-20 август кунлари Тошкент шаҳар Ёшлар маркази биносида «Барқарор қишлоқ хўжалиги» мавзусида 6 - PGRP Осиё Биоўғитлар халқаро анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон Миллий университети ва «Ecobiome Research & Development Ltd» томонидан, «Осиё Биоўғитлар» жамияти, «Auburn» университети (АҚШ), «ICRISAT», «ICAR», «Ҳиндистон» жамиятлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур форум доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ўсимликларнинг турли хил касалликларига самарали ва инновацион тарзда ишлаб чиқарилган сўнгги авлод биоўғитларидан фойдаланган ҳолда қарши курашиш, шунингдек, кимёвий ўғитлардан холи, тоза ва органик мева ва сабзавотларнинг экспортбоп навларини етиштириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида «Ecobiome Research & Development Ltd» жамияти раҳбари Дилфуза Эгамбердиева Kun.uz сайтига халқаро анжуманнинг Ўзбекистон учун аҳамияти борасидаги ўз фикрларини бўлишди.

«Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда халқаро конференциялар жуда кам ташкил қилинади. Бизда шунингдек, илмий йўналишдаги янгилик, илмий янгиликлар билан ишлаш учун эса технологиялар жуда кам. Шу сабабдан ҳам, мазкур анжуманни Ўзбекистонда ташкил қилишга қаттиқ ҳаракат қилдик.

Тадбирнинг ҳомийлари турли давлатларнинг ҳамкор фирмалари ҳисобланади. Ҳалқаро фирмалар эса бизга шунчаки келишмайди, улар илмий йўналишдаги ишланмаларга инвестициялар ҳам олиб келишади. Жумладан, анжуманнинг биринчи кунида биз ҳамкорларимиз билан Ўзбекистонда ҳам йирик биотехнология марказини қуриш бўйича музокаралар ўтказдик. Қурилиши режаланаётган марказда ўз-ўзидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун фойдали бўлган илмий янгиликлар қилинади», дейди у.

Дилфуза Эгамбердиева шунингдек, қишлоқ хўжалигида биоўғитлардан фойдаланиш ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда кимёвий ўғитларнинг ҳиссасини камайтириш борасида дунё давлатларида қилинаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Жумладан, «Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигида ҳали жуда кўп ислоҳотлар қилиниши керак. Иккинчидан, Республикада қишлоқ хўжалигига биоўғитларни жорий қилиш соҳасида саноқли мутахассис иш олиб боради, табиийки, бизда соҳа ҳам яхши ривожланмаган.

Биласизми, ҳозир бутун дунё қишлоқ хўжалигида кимёвий воситалардан воз кечиш жараёни кечмоқда. Супермаркетларда ҳам харид қилиш учун мўлжалланган маҳсулотлар органиқ ва кимёвий турларга ажратиб сотилмоқда. Уларнинг нархларида ҳам фарқ катта. Бунинг сабаби, айнан кимёвий воситалар инсонда турли касалликларни келтириб чиқармоқда. Ҳатто, шундай фунгицидлар борки, уларни ўсимликда қўлланиши оқибатида инсонда рак касаллиги ривожланади.

Бундан ташқари, биздаги статистикалар, айнан кимёвий воситалар таъсирида етиштирилган маҳсулотлар истеъмоли организмда турли ўзгаришларга олиб келаётгани, ҳомиладор аёллар ва улардан туғиладиган чақалоқларда янгича касалликлар ривожланиши кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Шу сабабдан, дунёнинг ривожланган давлатларида кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи фирмалар ёпилиб, биоўғитлар ишлаб чиқарувчи компанияларнинг маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда бу борада ҳали имконият бор, биз биринчи ўринда соҳани яхши биладиган мутахассисларни Ўзбекистонга олиб келишимиз керак. Чунки илмий ишланмалар учун юзлаб лабораторияларингиз бўлсин, унда яхши мутахассис бўлмаса натижа ҳам сезилмайди. Бу жуда жиддий масала, бизда вақт кўп эмас, чунки бундай воситалар аллақачон бизда қўлланилмоқда», дейди «Ecobiome Research & Development Ltd» жамияти раҳбари Дилфуза Эгамбердиева.

Маълумот учун, Осиё Биоўғитлар уюшмаси 2009 йилда АҚШда нотижорат ташкилот сифатида рўйхатга олинган бўлиб, мазкур ташкилот ҳар икки йилда бир марта дунё олимлари, тадқиқотчилар, академиклар, ҳукумат гуруҳлари, талабалар, фермерлар, саноат ходимлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ходимлар билан учрашиб, биоўғитлар, биофунгицид ва биостимуляторларни ўқитиш, тадқиқ қилиш ва тижоратлаштиришда уларнинг умумий манфаатларини муҳокама қилинади.

Ҳиндистон, Хитой, Филиппин, Индонезия ва Вьетнамдан сўнг Ўзбекистонда ўтган олтинчи халқаро анжуманда 500 дан ортиқ делегатлар, 13 та корпоратив ҳомийлар ва 8 та қўллаб-қувватловчи ташкилотлар иштирок этди.

Мавзуга оид