Нуқтайи назар | 17:33 / 14.09.2023
196355
3 дақиқада ўқилади

Литри 1 сўм-у 48 тийин – бизда сув “сувтекин”

Илгари қурғоқчилик деса, Африка болаларини кўрсатар эдик. Агар сувга нисбатан муносабатимиз “сувтекин” шаклида давом этса, яқин келажакда Африка қурғоқчилиги бизнинг болаларимиз бошига ҳам тушади.

Фото: Жонибек Шуҳратов

Халқимизда бирор нарсанинг қадрсиз, жуда арзон эканини ифодалаш учун “сувтекин” ибораси ишлатилади. Дунёнинг бирор бир давлатида бундай аҳмоқона ибора йўқ. Сабаби, сайёрамизда сув “сувтекин” эмас: ичимлик суви захиралари инсоният учун келажакда муаммо бўлиши ҳозирдан прогноз қилинмоқда. Дунёнинг айрим давлатларида эса бу муаммо ҳозир ҳам бор, ижтимоий тармоқларда сув идишини кўтариб турган африкалик болаларнинг суратини кўп кўрганмиз.

Аслида, мамлакатимизнинг айрим чекка ҳудудларида ҳам тоза ичимлик суви қанчалик қадрли неъмат эканини англайдиганлар бор. Ахир ҳозирги кунда республикада 25,6 фоиз аҳолига ичимлик суви махсус техникалар ёрдамида ташиб келтирилар экан. Аммо бизда ҳалиям сув “сувтекин”.

Амстердам, Берлин, Варшава, Токио каби дунёнинг кўплаб ривожланган шаҳарлардаги меҳмонхоналарда унитаз бир “кнопка”ли бўлса жарима қўлланилар экан. Тиш ювишга алоҳида стакан, ювиниш хонасига эса ванна эмас, душ ўрнатган. Қизиқ, улар сувни намунча тежайди, Оролга эмас, океанга яқин-ку. Бизда эса сув ҳалиям “сувтекин”.

Ўзбекистонда 1 куб метр сув 1048 сўм, демак 1 литр сув 1 сўм 48 тийин. Навоийда 1 куб метр сув учун 3050 сўм тўланади. Ўзбекистон учун “рекорд” нарх. Лекин... Уйимнинг деразасидан сал нарироқда сув минораси бор. Ҳар куни сув минорасидан тонналаб ичимлик суви тошади. Сув минора устидаги махсус тешикдан тошиб тушмагунча ўчирилмайди. Бу тешик сув тўлганини билдирувчи белги ҳисобланади, XXI асрдаги “инновацион ғоя”. Мабодо қоровул ухлаб қолган бўлса, тамом, керак бўлса битта маҳаллага етадиган сув исроф бўлади. Вилоятда шу каби минорадан қарийб 400 та бор. Битта игна тешигидан бир суткада 7 литр сув оқиши мумкин экан. 400 та сув минораси трубасидан-чи?

Илгари қурғоқчилик деса Африка болаларини кўрсатар эдик. Агар сувга нисбатан муносабатимиз “сувтекин” шаклида давом этса, яқин келажакда Африка қурғоқчилиги бизнинг болаларимиз бошига ҳам тушади.

Жонибек Шуҳратов, 
Навоий вилоят "Эконигоҳ" ёшлар тарғибот маркази координатори.

Мавзуга оид