Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳиндистонда ифлосланган ичимлик суви туфайли 9 киши вафот этди
Ҳиндистоннинг Мадҳя-Прадеш штатидаги Индор шаҳрида қувур орқали келадиган ичимлик суви ифлослангани оқибатида юзага келган диарея авж олишида камида 9 киши ҳалок бўлди, 200 нафардан ортиқ одам шифохоналарга ётқизилди. Маҳаллий аҳоли эса “лойқа ва ҳидли сув” ҳақида олдиндан бир неча бор шикоят қилинганини айтмоқда.
Фото: AP
Индор шаҳрининг Бҳагиратпура ҳудудида аҳоли бир неча кун давомида қувурдан келаётган сувнинг сифати ёмонлашгани — ҳиди оғир ва кўриниши ифлос экани ҳақида шикоят қилган. The Guardian манбасига кўра, шикоятлар узоқ вақт эътиборсиз қолган, кейин эса одамлар оммавий равишда иситма, қусиш ва ич кетиши аломатлари билан шифохоналарга туша бошлаган.
Reuters хабар қилишича, шаҳарнинг бош тиббий амалдори Мадҳав Прасад Ҳасани ичимлик суви қувуридаги сизиб чиқиш туфайли ифлосланиш бўлгани, таҳлилларда эса бактериялар аниқланганини айтган. Расмийлар “ифлосланишга олиб келган бўлиши мумкин бўлган” нуқта топилгани ва у тузатилганини билдирган.
The Indian Express тергов маълумотларига таянилган ҳолда, ичимлик суви магистрали устида септик баксиз қурилган жамоат ҳожатхонаси канализация чиқиндиларининг қувурга аралашишига шароит яратган бўлиши мумкинлигини ёзди. Шу иш бўйича айрим масъуллар лавозимидан четлатилгани ҳам қайд этилган.
Ҳодиса фақат рақамлар эмас — у одамларнинг кундалик ҳаётини ҳам вайрон қилди. NDTV’нинг ёзишича, 70 ёшли Урмила Ядавнинг оила аъзолари унинг аҳволи айнан шу сувни ичганидан кейин оғирлашганини айтади. Унинг 11 ойлик набираси ҳам касал бўлган, кейинроқ шифохонадан чиқарилган. Оила шифоланиш харажатлари ва расмийлар эътибори етишмаганини таъкидлаган.
Reuters маълумотига кўра, ҳокимият уйма-уй скрининг ўтказиб, минглаб одамларни текширган, аҳолига сувни тозалаш учун хлор таблеткалари тарқатган, аломатлари енгил бўлганлар ҳам рўйхатга олинаётганини билдирган.
Шу билан бирга, ўлим сони бўйича турли рақамлар айтилмоқда: Reuters “камида 9” деб келтирса, The Guardian айрим расмий баёнотларга таянилган ҳолда “камида 10” деган маълумотни ёзган, маҳаллий ОАВда бундан юқорироқ рақамлар ҳам тилга олинади, аммо улар расман тасдиқланмаган.
Мавзуга оид
12:16 / 25.12.2025
Ҳиндистон нефт компанияси РФ нефтини харид қилишни қайта тиклади
14:34 / 23.12.2025
Титов: 2026 йилда Россияга ишлаш учун 40 минг ҳиндистонлик келади
18:14 / 21.12.2025
Петербург кўчаларида ҳиндистонлик мигрантлар ишлай бошлади
07:30 / 17.12.2025