Ўзбекистон | 12:34 / 21.10.2021
16943
3 дақиқада ўқилади

Тиббиёт муассасаларида имтиёзли ордерлар бериш тўхтатилдими? Вазир ўринбосари вазиятга ойдинлик киритди

2021 йилнинг 1 октябридан 14та давлат тиббиёт муассасасида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинди.

Бу имтиёзли ордер олиш учун навбат кутаётган беморларда тушунмовчиликни келтириб чиқарган. Бунга алоҳида тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига кираверишда ордер бериш тўхтатилгани ҳақида ёзилган эълонлар сабаб бўлган.

Kun.uz мухбири ушбу вазиятга ойдинлик киритиш учун Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов билан боғланди.

Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, навбатга олиш тўхтатилмаган, балки электрон рўйхат асосида ордер берилиши йўлга қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов

“Ордерга навбат фақат қоғоз вариантда бериш учун тўхтатилди, аммо электрон тарзда давом этяпти. Имтиёзли ордер учун тегишли тиббиёт муассасасига борган бемор ўша заҳоти электрон тарзда рўйхатга киритишлари учун мурожаат қилиши керак. Аввал туманларга ажратилган квота бор эди – ҳар бир туманга 10-15 та ордер ажратилар эди. Имтиёзли тоифага кирувчи беморлар ордерни кутиб ўтиришарди ва навбати келганда ўша қоғозни қўлига олиб касалхонага борар эди. Ҳозир бемор ўша шифохонага келгандаёқ рўйхатга олинади ва шу заҳоти жараён бошланади. Туман тиббиёт бирлашмасида киритилган маълумотлар дарҳол вилоят ва республика тиббиёт бирлашмаларига узатилади. Тегишли давлат тиббиёт муассасасида жой бўшаши билан электрон тарзда кўринади ва беморга хабар берилади. Илгари жой бўшаган тақдирда ҳам беморнинг қўлида ордер бўлмаса шифохонада даволанишнинг имкони йўқ эди” деди ўринбосар.

Абдулла Азизов имтиёзли ордерларнинг электрон тизимга ўтказилиши коррупцион ҳолатларнинг олдини олиши ҳақида гапирди.

“Аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик, адолатлилик ва шаффофликка асосланган тиббий хизматни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз.

2021 йил 1 октябрдан ушбу ахборот тизими 14 та давлат тиббиёт муассасаларида йўлга қўйилган бўлса, 2022 йил 1 январдан бошлаб яна 13 та давлат тиббиёт муассасаларида жорий этилади.

2021 йил 1 октябрдан бугунга қадар мазкур ахборот тизими орқали 7639та тиббий йўлланма шакллантирилди” дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Азизовга кўра, имтиёзли йўлланма бериш жараёнини рақамлаштиришнинг афзалликлари:

  • беморнинг оворагарчилигини камайтириш;
  • коррупциянинг олдини олиш;
  • ордер бериш жараёнида шаффофликни таъминлаш;
  • ахборот алмашинувини оптималлаштириш;
  • имтиёзли йўлланма шаклланиш жараёнини онлайн кузатиш имкониятини яратишдан иборат.

Таъкидланишича, электрон ордер тизими Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигидаги «IТ-МED» МЧЖга юклатилган.

Мавзуга оид