Ўзбекистон | 20:23 / 07.06.2024
17836
3 дақиқада ўқилади

“Ҳосили кўп, харидори йўқ пиёз” — баҳорги пиёз нега далада қолиб кетяпти?

Ўзбекистон бозорлари янги пиёз билан тўлган. Қатор вилоятларда етиштирилган баҳорги пиёз ҳосили далаларда қолиб кетмоқда. Хўш, бунга сабаб нима? Деҳқонларнинг ҳаддан ташқари кўп пиёз экканими ёки ички бозор эҳтиёжидан ортган пиёзнинг экспорти яхши йўлга қўйилмаганими? Kun.uz шу саволларга жавоб излади.

Фото: Pexels

Муаммо нимада? 

Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси Ёрқин Маликовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, пиёзни экспорт қилиш учун тадбиркорларга ташувчи техника етишмаяпти.

Таъкидланишича, баҳорги пиёзни фақат совитиладиган контейнерларда ташиш мумкин. Акс ҳолда пиёз йўлдаёқ айниб кетади. Тадбиркорлар ўзидаги мавжуд техникалар билан катта ҳажмдаги пиёзни экспорт қилишни эса уддалай олмаяпти.

Шунингдек, қўшни Қозоғистонда ҳам деҳқонлар пиёз етиштириш илмини анча ўзлаштириб олган. Улар энди ўзининг ва Россия бозорларини тўлдира бошлагани ўзбек деҳқонларининг пиёзлари далада қолиб кетаётганининг яна бир сабаби ҳисобланади.

Деҳқонлар пиёзни режасиз етиштиришяптими?

Ўзбекистон агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромовнинг айтишича, ўтган мавсумларда пиёзнининг “йили келган”. Натижада деҳқонлар яхши даромад кўрган. Шу боисдан бу галги мавсумда улар яна ҳам кўпроқ пиёз эккан.

“Бу йил ҳам ўшандай даромад кўришдан умид қилиб, деҳқонлар ўзини пиёзга урди. Ҳозир мева-сабзавотни экспорт қилиш соҳаси анча яхшиланди – давлат аралашмаяпти. Энди деҳқон ва тадбиркорда масъулият ошиши керак, давлатга тўнкаб бўлмай қоляпти” – дейди Камолиддин Икромов.   

Мутахассиснинг қайд этишича, деҳқонлар ерга пиёз уруғини сепаётганидаёқ катта таваккал қилади. Чунки у экаётган пиёз уруғи қандай ҳосил беради, сотиладими ёки йўқ буни ҳам аниқ билмайди.

Бироқ мутахассислар ташқарида 21-аср эканлигини, ҳатто деҳқончиликда ҳам таваккалчиликни камайтириш мумкин ва шарт ҳам деб ҳисобламоқда.

Хусусан, мамлакат бўйлаб қанча деҳқон, қанча ерда пиёз етиштираётганини билиш учун махсус интернет маконлар ташкил қилиш, улардан фойдаланишни деҳқонларга ўргатиш, эспортчи тадбиркорларни деҳқонлар билан боғловчи интернет воситаларни шакллантириш орқали деҳқоннинг ишидаги таваккалчиликни камайтириш мумкинлиги дунё тажрибасида исботини топиб келяпти.

Бундан ташқари, етиштирилган пиёз, картошка каби муҳим маҳсулотларнинг уволини камайтириш учун, давлат интервенцияси, яъни давлат томонидан харид қилиш йўли ҳам бор.

Мавзуга оид