Иқтисодиёт | 20:30 / 14.04.2026
1935
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2026 йилда иқтисодий ўсиш ҳам, инфляция ҳам кутилганидан тезроқ бўлади – ХВЖ миссияси

Халқаро валюта жамғармаси 2026 йил учун Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш прогнозини 6,2 фоиздан 6,8 фоизгача оширди. Кутилмаларнинг яхшиланиши барқарор инвестициялар, юқори пул ўтказмалари оқими ва олтин нархларининг ошиши билан боғланяпти. Ўз навбатида инфляция прогнози 6,5 фоиздан 6,8 фоизгача кўтарилди. Бу Яқин Шарқдаги можаролар туфайли нефт нархларининг қимматлашгани билан изоҳланяпти. Инфляция босими тартибга солинадиган нархларнинг секинроқ оширилиши ва транспорт соҳасига вақтинчалик субсидиялар берилиши ҳисобига юмшатилиши кутиляпти.

Фото: Kun.uz

Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича навбатдаги хулосаларини эълон қилди.

Қайд этилишича, 2025 йилда кучли истеъмол ва инвестициялар таъсирида Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ўсиши 7,7 фоизга етди, ишсизлик даражаси 0,7 фоиз пунктга камайиб, 4,8 фоизни ташкил этди. Ўсиш кенг қамровли бўлиб, хизматлар ва қурилиш соҳалари энг тез суръатларда кенгайган.

Юқори ички талабга қарамай, 2025 йил охирига келиб умумий инфляция 7,3 фоизгача секинлашди (2024 йилда — 9,8 фоиз эди). Бунга 2024 йил май ойида энергия ресурслари нархининг ошиши таъсирининг пасайиши, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан 6,9 фоизга мустаҳкамланиши ва қатъий пул-кредит сиёсати таъсир кўрсатган. Шунингдек, базавий инфляция ҳам 1,5 фоиз пунктга пасайди.

Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,9 фоизгача қисқарди. Бунга хомашё ва хомашё бўлмаган товарлар экспорти, шунингдек пул ўтказмалари ҳажмининг импортдан юқори бўлгани таъсир кўрсатди. Халқаро захиралар тахминан 13 ойлик импортни қоплай оладиган даражада сақланиб қолди. Иқтисодий фаолликнинг юқори суръатларда ўсиши ва хомашё нархларининг юқорилиги бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 2,1 фоизгача камайтиришга ёрдам берди, бу эса 3 фоизлик мақсадли кўрсаткичдан паст.

2026 йил учун кутилмалар

ХВЖ баҳолашига кўра, Яқин Шарқдаги уруш туфайли жаҳон иқтисодиётида ноаниқликлар кучайган бўлса-да, Ўзбекистоннинг ривожланиш истиқболлари ижобийлигича қоляпти.

«Давом этаётган ислоҳотлар, барқарор инвестициялар, юқори пул ўтказмалари оқими ва олтин нархларининг ошиши сабабли реал ЯИМ ўсиши 2026 йилда 6,8 фоиз бўлиши прогноз қилиняпти. Ички талаб аста-секин пасайиши ҳисобига ўсиш 2027 йилда тахминан 6 фоизгача секинлашиши кутиляпти», дейилади ХВЖ хулосасида.

Жорий ҳисоб тақчиллиги 2026 йилда қисқариши, бироқ 2027 йилда пул ўтказмалари оқимининг секинлашуви ва олтин нархлари ўсишининг пасайиши сабабли бироз кенгайиши мумкин.

Ўз навбатида инфляция прогнози 6,5 фоиздан 6,8 фоизгача оширилди. Бу у Яқин Шарқдаги можаролар туфайли нефт нархларининг қимматлашгани билан изоҳланяпти. Инфляция босими тартибга солинадиган нархларнинг секинроқ оширилиши ва транспорт соҳасига вақтинчалик субсидиялар берилиши ҳисобига юмшатилиши кутиляпти.

«Инфляция 2027 йилда Марказий банк мақсадли кўрсаткичига тушиши мумкин, бунга қатъий пул-кредит сиёсати, давом этаётган таркибий ислоҳотлар ва нефт нархларининг пасайиши ёрдам беради», дейилади ҳисоботда.

Маълумот учун, 2025 йилнинг ноябрь ойида эълон қилинган ҳисоботида 2026 йилда Ўзбекистон ЯИМ 6,2 фоизга ошиши прогноз қилинганди.

Ички ва ташқи хатарлар

ХВЖнинг қайд этишича, Ўзбекистон учун ноаниқликлар даражаси юқорилигича қоляпти, айни пайтда ривожланиш истиқболларининг ёмонлашиши хатарлари сақланяпти, ижобий кутилмалар учун имкониятлар эса чекланган.

«Яқин Шарқдаги урушнинг оқибатлари унинг давомийлиги ва шиддатига боғлиқ бўлади. Урушнинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таъсири, нисбатан чекланган бўлади, чунки уруш таъсиридаги мамлакатлар билан савдо ҳажмлари ва бу мамлакатлардан пул ўтказмалари нисбатан кам, аммо глобал конъюнктуранинг ёмонлашиши натижасида асосий савдо ҳамкорлари жабр кўрса, билвосита каналлар вазиятга анча жиддий таъсир кўрсатиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

Мазкур вазиятда ташқи хавфлар биринчи навбатда геосиёсий тарангликнинг юқори даражаси, савдодаги узилишлар, хомашё товарлари нархларининг ўзгарувчанлиги ва глобал иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ноаниқлиги билан боғлиқ.

Ички хатарлар қаторига харажатларнинг даврийлиги ҳамда директив ва имтиёзли кредитлаш дастурлари орқали талабни рағбатлантириш учун босим ўтказиш, давлат корхоналари, давлат тижорат банклари ва давлат-хусусий шериклик фаолияти билан боғлиқ балансларнинг потенциал ёмонлашуви ва шартли мажбуриятларнинг мавжудлиги киритилган.

Имкониятлар нуқтаи назаридан эса таркибий ислоҳотларнинг тезкор амалга оширилиши ривожланиш истиқболларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаши мумкин. Капитал оқими ва пул ўтказмаларининг ўсиши ёки олтин нархларининг юқори бўлиши ҳисобига ўсиш имкониятлари уларнинг ҳозирги қулай даражаларини ҳисобга олган ҳолда нисбатан чекланган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид