Президент Шавкат Мирзиёевга 30 март куни 2026 йил I чорагида иқтисодий кўрсаткичлар прогнозини таъминлаш ҳамда жаҳон бозоридаги беқарор вазиятнинг миллий иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш юзасидан ахборот берилди.
Инфляцияни жорий йилда 6-6,5 фоиз доирасида сақлаб қолиш энг муҳим вазифалардан бири эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, жаҳон бозорида нефть нархининг кескин қимматлаши транспорт ва нефть-кимё маҳсулотлари таннархига таъсир кўрсатаётгани, полиэтилен ва полипропилен нархларида ҳам ўсиш кузатилаётгани айтилди. Шу боис, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг импорти, транспорт-логистика масалалари ва муқобил йўлаклардан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўриш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг хомашё, бозор ва кредит билан боғлиқ муаммоларини ҳозирдан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.
Экспортчилар томонидан кўтарилаётган асосий масалалардан бири транспорт-логистика экани, жаҳонда рўй бераётган воқеалар таъсирида экспорт юк ташишларида узилишлар ва қимматлашув жиддий хавотир уйғотаётгани таъкидланди.

Шу муносабат билан қўшни давлатлар билан транспорт ва савдо масалалари бўйича яқин ҳамкорликни кучайтириш, озиқ-овқат маҳсулотларини авиаташув орқали экспорт қилиш ва тадбиркорлар учун арзонлаштирилган тарифларни жорий этиш чораларини кўриш топширилди.
Хорижий инвестициялар масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Таҳликали халқаро вазият айрим лойиҳалар ижросига таъсир кўрсатиши мумкинлиги билдирилди. Шу муносабат билан амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳани мунтазам таҳлил қилиб бориш ва инвесторлар билан кунлик мулоқот ўрнатиш вазифаси белгиланди.
Банк-молия соҳасида бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредитлар динамикаси ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда қайд қилинишича, йилнинг дастлабки икки ойида саноат 7,7 фоизга, хизматлар 15,4 фоизга ўсди, 3,5 миллиард долларлик экспорт амалга оширилди ва 8,3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди.

Йил бошидан 9 та вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга республика бюджетидан қўшимча 2,3 триллион сўм ва 500 миллион доллар маблағ йўналтирилди. “Янги Ўзбекистон қиёфаси” мақоми берилган 33 та туман ва 330 та маҳалла учун маҳаллий бюджетларга 3,9 триллион сўм ажратилди. Оғир тоифадаги 37 та туман ва 903 та маҳаллага жами 3,9 триллион сўм ҳамда маҳаллий бюджетлардан 1,3 триллион сўм, 283 та “драйвер” лойиҳаларга биринчи босқичда 1 триллион сўм ажратилди.







