17:53 / 15.02.2023
13881

Зилзилага дош беролмаган Қаҳрамонмараш: бошпанасидан айрилганлар даҳшатни қандай эслашади?

Туркияда 6 феврал тонгида рўй берган вайронкор зилзилалардан бирининг ўчоғи — Қаҳрамонмараш шаҳри бўлган эди. Бу шаҳарда зилзила кучига дош бера олмасдан қулаган бинолар жуда кўп.

Туркиядаги зилзиладан бир ҳафтадан зиёд вақт ўтди. Энди қидирув-қутқарув ишлари секин якунланмоқда. Тирик қолганларнинг топилиши даргумон. Вайроналар остида қамалиб қолганлар энди тунлари минус даражага тушаётган об-ҳаво шароитида, сувсиз емаксиз бунча муддатда тирик қолиш имконсизлигини барча тушуниб, тақдирга тан бериб турибди. Шунинг учун топилаётган ҳар бир тирик жон мўъжиза сифатида кутиб олинмоқда.

Вайронлар орасида жон сақлаётган Эрдўғанбей билан бироз суҳбатлашдик. У кўчаларни айлантириб, вайронкор зилзиладан олдин қандай ҳаёт кечиргани ҳақида гапириб берди.

- Бу ерда қаерда яшардингиз?

- Эпраллар маҳалласида...

- Юқоридами?

- Ҳа. Бироз юқорида. Зилзилада амакимнинг ўғли, аммамнинг ўғли, рафиқаси вафот этди. Олтита жанозамиз бор.

- Аллоҳ раҳмат қилсин.

Кимдир биз томон овоз берди. “Сени чақиришяпти”, деди Эрдўғанбей. Овоз келган томон кета бошладик.

- Бу ерда ким билан турибсиз, аби?

- Амакиларим билан.

- Кўрганларинг шу бўлсин, аби. Аллоҳ раҳмат айласин.

- Унинг исми Рамазон, — деди Эрдўғанбей ўтинда овқат пишираётган қария томон ишора қилиб.

- Яхшимисиз, Рамазонбей.

- Кўрганларинг шу бўлсин, аби. Аллоҳ раҳмат айласин.

- Саломатлик бўлсин. Уйимиз йиқилди.

- Нечанчи қаватда яшардингиз?

- Энг юқори қаватда. Саккизинчи қаватда.

- Эрдўғанбей, сизнинг уйингиз қаерда эди? Бу ерда эмас-а, йўқотганингиз?

- Бироз тепароқда.

- Тепароқдами?

- Эпраллар маҳалласида.

- Пиёда етиб бороламизми?

- Ҳозир борамиз.

- Бу ерда неча қаватли уй бор эди?

- Тўққиз қават.

Эпраллар маҳалласи бўйлаб Эрдўғанбек билан борар эканмиз, телефонига маъюс тикилганча қариндошларининг суратларини варақлаб турган икки аёлга кўзимиз тушди.

- Холаваччаларим... — деди улардан бири ёш йигит ва қизнинг расмини кўрсатиб.

- Нима бўлди уларга?

- Нимаям бўларди? Ётоқларида ўлик топилди. Устига девор қулаган.

- Аллоҳ раҳмат қилсин

- Сиз қаерда яшардингиз?

- Улар волийлик ёнидаги бинода яшарди.

- Сиз-чи?

- Мен қишлоқдан келдим. Аввал Миллий таълим шоҳкўчасида яшаганман. Ҳозир қишлоқдаман.

- Бу кимнинг уйи эди?

- Опамнинг, — дея жувон ёнида турган ёши каттароқ опасига ишора қилди.

- Опа, бу сизнинг уйингиз эдими?

- Буниси меники эди.

- Неча қаватли эди?

- Етти қаватли бино эди.

- Хонадонингиз?

- Олтинчи қаватда эди. Турк байроғи илинган уй. Бизнинг бинонинг остида ертўла бор эди. Ер силкинганда лифт каби бир қават пастга тушдик. Сўнг яна бир қават босиб қолди. Мен ҳис этдим. Томга қарадим. Шифтга қараб, қачон юзимни босиб қоларкин деб кутдим. Ён томонимда болалар хонаси бор эди. У ҳам пастга қулаганини ҳис этдим. Болаларимга зина томон бормай, ётоқхонага келишни айтдим. Катта қизим “она, укаларим пастга қулади”, деб айтди. Эрим болаларимнинг ортидан ўзини отди.

Дарҳол ижтимоий тармоқлар орқали зилзила бўлиб, ичкарида қолдик деб хабар бердик. Қишлоқдан жиянларим келди. Бизни қутқариб олишди. Шундай қилиб қутулиб чиқдик.

- Болаларингиз саломатми?

- Икки қизим жароҳатланган, қолганлари соғ-саломат. Сулоламизда кўп йўқотишлар бор. Жуда кўп йўқотишлар бор.

- Бобомиз, холаваччаларимиз... — деди синглиси

- Кимларингизни йўқотдингиз?

- Бобом кетди...

- Аллоҳ раҳмат қилсин.

- Холаваччаларим кетди. Тоғаларимнинг болалари кетишди. Қайиноғамнинг болалари кетишди. Уруғимизда кўп йўқотиш бўлди.

- Аллоҳ раҳмат қилсин.

- Омин.

Қаҳрамонмарашдаги ишларни якунлаб, Ҳатай вилоятига йўл олдик. Ўзбекистондан борган қутқарувчилар айнан ўша жойда ишлашмоқда. Кейинги репортажларимиз қаҳрамонлари ҳатайликлар бўлади.

Сардорбек Усмоний, Kun.uz мухбири.
Туркия. Қаҳрамонмараш.

Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Top