Ўзбекистон | 11:14 / 30.10.2023
53909
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ҳарорат пасайиб боради

Ўзбекистон бўйича 30 октябр-3 ноябр кунларига об-ҳаво прогнози эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Бугун кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида октябр ойи учун қуруқ ва жуда илиқ бўлган об-ҳаво сақланиб туради. 

“Ўзгидромет” хабарига кўра, кун ўртасига бориб ҳаво ҳарорати +27...+30 даражагача, жанубда +32 даражагача кўтарилади. Фақат Қорақалпоғистон Республикасида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин, баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди, ҳаво ҳарорати +17...+22 даража атрофида бўлади.

Эртага Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан салқин ва нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли бўлади. Баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши мумкин. Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати +17...+22 даражагача пасаяди.

1 ноябрда республика бўйича ёғингарчилик тўхтайди ва қуруқ об-ҳаво ҳафта охиригача сақланиб туради. 1-2 ноябр кунлари кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушади. Ҳаво ҳарорати кечалари +3...+8 даражагача пасаяди, кундузи 1-2 ноябрда +17...+22 даража бўлади, 3 ноябрда ҳарорат бироз кўтарилади ва +19...+24 даражани ташкил этади.

Пойтахтда бугун, 30 октябрда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +27...+29 даража бўлади.

31 октябрда ҳаво ўзгариб туради, куннинг биринчи ярмида ёмғир ёғади. Баъзи жойларда шамол 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +17...+19 даражагача пасаяди.

1-2 ноябрда ёғингарчилик кутилмайди, кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ҳарорат кечалари +5...+8 даража илиқ бўлади, кундуз кунлари +17...+20 даража атрофида бўлади.

Мавзуга оид