Соғлом ҳаёт | 01:56
463
2 дақиқада ўқилади

Олимлар инфаркт ва об-ҳаво орасида боғлиқлик борлигини аниқлашди 

Таҳлилларга кўра, инфаркт ҳолатлари кўпроқ қайд этилган кунларда паст ҳарорат, кун давомида ҳароратнинг кескин ўзгариши ва кучсиз шамол кузатилган.

Фото: Alamy

Олимлар об-ҳаво ўзгаришлари миокард инфаркти ривожланиш эҳтимолига таъсир қилиши мумкин, деган хулосага келишди. Улар об-ҳаво ҳолати ва юрак хуружлари сони ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилдилар.  

Тадқиқотчилар гуруҳи Пекиндаги кардиология марказларидан бирида 10 йил давомида қайд этилган инфарктга учраган  11 527 нафар беморнинг маълумотларини ўрганиб, уларни кунлик метеорологик кўрсаткичлар билан солиштиришди. Таҳлил натижаси кўрсатишича, инфаркт ҳолатлари кўпроқ қайд этилган кунларда паст ҳарорат, кун давомида ҳароратнинг кескин ўзгариши ва кучсиз шамол кузатилган. Шунингдек, бундай кунларда намлик ва ёғингарчилик миқдори ҳам камроқ бўлган.

Олимлар машинали ўқитиш модели ёрдамида инфаркт хавфи ошиши билан боғлиқ асосий об-ҳаво омилларини аниқладилар. Кунлик ҳарорат фарқининг кескин ўзгариши энг муҳим омил деб топилди — айнан мана шу инфаркт ҳолатлари сони ошишига катта таъсир кўрсатган.

Тадқиқот муаллифлари фикрича, бундай моделлар кардиология хизматларига тушадиган юклама ошадиган даврларни олдиндан башорат қилиш ва тиббий ресурсларни тўғри тақсимлашда ёрдам бериши мумкин. Улар келгусида об-ҳаво маълумотларига беморларнинг ёши ва бошқа хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни қўшиб, прогноз аниқлигини янада оширишни режалаштиришган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид