Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Зангезур АҚШ назоратига ўтса, Кавказ ва Марказий Осиёда Вашингтоннинг таъсири кучаяди” – сиёсатшунос
Зангезур йўлагининг АҚШ назоратига ўтиши Жанубий Кавказдаги тинчлик жараёнлари фонида янги геосиёсий саволларни келтириб чиқармоқда. Бу йўлак Марказий Осиё учун транзит харажатларини камайтириб, савдо имкониятларини кенгайтириши мумкин. Аммо АҚШнинг минтақадаги таъсири ортиши Каспий атрофидаги кучлар мувозанатига ҳам таъсир кўрсатиб, янги геосиёсий рақобат босқичини бошлаб бериши эҳтимолдан холи эмас.
“Геосиёсат”да сиёсатшунослар мазкур мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Зангезур йўлагининг АҚШ назоратига ортиши Марказий Осиё учун нимани англатади? Бу жараённинг фойдали ва салбий томонлари қандай бўлиши мумкин?
Жаҳонгир Акрамов: Озарбойжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномасининг имзоланиши халқаро муносабатлар учун ижобий ҳолатдир. Бу можаро ҳатто Совет Иттифоқи тузилишидан олдин, Октябр инқилобидан кейинги даврларга, ундан ҳам илгари рус-турк урушлари даврига бориб тақаладиган, юз йиллардан бери давом этиб келаётган зиддиятдир. Шундай экан, тинчликка эришиш, албатта, ижобий натижа.
Бироқ бу воқеа Россиянинг Жанубий Кавказда катта мағлубиятга учраганини ҳам англатади. Эндиликда у бу ҳудудда гегемон эмас, балки оддий иштирокчи даражасида қолмоқда. Зангезур йўлагининг Америка компаниясига ишониб топширилиши ижобий қарор бўлмаслиги мумкин. Чунки Озарбойжон аслида музокараларни икки томонлама олиб боришни хоҳлаган ва дастлаб бу лойиҳани Швейцария компаниясига беришни режалаштирган эди. Ҳозирги шароитда эса АҚШ сиёсатининг, айниқса, Трамп давридан кейин барқарор ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган ҳолга келгани қўшимча хавфларни юзага чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Агар бу йўлак халқаро консорциум кўринишида ташкил этилса, Европа давлатлари ҳам иштирок этиши ва Озарбойжон ҳам, Арманистон ҳам манфаатдор бўлиши мумкин эди. Акс ҳолда бу Эроннинг ҳам норозилигига сабаб бўлиши эҳтимоли бор, чунки лойиҳа бевосита унинг ёнида жойлашган.
Марказий Осиё нуқтайи назаридан эса Зангезур йўлагининг очилиши катта иқтисодий имкониятдир. Ҳозир Ўзбекистон ва бошқа минтақа давлатлари Каспий денгизи орқали Грузия портларидан фойдаланади, бу эса ортиқча транзит харажатларини келтириб чиқаради. Зангезур йўлаги очилса, таннарх камаяди, жаҳон бозорига чиқиш осонлашади. Бу йўл орқали Туркия портларига чиқиш имкони бўлади, бу эса Марказий Осиё маҳсулотлари рақобатбардошлигини оширади.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги савдо йўлларида минтақанинг ўрни кучаяди. Бу эса маълум маънода Буюк Ипак йўлининг қайта тикланиши ва 1998 йилларда кўтарилган Транс-Европа-Кавказ-Осиё лойиҳасининг янги босқичда амалга оширилишидир.
Умуман, Жанубий Кавказдаги тинчлик Марказий Осиё учун иқтисодий ва ижтимоий имкониятларни оширади, Россиянинг геосиёсий мағлубиятини мустаҳкамлайди ва туркий давлатлар ўртасидаги интеграцияни янада мустаҳкамлайди. Бу биринчи марта туркий давлатларнинг узлуксиз алоқага эга бўлиши демакдир.
Ҳикматилла Казакбаев: Бу жараённинг салбий жиҳатлари ҳам бўлиши мумкин. Масалан, АҚШнинг Кавказдаги таъсири ортиши биз учун ҳам қайсидир маънода огоҳлантирувчи ҳолатдир. Чунки Кавказдан кейинги навбат Марказий Осиёга келиши мумкин. Шуни унутмаслик керакки, СССР парчалангандан кейинги 30 йилдан ортиқ давр мобайнида бирорта АҚШ президенти Марказий Осиёга ташриф буюрмаган. Шунга қарамай, минтақа доим АҚШ манфаатлари доирасида бўлиб келган. Агар ҳозирги жараёнда АҚШ Кавказда мустаҳкам ўрнашса, кейинги қадам сифатида Марказий Осиёга фаолроқ кириб келиши эҳтимоли ортади. Бу эса бевосита Каспий бўйидаги давлатлар устидан назорат масаласига ҳам таъсир қилади. Озарбойжон учун бу йўлакнинг очилиши ижобий. Ҳозирча мамлакатда Нахичеванга қуруқлик йўли йўқ, фақат ҳаво йўллари ишлатилади ва улар ҳукумат томонидан субсидия қилинади. Табиий газ эса Эрон орқали етказиб берилади. Агар Зангезур йўлаги ишга тушса, у темирйўл, автомобил йўли ёки газ қувури сифатида хизмат қилиши мумкин. Марказий Осиё учун ҳам бу янги имконият бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон Грузиянинг Поти портига чиқиш режасини илгари сурган. Бу Россия ва Хитойга транзит қарамлигини камайтириб, Кавказ ва Қора денгиз орқали дунё океанига чиқиш имконини бериши мумкин.
Бироқ бошқа томондан қараганда, йўлакнинг АҚШ назоратига ўтиши минтақада, жумладан, Марказий Осиё ва Каспий бўйидаги давлатларда Америка таъсирини кескин ошириши мумкин. Озарбойжон ва Арманистон тарихда биринчи марта ўзаро тинчлик шартномасини имзолашга шу қадар яқинлашган бир пайтда Россия билан муносабатларининг ёмонлашишидан АҚШ моҳирона фойдаланиб қолмоқда. Агар коридор устидан назорат АҚШга ўтса бу нафақат Кавказда, балки Марказий Осиёда ҳам унинг таъсирини кучайтиради.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.