Ўзбекистон | 07:59 / 15.07.2022
3566
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Шота Руставели кўчаси реконструкция қилинади

Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳри йўл-инфратузилмасини яхшилаш мақсадида қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари мажмуасининг, Тошкент шаҳар аҳолисининг Тошкент шаҳри йўл-инфратузилмасини яхшилаш тўғрисидаги таклифларига биноан Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчасининг “Grand Mir Hotel” меҳмонхонасидан Янги Сергели кўчасига қадар 6,5 км қисмини тўлиқ реконструкция қилиш, ободонлаштириш, дренаж ва суғориш тизимини барпо этиш, йўл бўйида пиёдалар ва велосипедчилар йўлакларини барпо этиш ишларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Объектда лойиҳалаш ва қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича буюртмачи этиб – Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси белгиланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси:

  • объектда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича бош лойиҳачи ва пудрат ташкилотини ўрнатилган тартибда аниқлайди;
  • объектни қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 200-сонли қарорига асосан Давлат хизматлари кўрсатиш маркази томонидан “Ягона дарча” тамойили бўйича рухсатномалар олинишини таъминлайди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси:

объектда лойиҳалаш ва қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари учун талаб қилинадиган маблағни Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетидан қоплаш шарти билан тижорат банкларидан кредитлар жалб қилиш чораларини кўради.

Шота Руставели кўчаси — Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири. У бутун шаҳар бўйлаб ўтиб, номини узунлиги бўйича Шаҳрисабз, Навоий (ҳозирда реконструкция қилинаётган) ва Беруний деб ўзгартиради. Трамвай линияси демонтаж қилингандан сўнг, у ҳар бир йўналишда тўртдан олтитагача йўлакка эга.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид