Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси маълум қилишича, Дарёбўйи кўчасида таъмирлаш ишлари бошлангани сабаб 66-, 105-, 126-, 130- ва 144-сонли автобус йўналишларининг ҳаракат схемасида вақтинчалик ўзгаришлар амал қилади.
Хусусан, 66-, 126-, 130- ва 144-сонли йўналишлар ҳаракати вақтинча Нилуфар ва Нилуфар-2 кўчалари орқали амалга оширилади. Шу даврда ушбу йўналишлар Райҳон ва Райҳон-1 кўчалари орқали вақтинча ҳаракатланмайди.
Бундан ташқари, 105-сонли автобус йўналишининг сўнгги бекати вақтинча Нилуфар-3 кўчасида жойлаштирилади.
Мутасаддилар таъмирлаш ишлари давомида кўчаларда тирбандликлар юзага келиши эҳтимоли борлигини, шу сабабли йўналишларга қўшимча ўзгаришлар киритилиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, автобусларнинг ҳаракат вақти ва оралиқ вақти белгиланган жадвалдан узоқроқ бўлиши мумкин.
















