Ўзбекистон | 16:52 / 19.02.2019
14579
3 дақиқада ўқилади

Россияда таълим олган фуқароларнинг ҳужжатлари тўғридан-тўғри тан олиниши кутиляпти

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Ҳозирда Россия Федерациясида 25 000га яқин ўзбек ўқувчи-ёшлар таълим олмоқда ва ҳар йили улар сони ўртача 7500га ошиб бормоқда, дея хабар беради Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, икки ой муқаддам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Россия Федерацияси Бош экспертиза маркази ўртасида музокаралар олиб борилиб, ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган. Бунда Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида нострификация жараёнларида мавжуд электрон маълумотлар базалардан фойдаланишга келишиб олинди, бу эса ўз навбатида мутахассислар малакасини ошириш, семинарлар ўтказиш ва Россия Федерациясида таҳсил олишни хоҳлаган ёшларга кенг имкониятлар яратади. Ушбу жараённи янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев ва Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ҳузуридаги Бош экспертиза марказининг бош таҳлилчиси Вера Скоробагатова бошчилигидаги делегация билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда Россияда таҳсил олишни хоҳлаётган ёшларга имкониятлар яратиш ҳамда ушбу имкониятларни уларга тушунтириш, қизиқтирган саволларига жавоб бериш мақсадида мамлакат ёшлари учрашув ташкил этишга келишиб олинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Россия Федерацияси Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати мутахассислари билан биргаликда Россия Федерацияси ҳукумати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида «Таълим ҳужжатларини, малакавий ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш бўйича ҳукуматлараро Битим» лойиҳаси ишлаб чиқилиб, икки давлат Ҳукуматларига тақдим қилинган. 

Ушбу битимнинг имзоланиши икки давлат ўртасида таълим ҳужжатларини тўғридан-тўғри тан олиниши, ёшларнинг билим олишидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш (Россияда ҳужжатларни нострификация қилиш 45 кунгача вақт олади) ва уларнинг ҳар йили тахминан 800 000 АҚШ доллари миқдордаги маблағларини тежашни таъминлайди.

Ушбу музокараларнинг олиб борилиши икки давлат ёшларининг мобиллигини ривожлантиришда, уларга таълим олишлари учун муносиб шароит яратиш, таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш тизимини янада соддалаштиришда катта аҳамият касб этади. Шунингдек, таълим муассасаларини аккредитацияси бўйича тажриба алмашилиб, аккредитация жараёнига экспертларни танлаб олиш ва жалб этишда Россия тажрибасидан фойдаланиш, икки мамлакат ўртасида экспертларни ўзаро алмашиш орқали аккредитация жараёнларини биргаликда ўтказиш ҳамда қўшма аккредитацияланган олий таълим муассасалари филиаллари ва қўшма дастурларини тўғридан-тўғри тан олиш амалиётини йўлга қўйишда муҳимдир, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, хорижда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби такомиллаштирилиши айтилганди.

Мавзуга оид