Ўзбекистон | 11:15 / 26.01.2026
14445
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда

Сешанба-пайшанба кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғади ва қорга айланади. Ҳарорат кечалари –2…–5, шимолда –8…–13, кундуз кунлари –3…+2 даражагача пасаяди. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

Фото: Kun.uz

27–28 январ кунлари Россия ҳудудларидан нам ва нисбатан совуқ ҳаво массалари кириб келади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Душанба куни Ўзбекистон бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг шимолий ҳудудларида баъзи жойларда қор ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи +5…+10 даража атрофида бўлади.

Сешанба ва чоршанба кунлари баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир ёғади, қорга айланади) бўлади. 29–30 январ кунлари эса ҳаво массалари шарққа томон силжийди, республиканинг марказий ва шарқий ҳудудлари бўйича баъзи жойларда бироз қор ёғиши мумкин.

Ушбу кунларда ҳарорат аста-секин кечалари –2…–5 даражагача, кундуз кунлари –3…+2 даражагача, шимолда кечалари –8…–13 даражагача, кундуз кунлари –3…–8 даражагача пасаяди.

Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи бор.

Тошкент шаҳрида душанба куни ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати кундузи +7…+9 даражани ташкил этади. Сешанба куни кечга томон ёмғир ёғиши мумкин. 28–29 январда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) бўлади.

29 январга бориб, ҳарорат кечалари –1…–3 даражагача, кундуз кунлари 0…+2 даражагача пасаяди. Кечаси ва эраталб туман тушиши мумкин. Шамол ғарбдан 3–8 метр/сония тезликда эсади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид