Ўзбекистон | 23:08 / 17.01.2023
17638
2 дақиқада ўқилади

«Фарғонаазот» Сингапур компаниясига 140 млн долларга сотилади 

Шунингдек, Indorama компанияси заводни модернизация қилиш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

«Фарғонаазот» акциядорлик жамияти Сингапурнинг Indorama компаниясига 140 миллион долларга сотилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди. 

Қайд қилинишича, «Фарғонаазот» АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялари пакети Indorama Corporation Pte. Ltd (Сингапур) компаниясига сотилиши бўйича келишувга эришилган. 

Хусусийлаштириш жараёнига Deloitte халқаро консалтинг компанияси етакчи консултант, Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) стратегик маслаҳатчи, KPMG халқаро консалтинг компанияси эса мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилган. 

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига кўра, корхонани сотиб олишга 10 та даъвогар ариза берган. Энг мақбул таклиф Indorama томонидан тақдим этилган. 

«Таклифга кўра, сотиб олиш қиймати қарийб 140 миллион долларни (130 млн АҚШ доллари ва 107 млрд сўмни) ташкил этади, шунингдек, инвестор томонидан корхонани модернизация қилиш учун 100 миллион доллар миқдоридаги инвестиция киритиш мажбурияти олинади», дейилади хабарда. 

16 январ куни Ўзбекистон президентининг Сингапурга давлат ташрифи арафасида ташкил этилган Бизнес-форумда «Фарғонаазот» АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялар пакети бўйича олди-сотди шартномасининг асосий шартлари тўғрисидаги келишув имзоланган. 

Маълумот ўрнида, Indorama Corporation – 38 та мамлакатда 160 дан ортиқ ишлаб чиқариш майдонларига эга халқаро саноат конгломерати. У минерал ўғитлар, полимерлар, саноат кимёвий моддалари, толалар, тўқимачилик маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва тиббий қўлқоплар ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи компанияларидан бўлиб, 45 мингдан зиёд ходимга эга. Компания 2010 йилдан буён Ўзбекистонга фаол сармоя киритиб, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва ўғит ишлаб чиқариш соҳаларидаги лойиҳаларни ривожлантириб келмоқда ҳамда мазкур лойиҳаларда 3 мингдан зиёд маҳаллий ишчилар меҳнат қилмоқда. 

Мавзуга оид