Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент шаҳарларнинг бош режалари йўқлиги ортидан келиб чиқаётган муаммолар ҳақида гапирди
2025 йилда ерни хусусийлаштириш бўйича 112 мингта ариза келиб тушган, шундан 14 фоизи бош режа йўқлиги учун рад этилган. Президент топшириғи билан, ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларга инсон омилисиз 5-10 дақиқа ичида онлайн жавоб берадиган тизимга ўтилади. Йил охиригача 200 тадан ортиқ аҳоли пунктининг бош режаси ёки мастер режасини охирига етказиш буюрилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти урбанизация мавзусидаги 14 апрел кунги йиғилишда бош режалар масаласига тўхталиб ўтди.
Маълум қилинишича, бош режаларни ишлаб чиқиш учун бюджетдан йилига 200-250 миллиард сўм берилмоқда. Шавкат Мирзиёев бу маблағлар бош режаси бўлмаган ёки эскирган ҳудудларга сарфланиши шартлигини таъкидлади.
Кичик шаҳар ва шаҳарчаларда ҳам катта лойиҳа қиламан деган тадбиркорлар борлиги, шаҳарсозлик ҳужжати йўқлиги учун уларнинг иши тўхтаб тургани қайд этилди. Ўзи маблағ тикиб, тезроқ бош режа ишлаб чиқилишидан манфаатдор тадбиркорлар ҳам кўп.

Вилоят ҳокимлари ва Урбанизация қўмитасига жорий йилда бюджет маблағи ҳисобидан 6 та шаҳар, 44 та шаҳарча бўйича бош режа, яна 104 та қишлоқ бўйича мастер режани охирига етказиш, бунга қўшимча ташаббускор бизнес вакиллари билан яна 50 та аҳоли пункти бўйича шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқишни бошлаш топширилди.
Қайд этилишича, “бош режаси йўқ” деган баҳона билан 2025 йилда ерни хусусийлаштириш бўйича 112 минг аризанинг 14 фоизи рад этилган. Ҳокимларга бунинг оқибатида 4 минг гектар ерни активга айлантириш, хусусийлаштириш ҳисобидан бюджетга 550 миллиард сўм қўшимча тушум бой берилгани кўрсатиб ўтилди. Уч ойда ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларга инсон омилисиз 5-10 дақиқа ичида онлайн жавоб берадиган тизимга ўтиш топширилди.
Таъкидланишича, бош режаларни тасдиқлаш орқали жуда катта мақсад ва вазифалар белгиланмоқда, лекин бош режада кўрсатилган сув, канализация, иссиқлик, газ, электр линиялари, йўллар қачон, қайси навбатда ва қандай манбалар ҳисобидан қурилади деган саволга жавоб йўқ.

Аслида, ҳар бир бош режани рўёбга чиқариш бўйича йилма-йил комплекс дастур қилиниб, аҳоли, тадбиркор ва масъулларга етказилиши кераклиги қайд этилди. Бундай дастурлар йўқлиги учун ҳам инфратузилмага 1 сўмлик харажат кетадиган жойга 2-3 карра кўп маблағ сарфланаётгани, пала-партиш қурилишлар ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ҳар бир вилоят ҳокимига икки ойда вилоят ва туман марказларининг тасдиқланган бош режаларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш топширилди.
Мутасаддиларга комплекс дастурлардаги тадбирларнинг қайси бири республика ва маҳаллий бюджетдан, қайсилари халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан бўлишини аниқ белгилаб бериш вазифаси қўйилди.
Мавзуга оид
19:54
Реновация дастури: 2026 йилда камида 30 мингта хонадонни фойдаланишга топшириш буюрилди
19:46
Кўп қаватли уй қуриш бўйича тайёр лойиҳалар аукционга қўйилади
19:36
Қурилиш соҳаси мутахассисларига халқаро тендерларда иштирок этиш ўргатилади
19:25