Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Cocomelon’дан Маша ва айиққача: диалогсиз мултфилмлар тил чиқишини кечиктиради(ми?)
Ҳозирги давр болаларининг аксарияти асосан тасвир, мусиқа ҳамда турли интершовқинлардан иборат мултфилмлар билан улғайяпти. Бу контентларда диалоглар жуда кам, баъзиларида эса умуман йўқ: қаҳрамонлар гапирмайди, бутун бошли видео фақат ўйин-кулги кадрлари, ашула ва овоз эффектларидан иборат. Маълумотларга кўра, бундай мултфилмларни кўрган бола ўз атрофидаги нутқий муҳитдан узоқлашади, тил ўрганиш учун зарур бўлган сўз ва жумлаларни етарли даражада эшитмайди ва шу тариқа мулоқотга киришиш қобилияти сусаяди. Kun.uz болаларда тилнинг кеч чиқаётгани ва бунга мултфилмларнинг таъсири бўйича мутахассислар фикрини ўрганди.
Ёш оналар учун болани тинчлантиришда гаджетлардан фойдаланиш ҳозир энг яхши нажот йўлига айланган. Чақалоқ йиғласа, унга дарров смартфондан мултфилм қўйиб берилади. Ранг-баранг тасвирларга бой, ўзига хос овозлар билан бойитилган кадрларни кўрган бола бирпасда овунади, қолади. Энг қизиқ жиҳати, жонли ўйинчоқлардан узоғи 10 дақиқада зерикадиган болакай телефонга қанча кўп термулса ҳам чарчамайди. Атрофни кузатсангиз, ҳали қўлига қошиқ ушлашни билмайдиган гўдак смартфонни бемалол ишлата олаётганига ҳам гувоҳ бўласиз.
Тўғри, телефон болани вақтинча овунтириши мумкин, бу борада оналар учун катта қулайлик бор. Аммо унинг чақалоқ саломатлигига таъсири-чи? Гўдакни осон тинчлантиришнинг кейинчалик тўланадиган бадали ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Экран олдида узоқ вақт ўтказиш асаб тизими, кўз касалликларини юзага келтириши билан бир қаторда болада нутқ кеч ривожланишига сабаб бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Нутқ – боланинг ижтимоий ҳаётга мослашуви, билим олиш жараёни ва шахсий ривожланишининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири. Мактабгача бўлган даврида бола сўз бойлигини тез кенгайтириши ва фикрини равон ифода қила олиши керак. Аммо айрим ҳолларда бу жараён секинлашади ёки кечикади. Мазкур ҳолат бир неча хил омиллар таъсирида юзага келади, уларни шартли равишда биологик, психологик, тиббий сабаблар ва муҳит таъсирига ажратиш мумкин.
“Биологик омиллар орасида генетик мойиллик етакчи ўринда тутади. Агар оиладаги катталарда нутқ ёки тил ривожланишида кечикиш кузатилган бўлса, боланинг ҳам шундай муаммога дуч келиш эҳтимоли ортади. Асаб тизими ва миядаги нуқсонлар, шунингдек, эшитиш қобилияти билан боғлиқ муаммолар нутқ шаклланишига тўсқинлик қилади. Бола сўзларни тўлиқ ёки аниқ эшитмаса, уларни ўзлаштириш қийинлашади”, – дейди педиатр Комила Муталова.
Шифокорнинг таъкидлашича, психологик ва эмоционал омиллар ҳам тилнинг кеч чиқишига туртки бўлади. Травматик ҳолатлар, оиладаги жанжал, стресс болада мулоқотга бўлган қизиқишни камайтиради. Шунингдек, эътибор ва рағбат етишмаслиги, яъни ўсмир билан етарлича гаплашмаслик ёки унинг фикрини қадрламаслик нутқ ривожланиш жараёнини сезиларли даражада секинлаштиради.
Тиббий сабаблар билан боғлиқ омиллар қаторига аутизм спектр бузилишлари, умумий интеллектуал ривожланишнинг секинлиги, нутқ аппарати, яъни тил, лаб, танглай, овоз боғламлари тузилишидаги нуқсонлар киради. Бу омиллар товуш чиқариш жараёнини қийинлаштиради ҳамда нутқни равон шакллантиришга тўсқинлик қилади.
“Янги туғилган чақалоқнинг тил аппарати илк кунлардан ривожланиш босқичига киради. 0–6 ой оралиғида бола атрофдаги товушларга жавоб қайтаради: кулади, ғўлдирайди, “агу-агу” каби товушлар чиқаради. Бу даврда у сўз айта олмайди.
6–12 ойга келиб, “ма-ма”, “ба-ба”, “да-да” каби бўғинлар пайдо бўлади. Исмини чақирсангиз, қарайди. Бир ёшга яқин эса камида 1–3 оддий сўзни талаффуз қилади. 12–18 ой орасида луғат бойлиги 5–20 тага кўпаяди, оддий кўрсатмаларни тушунади (“кел”, “ол”, “бер”).
18–24 ой оралиғида 20–50 та сўзни ўзлаштиради, икки сўзли жумлалар туза бошлайди (“ая бер”, “дада кел”). 2–3 ёшда бола камида 200–300 сўз ишлата олиши, содда гаплар тузиши керак. Агар бола 2 ёшга етиб 10 тадан кам сўз ишлатса ёки 3 ёшга тўлганда ҳам гапирмаса, бу нутқ кечикаётганининг жиддий сигнали бўлиши мумкин”, – дейди лор-хирург, педиатр Жавлонбек Ҳамдамов.
Нутқ кечикиши мактабгача ёшдаги болаларда энг кўп учрайдиган ривожланиш муаммосига айланган. Бу ҳолатда бола товушларни чиқаришда, сўзлардан фойдаланган ҳолда мулоқот қилишда, тилни тушунишда тенгдошларидан ортда қолади.

Муҳит ва тарбия омиллари ҳозирда болаларда тил чиқиши кечикишининг кенг тарқалган сабабларидан биридир. Охирги йилларда ўсмирларнинг экран қаршисида (планшет, телефон, телевизор) ўтказадиган пайти тобора ортиб бормоқда. Эрта ёшдан “кўк нур” таъсирида узоқ вақт ўтказиш жонли мулоқотни камайтириб, диққат ҳамда нутқ ривожига салбий таъсир кўрсатади.
Гўдак телефонга қараб ўтирганида кўрган ва эшитган маълумотларини бир томонлама қабул қилади, лекин фаол жавоб бермайди. Натижада:
- сўз бойлиги етарлича кўпаймайди
- савол-жавоб қилиш, фикр алмашиш кўникмалари ривожланмайди
- диққат ва эслаб қолиш қобилияти пасаяди.

Дубай ва Шимолий амирликларда бир ёшдан тўрт ёшгача бўлган болалар ўртасида нутқнинг кечикиши ва экранда ишлаш вақти ўртасидаги боғлиқликни ўрганишга қаратилган тадқиқот ўтказилган. Унда маълум бўлишича, боланинг ўзини кунига 4 соатдан ортиқ экран қаршисида қолдириш нутқ кечикиши хавфини 40 фоизгача ошириши аниқланган. Гапира олмаслик ҳолатлари энг кўп 1 ёшли болаларда қайд этилган. Ҳолат ўғил болаларда қизларга қараганда сезиларли даражада юқори бўлган.
Тадқиқот натижаларига кўра, болага гаджетлар қанчалик эрта берилса, нутқ кечикиши хавфи шунчалик юқори бўлган. Масалан, 1 ёшга тўлмасидан экран ишлата бошлаган болаларнинг 34,4 фоизида нутқ кечикиши аниқланган. Аксинча, 3–4 ёшдан смартфонлардан фойдаланган болаларда бу кўрсаткич атиги 11,1 фоизни ташкил қилган.
Шунингдек, болалар экранни томоша қилаётганда ота-она назорати кучли бўлса, нутқ кечикиши ҳолатлари камайгани кузатилган. Бу эса ота-она ва бола ўртасидаги фаол мулоқот муҳимлигини англатади.

Боланинг гаджетларда томоша қилаётган видеоконтентлари тури ҳам тил кеч чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Мултфилм кадрларнинг тез алмашинуви, ёрқин ранглар ва баланд овозлар билан бойитилган бўлса, у боланинг миясини тўлиқ эгаллаб олиб, зўриқтиради. Бундай шароитда бола пассив томошабинга айланади: у воқеани кузатади, аммо мулоқотга киришмайди ва эшитган сўзларини фаол қўллашга эҳтиёж сезмайди. Натижада сўз бойлиги кенгаймайди, гапиришга рағбат пасаяди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, фақат мултфилм ва кўнгилочар видеоларни томоша қилган болаларда интерактив ёки таълимий контент кўрган тенгдошларига нисбатан нутқ кўникмалари секинроқ ривожланади. Негаки, таълимий контент болани фикр юритиш ва тушунганини ифодалашга мажбур қилади.
Демак, бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, муаммо фақат вақт чегарасида эмас – контентнинг сифати, мазмуни ва ота-онанинг томоша вақтида бола билан муҳокама қилиши жараёнда муҳим аҳамиятга эга.
Фото
Мултфилмлар болалар учун энг оммабоп кўнгилочар воситалардан биридир. Улар ранг-баранг, тезкор кадрлар алмашинуви ва чиройли овозлар билан болани ўзига тортади. Аммо сўнгги йилларда педиатр ва логопедлар айрим мултфилмлар болаларда нутқ ривожини секинлаштириши мумкинлигини таъкидламоқда. Масала шундаки, бундай мултфилмлар болани пассив томошабинга айлантириб, фаол мулоқот ўрнини эгаллайди.
“Инсон қиёфасидан узоқ бўлган мултфилм қаҳрамонлари болада нутқ ривожланишини секинлаштиришга таъсир ўтказади. Масалан, SpongeBob мултфилмидаги бош қаҳрамон тўртбурчак, сарғиш губка табиий лаб ва юз ҳаракатларига эга эмас. Бола сўз талаффузини ва мимикани кузата олмайди, бу эса онгга автоматик равишда таъсир қилиб, товушларни тўғри такрорлаш ва нутқ аппаратини машқ қилдириш жараёнини қийинлаштиради. 0–3 ёшда бундай қаҳрамонлари бор мултфилмларни гўдакка томоша қилдириш умуман тавсия этилмайди”, – дейди Комила Муталова.
Cocomelon
Ушбу мултфилм YouTube ва Netflix платформаларида энг кўп томоша қилинадиган болалар контентларидан бири бўлиб, ҳафтасига миллиардлаб кўришлар тўплайди. Унинг асосий хусусияти — ҳар 1-2 сонияда кадр алмашишида. Бу тезкор визуал таъсир боланинг миясини доимий равишда янги тасвир кутишга ўргатади, аммо сўзларни тинглаб, таҳлил қилиш ва тушунишга етарли вақт қолдирмайди. Мултфилмнинг катта қисми қўшиқ ва ритмик жумлалардан иборат, мулоқотга бой ҳикоялар эса кам. Мазкур ҳолат боланинг пассив томошабин бўлиб қолиши ва янги сўзларни фаол ишлатишини чеклайди.
Baby Shark қўшиғи
Pinkfong студияси томонидан яратилган “Baby Shark” қўшиғи бутун дунё бўйлаб феноменга айланди, яъни YouTube тарихидаги энг кўп – 16 миллиарддан ортиқ кўрилган видео бўлди. Ушбу видеолар қисқа, такрорланувчи ва содда сўзлардан иборат. Масалан, “Бабй шарк, доо доо доо” каби жумлалар ритмик тарзда қайта-қайта такрорланади. Бу болада эслаб қолиш қобилиятини кучайтириши мумкин, аммо сўз бойлигини оширмайди. Чунки нутқ контексти мавжуд эмас ва бола табиий суҳбат жараёнига қўшилмайди.
Маша ва айиқ
Россияда ишлаб чиқарилган ушбу мултфилм 100 дан ортиқ мамлакатларда намойиш этилади ва YouTube’да энг кўп кўрилган болалар видеоларидан бири ҳисобланади. Мазкур контентнинг кўплаб саҳналарда сўзлардан кўра ҳаракатлар устун бўлади. Маша образининг нутқи шошқалоқ, мураккаб ибораларга бой ва кўпинча метафорик бўлиб, кичик ёшдаги болалар учун уларни тушуниш қийин. Бола эшитганини қайта ишлашга улгурмайди ва визуал завқ билан чекланади. Бу эса нутқни фаол ўзлаштириш имкониятини камайтиради.
Бола мияси икки ёшга тўлгунча тез ривожланади. Шу давр тил ўрганиш учун энг сезгир пайт ҳисобланади. Бу вақтни пассив видео томоша қилиш билан ўтказиш нутқ шаклланишини кечиктириши мумкин. Шу сабаб ота-оналарга 2 ёшдан кичик болаларга мутлақо гаджет бермаслик, 2–5 ёшдагиларга эса экран вақтини кунига 1 соатгача чеклаш тавсия этилади.
Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Диёрахон Набижонова тайёрлади.
Оператор: Абдуқодир Тўлқинов.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
15:03 / 20.12.2025
Саида Мирзиёева “Сеҳрландия” мултфилми ҳақида: “Бу – биринчи қадам”
14:34 / 22.08.2025
“Калтакланадиган болалар ўқишда қолоқ, тажовузкор бўлиб улғаяди” – ЖССТ
12:49 / 20.08.2025
Бемор болажонларга қувонч улашган кун – “Сен кучлисан” лойиҳасида тўй
20:17 / 05.08.2025