Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бемор болажонларга қувонч улашган кун – “Сен кучлисан” лойиҳасида тўй
“Сен кучлисан” лойиҳаси ташаббуси билан 20 нафар гематологик касалликка чалинган болалар бир саҳнада ўз тўйларини нишонлади. Байрам муносабати билан болаларга махсус совғалар улашилиб, концерт дастури намойиш этилди.
2023 йилда Ўзбекистонда гематологик касалликларга чалинган болаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижодини тарғиб қилишга қаратилган “Сен кучлисан” лойиҳаси йўлга қўйилди. 14 август куни мазкур лойиҳа ташаббуси билан хаста болажонларнинг суннат ва мучал тўйлари нишонланди.
Тадбирни ташкиллаштириш сабабини лойиҳа асосчиси Маржона Нурмуҳаммедова қуйидагича изоҳлайди:
“Сен кучлисан” лойиҳасининг ташрифларидан бирида, бир хафа бўлиб ўтирган болажонга кўзим тушди. Хафа бўлиш сабабини сўраганимда: “Барча тенгдошларимнинг суннат тўйлари бўлди” деди. “Сеники бўлмадими?” десам, “йўқ, менга тўй қилишга ота-онамнинг шароити йўқ, биз фақат дори-дармон оламиз”, — деди. Биз буни жамоамиз билан муҳокама қилдик ва мана, бугун яхшилар кўмагида нафақат битта болажоннинг, балки 20 нафар болажоннинг шодиёна тўйини нишонламоқдамиз”.
Тадбирнинг яна бир ўзига хос жиҳати болалар томонидан яратилган расмлар ва буюмлар хайрия мақсадида сотувга қўйилиши бўлди. Бу нафақат уларга моддий ёрдам беради, балки ўз меҳнатининг қадрланишини ҳис қилиш имконини ҳам яратади.
“Ичида бир яхши одат борки, бемор болажонлар томонидан чизилган, тўқилган ва қўл меҳнати билан ясалган буюмлар аукционга қўйилади. Бугун мен ҳам қатнашиб, мана шундай чиройли суратларни қўлга киритдим. Биринчидан, қўл меҳнати билан яратилган ижод маҳсулини қадрлаймиз. Иккинчидан, мана шу лойиҳага озгина бўлса-да ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз. Чунки аукциондан тушган маблағлар болаларнинг операциясига, уларни чет элда даволатишга ёки моддий ёрдам сифатида ишлатилади. Бу уларга янги имконият, янги умид бўлиши мумкин”, — дейди лойиҳа иштирокчиларидан бири журналист Илёс Сафаров.
Лойиҳа ташкилотчилари келгусида ҳам бундай тадбирларни давом эттириш, болалар ижодини кенгроқ тарғиб қилиш ва уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни режалаштирган.
Лойиҳа асосчиси Маржона Нурмуҳаммедова келгусида бемор болаларни касб-ҳунарга йўналтириш режалари ҳақида гапирди:
“Ҳозир лойиҳамизда 400 дан ортиқ бемор болалар бор. Келажакдаги мақсадларимиз саратон касалликларининг имкон қадар олдини олиш, болалар ўлим сонини камайтиришга ўз ҳиссамизни қўшишдир. Шунингдек, уларнинг орзуларини амалга ошириш, касб-ҳунарга йўналтириш каби жуда кўп йўналишларни йўлга қўйиш режамиз бор. Бу мақсадлар йўлида биз тўхтаб қолмаймиз”, деди у.
Мавзуга оид
14:34 / 22.08.2025
“Калтакланадиган болалар ўқишда қолоқ, тажовузкор бўлиб улғаяди” – ЖССТ
17:55 / 16.08.2025
Cocomelon’дан Маша ва айиққача: диалогсиз мултфилмлар тил чиқишини кечиктиради(ми?)
20:17 / 05.08.2025
Андижонда маст эркак 14 ёшли болани калтаклади
10:30 / 05.08.2025