Ўзбекистон | 14:34 / 04.06.2020
29620
3 дақиқада ўқилади

Абитуриентларнинг ҳужжатлари онлайн режимда 1 ой давомида қабул қилинади – ДТМ директори

Давлат тест маркази директори Мажид Каримовнинг айтишича, абитуриентларнинг ҳужжатлари онлайн режимда 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади. Жараён ҳар куни 24 соат давом этади. 

У бу ҳақда Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида ўтган брифингда маълум қилди.

“Пандемияни эътиборга олиб бу йил абитуриентлардан ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари, Ягона давлат интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн тарзда қабул қилинади. Режа бўйича ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилиниши белгиланган, бу муддат бекор қилингани йўқ. Мана шу жараёнда онлайн тарзда иштирокчиларнинг рўйхатда ўтиши режалаштирилган. Жараён бир ой, ҳар куни 24 соат давом этади. Тизим мунтазам ишлайди ва қабул қилиш жараёни тўхтовсиз давом этади. 

Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлардан аввалгидай кўп ҳужжатлар талаб қилинмайди. Фақатгина шахсини ва маълумотини тасдиқловчи (шаҳодатнома ёки диплом) ҳужжатлар бўлса кифоя. Мана шу ҳужжатлар бўлган тақдирда интернет орқали Ягона давлат интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтига киради. У ерда “Рўйхатга олиш” бўлими бор, абитуриент шу ерга кириб биринчи навбатда паспорт маълумотларини киритади. 

Паспорт ва маълумотини тасдиқловчи ҳужжатлардаги маълумотлардан бошқа маълумотлар талаб қилинмайди. Агар абитуриент қандайдир имтиёзларга эга бўлса, имтиёзга эгалигини тасдиқловчи ҳужжат, ногирон ёки ҳарбий қисм тавсияномасига эга бўлса, шуларни тасдиқловчи ҳужжатлар керак бўлади. Бу ҳужжатларнинг ҳам тўртта тури талаб қилинади, қолган барча ҳужжатларни вазирлик ва идоралардан электрон тарзда оламиз. 

Бу тартиб аввалги йилларда ўқишни битирган абитуриентлар учун. Мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг бу йилги битирувчиларининг битирув, яъни ўрта маълумотига оид маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларни электрон шаклда олишимиз мумкин бўлади. Абитуриентларнинг паспорти орқали электрон базадан уларнинг маълумотига оид ҳужжат танлаб олинади”, дея Мажид Каримовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ДТМ директорининг таъкидлашича, абитуриентларда онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида борди-ю маълумотларни хато киритиб қўйган бўлишса, хатони тўғрилаш имкони мавжуд.

“Абитуриентларда рўйхатдан ўтиш жараёнида ҳужжатлардаги маълумотларни тўғри киритганини, маълумотларни тўғри тўлдирганини шахсий кабинет орқали текшириш имконияти мавжуд. Шунингдек, қандайдир тушунмовчилик юзага келганда аниқлик киритиш ва абитуриент билан боғланиш учун мобиль телефон рақамини киритиш керак ва кўрсатилган рақам мунтазам ишлаб туриши керак. Кейинчалик имтиҳонга рухсатномани олиш учун телефон орқали хабар берилади”, дейди Мажид Каримов.

Мавзуга оид