Иқтисодиёт | 14:12 / 22.04.2026
9321
5 дақиқада ўқилади

Умумий овқатланиш тармоқлари пешлавҳалар олиб ташланаётгани бўйича мурожаат билан чиқди

Dodo Pizza, Belissimo Pizza, Evos, Feed Up, KFC ва Papa Johns масъул идораларга жамоавий мурожаат йўллаб, Тошкент шаҳридаги пешлавҳалар ёппасига олиб ташланаётганидан шикоят қилди. Kun.uz суҳбатлашган тадбиркорлардан бири пешлавҳалар олиб ташланганидан кейин савдо пасайишни бошлагани, ресторанга одам кириши камайганини айтмоқда.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Тошкентдаги йирик умумий овқатланиш тармоқлари шаҳардаги пешлавҳалар ёппасига демонтаж қилинаётганидан норозилик билдириб, жамоавий мурожаат билан чиқди.

Dodo Pizza, Belissimo Pizza, Evos, Feed Up, KFC ва Papa Johns томонидан имзоланган мурожаат – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсманга йўлланган.

Унда қайд этилишича, 2026 йил бошидан буён пойтахтда тадбиркорлик субъектларининг пешлавҳаларини олиб ташлаш ишлари кўпинча тадбиркорларни олдиндан ёзма равишда огоҳлантирмасдан, бу талаб юзасидан низолашиш ёки ихтиёрий демонтаж қилиш учун муддат бермасдан амалга оширилмоқда.

Берилган хабарномаларда эса айнан қайси қонун нормаси бузилгани, номувофиқлик нимада экани, қайси дизайн талаблари асос қилиб олингани кўрсатилмаяпти. Камчиликларни ихтиёрий бартараф этиш учун вақт берилмаяпти.

Мурожаат муаллифлари бу амалиёт белгиланган тартиб ва процессуал талабларга зид эканини, айрим ҳолларда эса рўйхатдан ўтган товар белгиларига ҳам таъсир қилиб, бизнеснинг идентификацияси ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини чеклаётганини қайд этган. Шу боис улар демонтаж ишларини вақтинча тўхтатиш, аниқ ва шаффоф қоидаларни тушунтириш ҳамда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказишни сўрамоқда.

Тадбиркорлар “Товар белгилари тўғрисида”ги ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда белгиланган нормаларни эслатиб ўтган. Хусусан, расмийларнинг товар белгисини шаҳар дизайн-кодига мослаш талаби интеллектуал мулк ҳуқуқига дахл қилиши, бу ҳолат қонуний тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиши таъкидланган.

Улар умумий овқатланиш шохобчалари фасадидаги пешлавҳаларни демонтаж қилиш ишларини тўхтатиш ва бизнес-ҳамжамият билан расмийлар ўртасида учрашув ташкил қилишни сўрамоқда.

“Биз Тошкент шаҳрини замонавий ва кўркам кўринишга келтириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз, лекин Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, ҳуқуқий аниқлик ва тадбиркорларнинг процессуал ҳуқуқлари кафолатларига риоя қилиниши принципиал аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз”, – дейилади мурожаатда.

“Пешлавҳалар олиб ташланганидан кейин савдо пасайишни бошлади”

Муаммо бизнесга қўшимча харажат юкламоқда: тадбиркорлар пешлавҳаларни қайта тайёрлаш, ҳужжатлаштириш ёки бутунлай олиб ташлашга мажбур бўлмоқда. Бундан ташқари, номсиз қолган дўкон ва дорихоналар истеъмолчилар учун ҳам муаммо туғдиради – одамлар керакли жойни топишда қийналади, ортиқча вақт сарфлайди.

Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорлардан бирининг айтишича, у эгалик қиладиган ресторанларнинг бир нечтасидаги пешлавҳалар огоҳлантиришсиз олиб ташланган.

“Тошкентда ўндан зиёд филиалларимиз бор. Бизнинг ном ёзилган пешлавҳаларни олиб ташлаганини энг катта адолатсизлик деб баҳолайман. Битта туманда келиб огоҳлантиришди, бошқа тумандаги филиалимизни эса огоҳлантирмай бузишди. Дизайн кодга тўғри келмайди деб олиб ташлашга қарор қилишди, айрим туманлардаги филиалимизни огоҳлантирмасдан, эрталаб саҳардан келиб ечиб ташлашди, биз ўз ҳуқуқларимизни ҳам ҳимоя қила олмадик.

Бутун шаҳар қиёфаси бир хил дизайн код бўйича бўлиши керак экан. Катта-катта кафеларнинг номларини олиб ташлашди. Бу бизнесга катта ноқулайлик ва зарар туғдирмоқда: дейлик янги мижоз келди, у қаердан билсин бизнинг брендимизни? Номлар олиб ташланганидан кейин савдо пасайишни бошлади, ресторанга камроқ одам киришни бошлади”, – дейди у.

Тадбиркорнинг айтишича, пешлавҳалар олиб ташланганидан кейин уларни қайта тиклаш борасида амалий ёрдам берилмаяпти.

“Бизга йўналиш беришсин, ўзгартиришингиз керак, дейишса, биз йўқ демасдик. Дизайн код бўйича берган таклифларимизни ҳеч қандай асоссиз рад этишяпти”, – дейди у.

Ҳокимият кўрсатаётган ҳуқуқий асос

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йилдаги 428-сон қарорига кўра, ахборот берувчи пешлавҳалар юзаси 1 квадрат метрдан ошмаслиги керак. Акс ҳолда, улар ташқи реклама сифатида баҳоланади ва реклама жойи паспорти расмийлаштирилиб, тегишли тўлов ундирилади.

Бироқ бу тартибни қўллаш Тошкент кўчаларида бир хил эмас. Айрим ҳудудларда пешлавҳалар олиб ташланган бўлса, бошқаларида улар сақланиб қолган. Айниқса, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида номсиз қолган дўконлар кўпроқ кўзга ташланади, бироқ бу ерда ҳам ягона ёндашув йўқ.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан шаҳардаги энг серқатнов 472 км йўллар аниқланган ва биринчи босқичда 100 км ҳудуддаги пешлавҳалар демонтаж қилинмоқда. Бу босқичга асосан Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманлари кирган.

“Кимнингдир пешлавҳаси сақланиб қолган бўлса, у олдиндан қонуний расмийлаштирилган. Кейинчалик дизайн код талабларига мос келмаса, тадбиркорлар билан келишилган ҳолда ўзгартирилади”, – дейилади ҳокимлик изоҳида.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид