Ўзбекистон | 19:39 / 16.09.2024
7909
2 дақиқада ўқилади

Inbazar дўконида ходимни урган қоровул 7 суткага қамалди

Суд уни майда безорилик қилган деб топди. Ҳолатни тасвирга олиб турган дўконнинг бошқа бир ходимига ҳам майда безорилик моддаси билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фото: Kun.uz

Тошкентдаги Inbazar дўконида ходимни урган қоровул Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор, деб топилиб 7 суткага қамалди. Бу ҳақда 16 сентябр кунги суд мажлисидан Kun.uz мухбири хабар берди.

Судда, шунингдек, зўравонлик ҳолатини тасвир олиб турган дўконнинг яна бир ходимига ҳам юқоридаги модда асосида 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи йирик савдо марказларидан бири бўлмиш Inbazar'нинг Сергели туманидаги савдо маркази масъули Меҳрож исмли ходимини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Кўп ўтмай тармоқ раҳбари видеомурожаат қилиб, зўравонга жазо кўрилишини айтиб чиқди.

Шундан сўнг, раҳбарнинг ўзи ишчиларига зўравонлик қилгани, калтаклагани акс этган видеолар ҳам тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ зўравонлик акс этган ҳолатлар эски бўлиб, ҳеч ким ариза билан мурожаат қилмаганини билдирди. Расмийларга кўра, Inbazar асосчиси Омадбек Ҳолматовга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Аввалроқ Kun.uz ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлган воқеалар хронологияси келтириб ўтган эди.

Мавзуга оид