Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент педофил-рецидивистлар учун умрбод қамоқ жазоси киритилаётганига изоҳ берди
“Аёллар ва болаларга қўл кўтарадиган одам энди ё Ўзбекистондан кўчиб кетади, ё қонун асосида яшашга мажбур бўлади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 8 март – Хотин-қизлар куни арафасида ташкил этилган тадбирда аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича куни кеча имзолаган фармони ҳақида гапирди.
“Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасиз муҳит яратиш учун ўзимизга стратегик вазифа қабул қилдик. Шу ҳафтада яна бир муҳим фармонни имзоладим: энди хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларига қарши қатъий тизим асосида кураш олиб борилади.
У фармонни ўқиган одам тушунади: бу – жуда катта, онгни ўзгартирадиган фармон. Адолат ўрнатадиган фармон. Аёлларга тазйиқ кўрсатиб, қўл кўтарган, ёшларга қўл кўтарган – энди Ўзбекистондан ё кўчиб кетади, ё мажбур бўлади қонун асосида яшашга. Ўқиган бўлсаларинг, [муайян ҳолатларда педофилия жиноятлари учун жазо] умрбод деб ёзиб қўйдим. Юристлар қарши бўлди, лекин мен ўзбек миллатида бу бўлиши мумкин эмас, кўп миллатли халқимизга, Янги Ўзбекистонга ярашмайди деб, [умрбод жазони] ёзиб қўйдим”, – деди давлат раҳбари.
3 март кунги фармонга асосан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этган шахслар қуйидаги иккита жиноят: 14 ёшга тўлмаган шахснинг номига тегиш ёки 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятларидан бирини содир этган тақдирда, умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо тайинланиши мумкин.
Тегишли қонун 3 ой ичида ишлаб чиқилиши керак. Педофил-рецидивистлар учун кучайтирилган санкциялар – қонун қабул қилиниб, кучга кирганидан кейин амал қила бошлайди.
Видео:
Мавзуга оид
11:22
Ангренда дайди итлар ҳужуми оқибатида 8 ёшли бола ҳалок бўлди
23:45 / 06.03.2026
Тадбиркор президентга: барчани миллионерга айлантирдингиз
20:11 / 06.03.2026
Президент бир гуруҳ аёл ва қизларга давлат мукофотларини топширди
18:58 / 06.03.2026