Ҳамас корпуси Қатардан кетадими? Қайси давлатга?
Исроил мудофаа вазири “Ҳизбуллоҳ” мағлуб этилганини айтмоқда, лекин Ливанда ўт очишлар ҳали ҳам давом этяпти. Маҳмуд Аббос эса урушни тўхтатишга ваъда берган Трамп билан суҳбатлашди. “Геосиёсат”да Яқин Шарқдаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан таҳлилчилар Камолиддин Раббимов, Шавкат Икромов ва Бектош Бердиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Исроил мудофаа вазири “Ҳизбуллоҳ” енгилганини иддао қилди. Ливандаги жорий вазият қандай, сулҳдан умид борми?
Бектош Бердиев: Исроил мудофаа вазирининг сўзлари декларатив характерга эга. Чунки на Ҳамасни, на “Ҳизбуллоҳ”ни охиригача мағлуб қилиш имкони йўқлиги борган сари кўриниб боряпти. Исраэл Кацнинг баландпарвоз баёнот бериши асосан ички аудиторияга ёқиш учун айтилди. Эрон томонидан билдирилаётган фикрларга кўра, 18 минг атрофидаги “Ҳизбуллоҳ” жангчилари Исроил билан курашишга тайёр. Бундан ташқари, уларга доимий қурол-яроғ етказиб келиш муаммо бўлаётгани йўқ, чунки Ғазодан фарқли равишда, Ливан блокада қилинмаган. Қолаверса, Ливанга Сурия, Ироқ ва Эрондан турли ёрдам кучлари кириш имкони мавжуд.
Шавкат Икромов: Исроил тактик жиҳатдан “Ҳизбуллоҳ”ни мағлуб этгани тўғри, яъни урушаётган армиялар нуқтайи назаридан оладиган бўлсак, Ҳамас аллақачон уруш қобилиятини йўқотган, “Ҳизбуллоҳ” ҳам жуда катта зарбага учраган. Ҳам ҳарбий жиҳатдан, ҳам молиявий жиҳатдан, ҳам бошқа ресурслар нуқтайи назаридан. Шундан келиб чиқиб, тактик жиҳатдан Исроил мудофаа вазирлиги баёнотларини тўғри деб эътироф этиш мумкин.
Лекин стратегик нуқтайи назардан олиб қараганимизда, йўқ, ҳали “Ҳизбуллоҳ” енгилмаган ва гуруҳда урушиш қобилияти мавжуд.
Аммо яна бир жиҳати борки, Яқин Шарқ минтақасида барқарорликни жуда хоҳлашаётган етакчи араб давлатлари, хусусан Саудия Арабистони ва Миср каби давлатлар “Ҳизбуллоҳ”нинг фаолияти минтақа бўйлаб кенгайиб боришидан ва уларнинг кучи Яқин Шарқ минтақасида ошиб боришидан манфаатдор эмас. Масалан, Саудия Арабистони азалдан шиаларга қарши бўлиб келган, сўнгги пайтларда радикализмга қарши курашиш бўйича дастурларни амалга ошириб келмоқда.
Худди шундай Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Миср ҳам шу йўналишда ҳаракат қиляпти. Бу “Ҳизбуллоҳ” сиёсий жиҳатдан ҳам чекланиб бораётганини кўрсатади. Шу нуқтайи назардан айтишимиз мумкинки, “Ҳизбуллоҳ” аввалгидек қудратда эмас. Исроил томони Ливан ички сиёсатига аралашишни истаётганимиз йўқ деб доимий баёнот бермоқда. Ливанда ҳам “Ҳизбуллоҳ”дан чарчаш ҳолати бор.
Шундан келиб чиқиб, Ливан ўзи ҳам бу ерда тезроқ вазиятлар барқарорлашишидан манфаатдор ва доимий равишда халқаро ҳамжамиятга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига уруш кўламининг мамлакат ичкариси бўйлаб кенгайиб боришидан хавотирини билдирмоқда.
Сулҳ масаласида Исроил томони айтадики, аввал Ҳамас, энди эса “Ҳизбуллоҳ” устидан қозонилган ғалабани мустаҳкамлаш учун ҳали ичкарига кириб боришимиз керак, деган маънода баёнотлар бермоқда.
— Маҳмуд Аббос Трамп билан суҳбатлашган ва Трамп урушни тўхтатишга ваъда берган. Бу амалга ошадими, агар ошса, қандай?
Камолиддин Раббимов: Улар ўзаро мулоқотида Ғазодаги урушни муҳокама қилган. Доналд Трамп Америка ҳокимиятига келяпти, бу минтақадаги геосиёсий вазиятни ўзгартиради, чунки демократлар ва республикачиларнинг минтақага ёндашуви Эрон, Саудия ва бошқа давлатларга нисбатан фарқ қилади. Демократлар минтақадаги зўриқишларни камайтиришга ҳаракат қилиб, асосий эътиборини Хитойга қаратишга интилмоқда. Республикачилар эса Исроил билан иттифоқчиликка кўпроқ аҳамият берган.
Ундан ташқари, ислом ва араб давлатлари навбатдан ташқари саммит ўтказди, яъни ичкарида координация кетмоқда.
Бошқа элементлар ҳам бор. Мисол учун, ўтган даврда Хитой воситачилигида Саудия Арабистони билан Эрон ўртасида ярашув бўлди. Менда асосий савол шу эди: Доналд Трамп ҳокимиятга келаётган вақтда Саудия Арабистони ва Эрон ярашгани қандай натижа беради? Аммо бу сафар Саудия Арабистони орқага чекинмаяпти.
— Ҳамаснинг Қатардаги офиси қайси давлатга кўчиши мумкин?
Шавкат Икромов: Қатар томони агар Ҳамас сулҳни хоҳламаса, музокаралардан фойда йўқ деган хулосага келган. Томонларни яраштиришни Қатар кучли хоҳлаётган, халқаро ҳамжамият уларнинг сулҳини кутаётган бўлса-да, урушаётган томонлар буни хоҳламаётгани Қатарнинг хафсаласини пир қилди. Охирги пайтларда сиёсий бюро Доҳадан чиқиб кетиши бўйича аниқ баёнотлар берилмоқда. Кейинги масала, чиқиб кетгач, қаерга бориши ва чиқиб кетишининг ижобий ва салбий томонлари нимадан иборатлиги ҳақида ҳам фикрлар айтиляпти.
Ҳамаснинг Доҳадан кетиши АҚШ, Ғарб ва араб давлатлари учун ҳам Ҳамас назоратини қўлдан чиқариб юбориш билан тенг. Асосий офис Доҳада бўлганда, ҳаммасини назорат қилиш ва гаплашиш мумкин. Айнан Доҳада ўтирган сиёсий бюрода музокара қилиш мумкин бўлган сиёсатчилар, етакчилар йиғилган. Агар Қатарни тарк этса, йўналишлар сифатида Бағдод, Туркия ёки Эрон вариантлари ҳақида сўз боряпти. Бағдодга борадиган бўлса, назорат қўлдан чиқиб кетади, Эрон ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши, Ҳамас минтақада беқарорликни келтириши мумкин бўлган гуруҳлардан бирига айланиб қолиши эҳтимоли бор.
Бугунги кунда Ғарб матбуотида кўплаб таҳлилчилар ёзмоқда: Трамп маъмурияти максимал даражада ҳаракат қилиб, ҳаммасининг Доҳада туришини таъминлашга интилади. Агар чиқиб кетса, Туркия уни қабул қилиши мумкин, лекин тарихда Туркия қабул қилмаган вақтлари ҳам бўлган. Ироқ ҳудудига чиқиб кетиш эҳтимоли ҳам бор. Бу Яқин Шарқ учун, хусусан, назоратни сақламоқчи бўлган кучлар учун яхши сигналлар эмас.
Бектош Бердиев: Ҳамаснинг сиёсий бюроси Қатарда бўлса-да Ғазода турли гуруҳлар мустақил сиёсат юритмоқда. Шунинг учун Қатар маълум бир сиёсий босимларга ҳам дуч келмоқда.
Ҳамаснинг Қатардан кетиши музокараларни янада мураккаблаштиради. Айниқса, Эрон ёки Ироқ сари юзланиш гуруҳнинг назоратдан чиқиб кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун, фикримча, кўпроқ Туркияга кўчириш лозим. Туркия Қатардан кўра Ғарбга яқинроқ, Эрдўғаннинг НАТО ва бошқа давлатлар билан мулоқоти мавжуд.
Камолиддин Раббимов: Қатар одатда мусулмон дунёсининг, араб дунёсининг энг катта муаммоларини олиб чиқса-да, моҳиятан коллектив Ғарбга қарши эмас ёки Америкадан мустақил бўлган алоҳида геосиёсий марказ эмас. Қатар бу уникал бир феномен. Лекин Эрдўған – вақти-вақти билан жуда кучли сиёсий ўйинлар қила оладиган шахс. Агар Қатардан чиқиб кетиб, Ҳамас Туркияга келса, аксинча, гуруҳга таъсир қилиш салоҳияти Ғарбда пасаяди деб ўйлайман.
Исроил ҳам “Ал-Жазира” сабаб Қатардан гуруҳнинг кетишини хоҳлайди, лекин у офис, айтайлик, шиа дунёси, Эрон ёки Туркия таъсирига тушадиган бўлса, бу ундан ҳам каттароқ муаммо бўлишини яхши англайди.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
11:22 / 16.11.2024
Трамп қайтди: бу дунё сиёсатида нималарни ўзгартиради?
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
20:48 / 15.11.2024