Исроил мудофаа вазири “Ҳизбуллоҳ” мағлуб этилганини айтмоқда, лекин Ливанда ўт очишлар ҳали ҳам давом этяпти. Маҳмуд Аббос эса урушни тўхтатишга ваъда берган Трамп билан суҳбатлашди. “Геосиёсат”да Яқин Шарқдаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан таҳлилчилар Камолиддин Раббимов, Шавкат Икромов ва Бектош Бердиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Исроил мудофаа вазири “Ҳизбуллоҳ” енгилганини иддао қилди. Ливандаги жорий вазият қандай, сулҳдан умид борми?

Бектош Бердиев: Исроил мудофаа вазирининг сўзлари декларатив характерга эга. Чунки на Ҳамасни, на “Ҳизбуллоҳ”ни охиригача мағлуб қилиш имкони йўқлиги борган сари кўриниб боряпти. Исраэл Кацнинг баландпарвоз баёнот бериши асосан ички аудиторияга ёқиш учун айтилди. Эрон томонидан билдирилаётган фикрларга кўра, 18 минг атрофидаги “Ҳизбуллоҳ” жангчилари Исроил билан курашишга тайёр. Бундан ташқари, уларга доимий қурол-яроғ етказиб келиш муаммо бўлаётгани йўқ, чунки Ғазодан фарқли равишда, Ливан блокада қилинмаган. Қолаверса, Ливанга Сурия, Ироқ ва Эрондан турли ёрдам кучлари кириш имкони мавжуд.

Шавкат Икромов: Исроил тактик жиҳатдан “Ҳизбуллоҳ”ни мағлуб этгани тўғри, яъни урушаётган армиялар нуқтайи назаридан оладиган бўлсак, Ҳамас аллақачон уруш қобилиятини йўқотган, “Ҳизбуллоҳ” ҳам жуда катта зарбага учраган. Ҳам ҳарбий жиҳатдан, ҳам молиявий жиҳатдан, ҳам бошқа ресурслар нуқтайи назаридан. Шундан келиб чиқиб, тактик жиҳатдан Исроил мудофаа вазирлиги баёнотларини тўғри деб эътироф этиш мумкин.

Лекин стратегик нуқтайи назардан олиб қараганимизда, йўқ, ҳали “Ҳизбуллоҳ” енгилмаган ва гуруҳда урушиш қобилияти мавжуд.

Аммо яна бир жиҳати борки, Яқин Шарқ минтақасида барқарорликни жуда хоҳлашаётган етакчи араб давлатлари, хусусан Саудия Арабистони ва Миср каби давлатлар “Ҳизбуллоҳ”нинг фаолияти минтақа бўйлаб кенгайиб боришидан ва уларнинг кучи Яқин Шарқ минтақасида ошиб боришидан манфаатдор эмас. Масалан, Саудия Арабистони азалдан шиаларга қарши бўлиб келган, сўнгги пайтларда радикализмга қарши курашиш бўйича дастурларни амалга ошириб келмоқда.

Худди шундай Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Миср ҳам шу йўналишда ҳаракат қиляпти. Бу “Ҳизбуллоҳ” сиёсий жиҳатдан ҳам чекланиб бораётганини кўрсатади. Шу нуқтайи назардан айтишимиз мумкинки, “Ҳизбуллоҳ” аввалгидек қудратда эмас. Исроил томони Ливан ички сиёсатига аралашишни истаётганимиз йўқ деб доимий баёнот бермоқда. Ливанда ҳам “Ҳизбуллоҳ”дан чарчаш ҳолати бор.

Шундан келиб чиқиб, Ливан ўзи ҳам бу ерда тезроқ вазиятлар барқарорлашишидан манфаатдор ва доимий равишда халқаро ҳамжамиятга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига уруш кўламининг мамлакат ичкариси бўйлаб кенгайиб боришидан хавотирини билдирмоқда.