2026 йил 1-чорагида Россия ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,2 фоизга қисқарди. Бир неча кун олдин ҳукумат жорий йилги ўсиш прогнозини 1,3 фоиздан 0,4 фоизгача пасайтирган эди. Бу – ўтган йилги 1 фоизлик ўсишдан ҳам пастроқ. “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Абдували Сойибназаров ва Шуҳрат Расул бунинг сабаблари ҳақида сўз юритди.

— Россия ҳукумати нега иқтисодий ўсиш прогнозини уч баробарга туширди?

Абдували Сойибназаров: Аввало, асосий сабаб сифатида Ғарб санкциялари ва экспорт чекловларини кўрсатиш мумкин. 2022 йилгача Россия асосан Европа Иттифоқи давлатлари билан йирик савдо алоқаларига эга эди ҳамда нефт-газ экспортининг катта қисмини юқори бозор нархларида айнан Европага сотиб келган.

Ҳозир эса Россия экспорт йўналишларини Осиё ва қисман Африка давлатларига буришга мажбур бўлди. Бугунги кунда унинг асосий ҳамкорлари орасида Хитой, Ҳиндистон, Ветнам ва бошқа айрим давлатлар бор. Бироқ Россия эндиликда энергия ресурсларини аввалгидек юқори ва қулай нархларда сота олмаяпти. Натижада экспортдан олинаётган фойда ҳам сезиларли даражада камайган.

Бундан ташқари, технологик импортга қўйилган чекловлар узоқ муддатли иқтисодий ўсишни секинлаштирмоқда. Ғарб томонидан жорий этилган кўплаб санкция пакетлари Россия иқтисодиётига босқичма-босқич таъсир кўрсатмоқда.

Яна бир муҳим омил – юқори фоиз ставкалари. Инфляцияни жиловлаш мақсадида Россия Марказий банки қайта молиялаш ставкасини юқори даражада ушлаб турибди. Бу эса бизнес учун кредитларни қимматлаштиради ва иқтисодий фаолликнинг пасайишига олиб келади.

Тадбиркорлар учун инвестиция қилиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш тобора мураккаблашмоқда. Шунингдек, мамлакатда малакали ишчи кучи тақчиллиги ҳам кучайган. 2022–2023 йиллардаги ҳарбий сафарбарлик даврида кўплаб юқори малакали мутахассислар, айниқса IT соҳаси вакиллари хорижга чиқиб кетди. Бу ҳолат Россиянинг технологик ва иқтисодий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Умуман олганда, санкциялар, экспорт даромадларининг қисқариши, юқори фоиз ставкалари ва малакали кадрлар оқими Россия иқтисодий ўсиш прогнозининг кескин пасайишига сабаб бўлаётган асосий омиллар ҳисобланади.

Шуҳрат Расул: Аслида 1,3–1,4 фоизлик иқтисодий ўсишнинг ўзи ҳам макроиқтисодиёт нуқтайи назардан жуда паст кўрсаткич ҳисобланади. Айрим иқтисодчилар бундай ўсишни реал ривожланиш эмас, балки статистик хатолик даражасидаги кўрсаткич сифатида баҳолайди. Яъни 1 фоиз атрофидаги ўсиш иқтисодиётда сезиларли ижобий ўзгариш борлигини англатмайди.