Ўзбекистон | 09:00 / 23.11.2019
24948
5 дақиқада ўқилади

Гербарий ҳақида нималарни биламиз? Ўзбекистон миллий гербарийсига фотосаёҳат

Ўзбекистон миллий гербарийси дунёда муқобили йўқ илмий муассаса бўлиб, ЎзФА Ботаника институти тасарруфига киради. Бу муассаса Марказий Осиё ўсимликлари бўйича дунёда энг катта гербарий ҳисобланади.

Ботаника институти директори, Биология фанлари доктори, академик Комилжон Тожибоев Миллий гербарий тарихи, гербарий йиғиш, уни рўйхатга олиш, сақлаш жараёни ва бошқалар ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, гербарийнинг илк намуналари 1835-1840 йиллардан бошлаб терилган. Гербарийлар бутун Марказий Осиё бўйлаб йиғилган. Ҳозирги кунда 1,5 миллиондан ортиқ намуна сақланади. Қуйидаги суратда 1841 йилда терилган гербарий тасвирланган.

Марказий Осиё ҳудудида бу ишга дастлаб рус тадқиқотчилари киришган. Шунингдек, маҳаллий аҳоли орасидан кўнгилли тарзда ноёб ўсимликларни йиғиб берувчи инсонлар ҳам бўлган. Шундай инсонлардан бири Муса Маҳмуд исмли киши. У махсус гербарий терувчи бўлган.

Академик Комилжон Тожибоев Миллий гербарийнинг бугунги кунгача қандай таркибда етиб келгани ҳақида маълумот берди.

«Аввал бу Марказий гербарий деб аталар эди. Бунга сабаб турли ҳудудларда илмий муассасаларда ҳам гербарий бўлган. Ўтган асрнинг 80-йилларида Тошкентдаги тўртта асосий гербарийни бирлаштириш орқали ташкил қилинган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ), Ўсимлик моддалари кимёси ва Ботаника институтларининг гербарийлари ҳамда Табиат музейидаги тарқоқ ҳолдаги гербарийлар бирлаштирилиб, Марказий гербарий ҳолатига келтирилган. 2018 йилда президентимиз томонидан Миллий гербарий мақоми берилди. Бу ерда ҳозир 30 нафарга яқин ходим ишлайди», дейди у.  

Қуйидаги суратдаги гербарий тип намуналари коллекцияси фан учун янги деб топилган ўсимликларнинг биринчи намунаси бўлиб, ўсимликнинг паспорти саналади. Бу хонада 2 мингдан ортиқ намуна сақланади.

Гербарийни номлашда фанга янги ўсимликни олиб кирган олимга уни номлаш ихтиёри берилади. Бирор ҳудуд, биринчи намунани терган олим номига ёки ўсимликнинг қайсидир хусусиятига қараб ном қўйилади.

Академик Комилжон Тожибоев гербарийларни рақамли форматга ўтказиш ишлари кетаётгани хусусида маълумот берди.

«Ҳозирда гербарийларни рақамли форматга ўтказиш ишлари кетмоқда. Ҳар битта намуна сканерланиб рақамли форматга ўтказилади. Ундан кейин унинг терилган нуқталари Google’дан аниқланади. Нуқталар қўйилгандан кейин, айтайлик, табиатда бўлаётган ўзгариш қай даражада кетяпти, флора ўсимлик турлари ўзгариши, йўқолиши, келиб қолиши ҳамда кўпайишини йиллар давомида кўриш имкониятига эга бўламиз. Гербарийни бойитиш учун ҳар йили бир ярим минг донадан уч мингтагача намуналар олиб келинади», дейди у.

Институт директори гербарий йиғиш аҳамияти ҳақида гапирар экан, уни йиғиш ва асраш фундаментал хусусиятга эгалиги, ботаникада олиб борилаётган тадқиқотларнинг ҳаммаси гербарийга асосланиши, шунинг учун ҳам вақт ўтгани сайин аҳамияти ортиб бораверишини таъкидлади.

Гербарийларни тизимга солиш бўйича ўзига хос система — энглер системаси амал қилади. Системага кўра, ўсимликнинг пайдо бўлиши ва эволюцион ривожланиш поғонасига қараб улар жойлаштириб чиқилади ва рақамланади. Бутун дунё бир номдаги гербарий бир рақам остида сақланади. Дунёнинг исталган нуқтасидаги гербарийда уни шу рақам билан топиш мумкин. Масалан, 1048 ҳамма жойда мойчечаклар туркуми, 1049 эса — ёввойи пиёзлар.

Гербарий терилаётганда нималарга эътибор қаратилади?

Ўсимлик топилгандан сўнг дафтарга унинг топилган жойи, ҳозирда GPS координаталари киритилади. У махсус асбоб билан кавлаб олинади. Гербарийга унинг барча асосий органлари кириши керак: илдизи, пояси, барги ва ҳоказо. Кейин ичи ғовак икки картон орасига оддий қоғоз (асосан, газета қоғози) қўйилиб, унинг ичига гербарий қўйилади. Қоғознинг пастки қисмига ёрлиқча ёпиштирилади.

Бир неча гербарий ёғочдан ясалган ва тасма билан боғланадиган прессда сиқилади. Кунига бир ёки икки марта қоғози алмаштирилади. Қуритиш бир ҳафтадан ўн кунгача давом этади. Шунда ҳалиги гербарий қуригандан кейин ҳашак каби уваланиб кетмайди.

Бундан ташқари, замонавий методлар асосида ҳам қуритиш мумкин. Гербарийнинг энг асосий душмани ҳар хил ҳашаротлардир. Қуритилган гербарий институтга олиб келингандан сўнг ҳашаротларидан қутулиш учун -18 даражали музлатгичга қўйилади. Ҳашаротларга қарши курашиш учун гербарийларга йилда бир марта махсус дори билан ишлов берилади.

Йигитали Маҳмудов тайёрлади,
Фотолар муаллифи: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид