Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Академик билан суҳбат: Миллий флорани асрашга бўлаётган ҳаракат, «Қизил китоб»нинг янги нашри ва бошқалар ҳақида
Kun.uz мухбири ЎзФА Ботаника институти директори академик Комилжон Тожибоев билан суҳбат ташкил этди. Унда Ўзбекистон флораси, унда бўлаётган ўзгаришлар, йўқолиш хавфида бўлган ўсимликлар, янгидан нашр этилаётган «Қизил китоб», шунингдек ботаника фанида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳақида сўз боради.
— ЎзР ФА Ботаника институти фаолияти, бугунги илмий салоҳияти ҳақида маълумот берсангиз?
— Ботаника институти Ўзбекистонда табиий тарзда ўсувчи ёввойи ўсимлик олами билан шуғулланадиган ягона илмий муассаса ҳисобланади. Аксарият ҳолатларда мазкур институтнинг мақсад ва вазифалари, устувор тадқиқот йўналишлари бошқа илмий тадқиқот муассасалари, жумладан экиб-етиштириладиган, қишлоқ хўжалик экинларини тадқиқ этадиган институтлар фаолияти билан адаштириш ҳолатлари учраб туради. Демоқчиманки, бизнинг муассасада инсонлар томонидан парвариш қилинадиган ўсимликлар тадқиқот объекти ҳисобланмайди. Бу — табиий флора билан шуғулланадиган ягона институтдир.
Ўзбекистон ҳудуди ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турадиган ўсимликлар қопламига эга. Албатта, бу ерда экинзорлар назарда тутилмаяпти. Табиий флора турлари ер ости ва ер усти бойликлари каби давлатнинг миллий бойлиги саналади. Бу бойлик қанақа аҳволда, таркиби нималардан иборат, сарҳисоби, уни қандай сақлаб қоламиз, қандай қилиб унумли фойдаланамиз, мониторингини юритиш, «Қизил китоб»га кирган ўсимликлар, уларнинг давлат кадастрини юритиш ва шу каби масалалар бўйича тадқиқотлар олиб борилади. Фундаментал тадқиқотлар қаторига бу флора келиб чиқиши, қайси географик элементлар бунга асос бўлган, уларнинг миграцияси қандай бўлган, эволюцияси қай тарзда кетяпти каби илмий муаммолар киради.
Айни пайтда институт ўтиш даврини бошидан кечирмоқда. Турли сабабларга кўра институт аввал Ботаника боғи, кейинчалик эса Зоология институти билан қўшиб юборилди. Бу ҳолат ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Бажарилаётган лойиҳаларни, илмий лабораторияларни сунъий равишда қўшиш, қабул қилинган қарорларга мувофиқлаштиришга уринишлар бўлди.
Айрим ёши улуғ олимлар институтни тарк этишди. Айримлари эса ўзларидан шогирдлар сафини қолдиришмади. Оқибатда эса «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ва Зоология институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3256-сон қарори билан Институт алоҳида илмий тадқиқот муассасаси сифатида қайтадан шакллантирилган вақтда асосан ёшлардан иборат бўлган жамоа таркибидан иборат бўлиб қолди. Бу ерда бошқа институтлардаги каби ёши улуғ олимларни кўп учратмайсиз. Авлодлар алмашинуви оғир кечди, шунинг орқасидан институт қийин аҳволга тушиб қолганди.
Беш йил аввал институтга директор бўлиб келганимдан сўнг ишни ёш олимларни жалб этишдан бошладик. Бунинг учун илмий иш қилишга лаёқатли ёшларни вилоятлардан танлаб олдик.
Ишларимиз самарасини кўрсатди, албатта. 2018 йил натижаларига кўра, ёш олимлар институт илмий салоҳиятининг 36 фоизини ташкил этди. Фалсафа доктори ёки фан доктори бўлган ёш илмий ходимлар эса ҳозирги кунда 46 фоизни ташкил этади. 2016–2018 йил оралиғида 25 нафар илмий ходим асосий иш ўрнига қабул қилинди. 3 йил ичида институт 30 фоизгача янгилаш жараёнини ўз бошидан кечирди. Бугун қанчалик қийин бўлмасин, бу ёшлар институт эртаси ҳисобланади. Улар билан кўпроқ ишлаш, тарбиялаш, йўналтириш эртанги кун муваффақияти гарови ҳисобланади.
Ҳозирги натижаларимизни ёмон деб айтолмайман. Илмий тадқиқот натижаларини чоп этиш деярли икки баробарга ўсди. Институтда бир қатор хорижий лойиҳалар бажарилмоқда, молекуляр-генетик тадқиқотларга ихтисослаштирилган янги лабораториялар ташкил этилди. Институт биноси тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўриниш олди, ёш олимларимиз етакчи хориж муассасаларида малака оширмоқда.
— Институтда ҳозирги кунда қандай илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда?
— Институт томонидан амалга оширилаётган кўзга кўринарли ишлардан, натижалардан бири бу Марказий Осиёда энг йирик ҳисобланган кўп жилдли Ўзбекистон миллий флорасини нашрга тайёрлаш бошланган. Маълумки, ҳар бир соҳанинг тарихи, таянадиган фундаментал манбаси бўлади. Бунгача соҳадаги йирик лойиҳалардан бири 6 жилдли Ўзбекистон флораси 1941-1962 йилларда бажарилган эди.
Ундан кейин, ҳатто мустақилликка эришгандан кейин ҳам «Ўзбекистон флораси» деб номладиган тадқиқотлар бошланмади. Миллий бойлигимиз ҳисобланган ўсимлик оламини ўрганишга эътибор етарли даражада бўлмади. Бугунги кунга келиб илмий салоҳият ортиши, тадқиқотлар моддий-техника базаси мустаҳкамланиши, хорижий алоқалар кучайиши каби омиллар бу фундаментал лойиҳани Марказий Осиёда биринчи бўлиб бошлашга имкон берди.

Бу нафақат жуда катта илмий салоҳиятни, шунингдек, вақт, маблағни ва юқорида айтганимиздек хорижий ҳамкорликни талаб этади. Ҳозирги кунда бу лойиҳа бўйича 10дан ортиқ хорижий олимлар ва 15га яқин маҳаллий олимлардан таркиб топган жамоа иш олиб бормоқда. Жумладан, нашрнинг бош муҳаррири Хелсинки Табиат музейи профессори, Ўсимликлар таксономияси бўйича халқаро ассоциация қошидаги доимий коммиссия раиси Алексей Сенников ҳисобланади. Россия Федерацияси, Германия, Корея ва Хитойдаги етакчи олимлар хорижий иштирокчилар қаторидан ўрин олишган. Айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари ва маҳаллий олимлар билан биргаликда ботаник олимларнинг янги авлодини етиштириш, тарбиялашга харакат қиляпмиз.
Кейинги ўн йилликдаги тадқиқотлар натижасида дунё флораси учун янги бўлган 2та туркум, 40дан ортиқ ёввойи ўсимлик турлари кашф этилди.
Марказий Осиё ўсимликлари аниқлагичининг 11-жилдини якунладик. Бунга салкам 10 мингдан ортиқ ўсимлик киритилган. Минтақадаги олимлар, қолаверса, бу улкан ҳудуд флораси билан тадқиқотлар олиб борувчи барча олимлар учун ҳозирда бундан таянч манба сифатида фойдаланмоқда.
Ботаника боғи ва Ўзбекистон миллий гербарийси ҳам институт тасарруфига киради. Ўзбекистон миллий гербарийси жаҳонда Марказий Осиё ўсимликлари бўйича дунёдаги энг йирик коллекция ҳисоблади, унинг бу ҳажмдаги муқобили йўқ.

Ботаникада олиб борилаётган барча тадқиқотлар гербарийга асосланади. Шунинг учун ҳам гербарий иши фундаментал характерга эга. Вақт ўтгани сайин гербарий намуналарининг аҳамияти, қиймати фақат ортиб бораверади.
Ўзбекистон Миллий гербарийсидаги дастлабки намуналар 1835–1840 йилларга тўғри келади. Намуналарнинг умумий сони 1,5 миллиондан ортиқ бўлиб, гербарийни бойитиш учун ҳар йили бир ярим минг донадан уч мингтагача янги намуналар олиб келинади.
— Ўзбекистонда гербарий йиғиш ва сақлаш ишлари дунё илм-фани билан таққослаганда қай даражада?
— Ривожланланган давлатларда гербарий фондлари миллий бойлик сифатида эътироф этилиб, уларга энг бебаҳо санъат асарларининг йирик жамланмаси, музейлар каби муносабатда бўлинади. Австрия, Германия, Франция, Италия, Англиядаги ёки АҚШдаги қатор гербарийлар энг замонавий асбоб ва ускуналар таъминланган. Чунки унда нафақат миллий, қолаверса, умумжаҳон аҳамиятига эга бўлган бойлик сақланади. 200-300 йиллик намуналарни бешикаст сақлаш учун зарур бўлган барча шароитлар яратилган.
Ўзбекистон Миллий гербарийси шу каби ҳурмат ва эътиборга лойиқ бўлган бебаҳо бойлик ҳисобланади. 2018 йил 17 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-3861-сон қарорга кўра, гербарийга «Ўзбекистон Миллий гербарийси» мақоми берилди ва 2021 йилдан Ботаника институти, Ўзбекистон Миллий гербарийси ва Ботаника музейи учун махсус бино қурилиши белгиланган.
— Институт томонидан Оролбўйи минтақаси ўсимлик оламини бойитиш борасида тадқиқотлар, амалий ишлар қилинмоқдами?
— Кейинги 20-25 йил вақт оралиғида бажарилган лойиҳалар муддати қисқа ва молиялаштириш ҳажми унча юқори бўлмагани учун бу билан кўпроқ минақавий институтлар, кўпроқ Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими шуғулланиб келди. Қолган катта ҳудудлар: Қизилқум, Ғарбий Тиёншон, Помир-Олой тоғлари, Фарғона водийси институт асосан тадқиқотлар олиб борадиган ҳудудлар сифатида қараш мумкин бўлиб келди. Бугунги кунга келиб эса Қорақалпоғистоннинг Устюрт платосида кенг кўламли фундаментал тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, институт ходимлари Марказий Осиё мамлакатлари, Корея, Хитой ҳудудлари бўйлаб ҳам дала тадқиқотлари олиб боришмоқда.
Юқоридаги сабабларга кўра Орол муаммолари билан шуғулланишдан бироз чекландик. Кейинчалик бу муаммолар глобал аҳамият касб этиши юзага чиқа бошлагандан кейин институт томонидан замонавий илм услубларини қўллаган ҳолатда тадқиқот олиб бориш керак деган фикрга келинди.
Бу ҳудудда бошлаган биринчи жиддий ишимиз Оролбўйи минтақаси ҳудуди, Устюрт платосидаги тадқиқотлар ҳисобланади. Тадқиқот Орол денгизи қуриши билан боғлиқ бўлган табиий офат ўсимликлар қопламига қай даражада таъсир кўрсатди, шунингдек, унга Устюртда ривожланиб бораётган нефть-газ саноати қандай таъсир этяпти ва кейинчалик қандай бўлади, деган мазмунда борди.
Денгизнинг қуриган тубидан кўтарилаётган қум ва туз зарраларининг Оролбўйи минтақаси аҳолиси соғлиғига, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигига таъсири борасида оммавий ахборот воситалари орқали кўп фикр билдирилмоқда. Аммо бу экологик тушкунликнинг денгизга чегарадош ҳудудлар табиий биохилма-хиллигига таъсири масаласи бироз диққатдан четда қолмоқда.

Ваҳоланки, денгизнинг қуриган қисми ва Устюрт платосини боғлаб турган шарқий чинк ёнбағирларида ўта ноёб ўсимлик турлари ва улар ташкил этган камёб ўсимлик жамоалари бугунга келиб ҳимояга муҳтож ҳолатга келиб қолган. Айнан шарқий чинкда ёввойи дўлананинг (Crataegus korolkowii L. Henry) Марказий Осиё ва Кавказ тоғларида тарқалган популяцияларини боғлаб турувчи ва тупларининг умумий сони 200 тупдан ошмайдиган Устюрт популяция ўсади.
Ёки наъматакнинг ноёб тури, Ўзбекистон Репсубликаси Қизил китобига киритилган камёб ўсимлик – малокакарпус турларининг популяцияси сони камайиб бормоқда. Денгиз қуримасдан аввал ушбу ҳудудларда тарихан шаклланган мезофит (намсевар) ўсимлик жамоалари структурасида ўзгаришлар юзага кела бошлади.
Юқорида зикр этилган ҳолатларни илмий асослаш мақсадида институт ходимлари лойиҳа доирасида глобал иқлим ўзгаришлари ва бевосита, Орол денгизининг қуриши оқибатида Устюрт платоси ўсимлик қопламида юз бераётган ўзгаришларни замонавий ахборот дастурлари ёрдамида ўрганишмоқда ва келгусида, 50 йилдан кейин ҳаво ҳароратининг 2-2,5 даражага кўтарилиши оқибатида ўсимлик қопламида юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларни башорат қилишмоқда.
Энди бевосита Орол денгизининг қуриган қисмида юз бераётган ўзгаришларни тадқиқ этишга тўхталадиган бўлсак, тадқиқотларни бу ерларда юз бераётган динамик жараёнларни мониторинг қилиш учун бирламчи восита сифатида Орол денгизининг қуриган сатҳи ўсимликлар қопламини хариталашдан бошлаш лозим деган фикрга келдик ва олимларимиз 3 йиллик тадқиқотлар натижасида иккита профил бўйлаб денгизнинг жануби-ғарбий қуриган қисми ўсимлик қопламининг харитасини ишлаб чиқишди. Ушбу харита эндиликда денгизнинг қуриган қисмининг ўсимликлар билан қопланиш механизмини англашда муҳим аҳамият касб этади.
Лекин шунга қарамай минтақада асосий муаммо денгизнинг қуриган қисмидаги кўчар қумликларни ва шўрхокликларни стресс омилга чидамли ўсимликлар ҳисобига мустаҳкамлаш ҳисобланади. Бу йўналишда биз катта тажрибага эга бўлган Хитой Фанлар академияси Шинжон бўлими Экология ва география институти ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз.
Мазкур институт ходимлари томонидан дунёдаги энг йирик чўллардан бири Такла-Макон чўлида кўчар қумларни мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган. Мазкур чўл бўйлаб ўтган автомагистрал атрофида «Яшил девор» барпо этишга қаратилган улкан лойиҳа доирасида қарийб 500 километрга етадиган йўл атрофида саксовул, қандим ва шунга ўхшаш қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ҳисобига 70-100 метр кенгликда сунъий ўрмон барпо этилиб, қум кўчишига барҳам берилган.
Узоқ йиллар давомида синовдан ўтказилган турлардан фойдаланиб илмий томондан чуқур асосланган технология қўлланиши мазкур лойиҳа муваффақиятли якунланиши гарови ҳисобланади.
Шу ва бир қатор бошқа лойиҳалар натижаларини ўрганиб чиққанимиздан сўнг хитойлик ҳамкасбларимизга институт ходимлари томонидан ушбу йўналишда олиб борилган тадқиқотлар юзасидан маъруза қилиб бердик ва Орол муаммоси бўйича ҳамкорликда тадқиқот олиб бориш юзасидан таклиф билдирдик. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг сўнгги технологияларни қўллаган ҳолда денгизнинг қуриган сатҳида қум уюмлари ва шўрхокликда иккита демонстрацион майдонларни яратишга қаратилган лойиҳани амалга оширишга келишилди.
Лойиҳани молиялаштириш Хитой Фанлар академияси томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг дастлабки йилида Мўйноқ тажриба станцияси ҳудудида Хитойдан олиб келинган 16 тур ўсимлик синовдан ўтказилмоқда ва синовдан ўтган турларнинг уруғчилик коллекцияси ташкил этилмоқда. Лойиҳанинг кейинги босқичларида ерости сувларидан фойдаланган ҳолда томчилатиб суғориш усули билан маҳаллий ўсимлик турлари ва четдан олиб келинган ўсимликларни денгизнинг қуриган қисмидан танланган икки хил шароитдаги тажриба майдонларида ўстириш режалаштирилган. Ушбу технология синовдан муваффақиятли ўтса тегишли ташкилотларга уни жорий қилиш бўйича тавсияномалар ишлаб беришни режалаштирганмиз.
— Тадқиқот кўзланган натижаларга эришса, унинг кейинги тақдири қандай кечади? Лойиҳа доирасида қанчадир фан доктори ва Phd диссертанти тайёрлаш режалаштирилганми?
— Биз тадқиқот натижаларини хорижий ва маҳаллий журналларда эълон қилиб, таништириб борамиз. Қўшма тадқиқотларнинг маълум бир босқичи якунланганидан сўнг халқаро конференция ташкил этиш режамиз бор. Унга масалага тааллуқли бўлган хорижий ташкилотлар, нуфузли олимлар ва фондлар таклиф этилади. Бундан ташқари, илмий-амалий семинарлар уюштириш ва унга нафақат илмий жамоатчилик, қолаверса, амалиёт соҳаси вакилларини таклиф этиш ҳам белгиланган. Шундан сўнг технологиялар трансфери амалга оширилади ва тегишли давлат ташкилотларига тавсия этилади.
Бу тадқиқотлар доирасида шунча фан доктори ёки фалсафа доктори тайёрлаймиз деган баландпарвоз режалар белгиланмаган. Албатта, иш бўлган жойда натижа бўлади. Менинг илмий раҳбар ва муассаса раҳбари сифатида тамойилим шундайки, тадқиқотлар диссертация тайёрлаш, илмий даража олишга қаратилмаслиги лозим. Илмий тадқиқот фандаги муаммони ҳал этиши, унинг ечими маълум бир ижтимоий-иқтисодий масалага хизмат қилиши лозим. Тадқиқотларнинг етарли даражадаги маромда бажарилиши ўз-ўзидан илмий даража ёки унвон олинишига олиб келиши мумкин.
Диссертация орқасидан қувишга қаршиман. Айтайлик, тадқиқотчи шунга эришди ҳам, диссертациясини ёқлаб олди ҳам дейлик. Кейин у нима қилади, навбатдагисига ўтадими — ундан илм-фанга ва жамиятга наф қанчалик!? Олим учун илм йўлида мақсад бирламчи бўлиши лозим, иккинчидан, янгидан янги вазифа қўйиш зарур бўлади.
— «Қизил китоб»га киритилган ўсимликлар йўқолиб кетаётгани қандай аниқланади? Шу тўғрисида қандай тадқиқотлар олиб борилган?
— Сўнгги 20 йил ичида айнан «Қизил китоб»га қаратилган махсус тадқиқотлар бўлмаган. Ҳозиргача «Қизил китоб»нинг 4та нашри чоп этилган бўлса-да, 1984 йилдан кейинги нашрлар алоҳида тадқиқот лойиҳалари натижаси эмасди. Чоп этилган охирги учта нашр асосан олимларимизнинг кўп йиллик тажрибаси, илмий салоҳиятидан фойдаланиш ҳисобига бажарилиб келинди.
Бу масалани ҳал этиш учун институт 2015 йилдан бошлаб табиий флора турларининг давлат кадастрини юритиш ишларини давлат амалий лойиҳалари доирасида киришди. Тадқиқотлар вилоятлар кесимида олиб борилиб, ҳудуд флорасидаги ўсимликларнинг кадастр рўйхати, камёб, йўқолиб бораётган ва «Қизил китоб»га киритилган турлар бўйича геоахборот тизими асосидаги хариталар тайёрлаб келинмоқда.
2015–2016 йилларда Жиззах вилояти учун кадастр тадқиқотлари якунланди. Унинг натижалари асосида кўпроқ амалий аҳамиятга эга бўлган намунавий қўлланмалар чоп этиш учун тайёр ҳолатга келди. Ундан кейин Самарқанд, Қашқадарё вилоятларини бўйича изланишларни тамомлаб, натижалар 2018 йилда чоп этилди. Бу йил Навоий вилояти ўсимликларининг кадастрини тугатдик ва нашр учун бердик. Келгуси йилда Бухоро вилоятини якунлаймиз. Бу тадқиқотларнинг натижалари табиатни муҳофаза этиш, ундан фойдаланиш борасидаги тегишли давлат ташкилотларига жорийлаштириш баробарида Қизил китобнинг навбатдаги нашрларини тузишда ҳам фойдаланиб келинмоқда.
Шу билан бир вақтда кенг кўламда бошқа мутахассисларни жалб этиб, бир пайтнинг ўзида «Қизил китоб»ни шакллантиришга ҳаракат кетяпти. «Қизил китоб» сифат жиҳатдан ўзгарди. Аввалги нашрга 324та камёб, йўқолиб бораётган ўсимлик киритилган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 314тага тушди.
Бунга илмий ёнлашувнинг ўзгаргани, тадқиқотлар кўлами ошгани, табиатдаги ўсимликлар ҳолати бўйича маълумотлар базаси кенгайгани сабаб бўлди. Яна бир томондан баъзи ўсимликларнинг тарқалиш ареали кенгайди, табиий популяцияларнинг ўсиш шароити яхшилангани аниқланди.
«Қизил китоб»нинг охирги уч нашрида, афсуски, адашиб кириб қолган ўсимлик турлари ҳам бўлган. Бу ўсимликлар табиатда кенг тарқалган ёки кишиларнинг хўжалик фаолияти уларнинг ҳолатига хавф солмайди.
2019 йилнинг охиригача «Қизил китоб»нинг бешинчи нашри чиқишини кутиб турибмиз.
— Юқорида сиз айтган ўсимликларнинг кадастрини юритишда ҳудуднинг табиий рельефи ҳисобга олинадими? Флорани ўрганишда табиий чегаралар кўпроқ инобатга олинишини муҳимроқ аҳамият касб этмайдими? Масалан, Қашқадарё вилоятида тоғли жойлар ҳам бор, чўл қисми ҳам бор.
— 2016 йилда якунланган тадқиқотларда илк бор Ўзбекистон ҳудудининг ботаник-географик жиҳатдан районлаштириш амалга оширилди. Бунда албатта мавжуд барча табиий омиллар ҳисобга олинган ва ҳар бир табиий ҳудуд учун 100 йилдан ортиқ муддат давомида тўпланган маълумотлар жамланган. Вилоятлар кесимида олиб борилаётган тадқиқотлар кўпроқ амалий аҳамият касб этади ва вилоятлар ҳудудлари чегараси бўйича муҳофаза чораларини тўғри белгилашга ёрдам беради. Табиийки, вилоят кесимида олиб борилаётган ишлар ҳудуднинг рельефини инобатга олади, ландшафтларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тегишли илмий услублар танланади.
— Ўсимликлар учун хавф бўлиб турган ва «Қизил китоб»га кириб қолишида ҳамон долзарб бўлган омиллар қайсилар?
— Долзарб муаммолар қаторига чорва молларини бетизим ўтлатиш, ўсимлик захираларидан нотўғри фойдаланиш, табиат унсурлари тўғрисидаги билимларимиз жуда ҳам паст даражадалиги киради.
— Илмий конференциялар, анжуманлар олимнинг дунёқарашига қандай таъсир этади ва бугунги кунда бу қай ҳолатда?
— Илмий конференция, аввало, қайсидир масалага ва унинг ечимига бағишланади. Бу олимларнинг ўзаро фикр алмашиши учун энг муҳим платформа: тадқиқотлар натижасини кўрсатадиган, эълон қиладиган, муҳокамага қўя оладиган ва бошқа тадқиқот натижаларини эшитиб, уларга фикр билдира оладиган анжуман ҳисобланади. Конференция ҳисобот учун, қайсидир соҳа вакиллари борлигини кўрсатиш учун ўтказилмаслиги керак. Конференция белгиланган бош масалани ҳал қилишга қаратилиши керак.

Айнан конференциялар доирасида олимлар бир-бири билан жонли мулоқот қила олади, табиийки, бу нарса илмий фикр ўсишига ёрдам беради, қолаверса, конференциялар ўзига хос стажировка вазифасини ҳам ўташи мумкин.
Олим нафақат маҳаллий, балки халқаро конференцияларда қатнашса мақсад мувофиқ бўлади. Ботаника институт илмий ходимларини эгаллаб турган лавозимига қўйиладиган талабномалар қаторидан хорижий конференцияларда бевосита иштирок этиш ва халқаро тилларда маъруза қилиниши бежиз киритилмаган. Олим ўз йўналиши бўйича даврий равишда нуфузли тадбирларда иштирок этиши муҳим шартлардан бири ҳисобланади.
— Илмий муассаса раҳбари сифатида олимларга қандай талаблар қўясиз?
— Илмий тадқиқот муассасаси раҳбари сифатида, аввало, илмий натижадорликни биринчи ўринга қўяман ва талаб этаман. Шунинг учун ҳам институтдаги илмий ходимларнинг эгаллаб турган лавозимига талабномалар тизимини ишлаб чиқиш, уни кенг кўламли муҳокамалардан ўтказиш ва институт амалиётига жорий этишга катта эътибор берганман.
Бу тизимни кенг жорий этиш ёки илмий амалиёт учун қабул қилиш шарт, деган фикрдан йироқман. Бу менинг раҳбар сифатида илмий жамоани бошқариш услубим, ходимларнинг интизомга, фаолиятига бўлган масъулиятини ошириш, қолаверса, шу йўл билан институтдаги тадқиқотлар нуфузли нашрларда чоп этилиши даражасини кўтариш, обрўсини оширишга қаратилган хатти-ҳаракатлар мажмуаси ҳисобланади. 2015 йилдан бери ўтган вақт бу тажриба ўзини оқлаганини кўрсатди ва институтдаги илмий ходимларнинг катта қисми уни маъқуллашади.
— Бевосита ўзингизнинг илмий тадқиқотларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?
— Мен Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ва ёндош ҳудудларнинг флораси билан шуғулланаман. Яна бир йўналишим пиёзбошли ўсимликлар, хусусан, лолаларнинг систематикаси, таксономияси, биогеографияси билан ҳам иш олиб бораман.
Ўзбекистон Миллий флорасининг янги нашрларини яратишга бағишланган йирик лойиҳанинг илмий раҳбари ҳисобланаман. Таъкидлашим керакки, бу лойиҳа илмий фаолиятимнинг ҳозирги кундаги босқичида муҳим аҳамият касб этади. 2016-2017 йилларда Флоранинг 1-2-жилдлари чоп этилганди. 2019 йил охиригача 3-жилди нашрдан чиқади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида тарқалган ўсимликларни тўр тизимли хариталаш устида ҳам ишлаяпмиз.
Бу Ғарбий Европада кенг кўламда олиб борилаётган илғор тадқиқотлардан бири саналади. Уни биз Марказий Осиёда биринчи бўлиб, айнан Ўзбекистон ҳудудига 2017 йилдан қўллай бошладик. Ҳозирги кунда Зарафшон тизмасининг ғарбий тармоқлари 5х5, 10х10 километрдан иборат бўлган квадратларга бўлиб чиқилган ва улар бўйича ўсадиган ўсимлик турларни жамлаб чиқяпмиз. Бу билан ҳар битта квадратлар, ҳудудлар кесимида ўсимликлар қай даражада эканини кўрсатиб бероладиган ҳолатдамиз.
Тўр тизимли хариталар Ўзбекистон флораси бўйича яратилаётган маълумотлар электрон базасининг таркибий қисми ҳисобланади. Улар бутун мамлакат ёки танлаб олинган ҳудудлар миқёсида таркиби, ҳолати бўйича тўлиқ маълумотларни ўзида жамлайди. Тегишли қарор қабул қилиш учун эса бизда нафақат ҳудуд, балки алоҳида квадратлар бўйича бериш имкони яратилади.
Бу ҳолат табиий ҳудудларни иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун ўзлаштиришни режалаштириш, экологик аудит ёки мониторингни ташкил этиш, табиий ва антропоген омиллар таъсирида рўй бераётган ўзгаришларни баҳолашда муҳим аҳамиятга эга.
Кейинги илмий йўналишим ўсимликлар географияси бўлиб, мен Марказий Осиё флорасининг шаклланиши, бунда қадимги геологик жараёнларнинг роли, Марказий Осиёга ёндош ҳудудлардан миграцион оқимларнинг таъсири ва айни пайтда Ўзбекистондан бошқа ҳудудларга бўлган миграцион оқимларнинг таъсири масалалари тўғрисида тадқиқот олиб бораман. Бу изланишлар фундаментал хусусиятли тадқиқотлар сирасига киради.
— Ўз соҳасида юксак илмий натижаларга эришган инсон сифатида олимнинг бахти нимада деб ҳисоблайсиз?
— Менимча, олимнинг бахти унинг илми ва ғояларининг ривожида, шогирдларининг сони ва албатта сифатида, илм деб аталмиш улкан бино қад ростлашида ўз ҳиссасини қўша олишида.
Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди
Мавзуга оид
10:21 / 13.05.2026
Сурхондарёда Қизил китобдаги қушни овлаб, истеъмол қилганлар аниқланди
14:39 / 06.05.2026
Қашқадарёда балиқчи табиатга етказган зарар миллион долларга баҳоланди
13:52 / 02.03.2025
Фарғонада Қизил китобга киритилган қушни ноқонуний сақлаб келган фуқаро ушланди
21:13 / 31.10.2024