Иқтисодиёт | 21:29 / 05.08.2025
9990
3 дақиқада ўқилади

Иссиқхоналар дефолтга учраб, банклар балансига ўтиб кетяпти. Сенатор вазирдан изоҳ сўради

Иссиқхоналар электр энергияси, табиий газ ва сув узилишлари ҳамда юқори фоизли кредитлар туфайли банклар балансига ўтиб кетяпти. 2025 йил май ҳолатига, 120 гектардан ортиқ иссиқхона банклар балансига ўтган. Сенатор Анвар Тўйчиев қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновга сўров юборди.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Сенатининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновга иссиқхона хўжаликлари дуч келаётган тизимли муаммолар юзасидан сўров юборди.

Сенат матбуот хизматига кўра, сенатор ўз сўровида ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалаларни қайд этган. Жумладан, иссиқхона хўжаликларини молиялаштиришда барқарор механизмларнинг етишмаслиги, табиий газ, электр энергияси ва сув таъминотидаги узилишлар ҳамда юқори фоизли кредитлар туфайли айрим хўжаликларнинг банк балансига ўтиб кетаётгани ҳақида сўз юритилган.

“Маълумотларга кўра, 2025 йил май ҳолатига кўра 120 гектардан ортиқ иссиқхона банклар балансига ўтган. Бу эса иш ўринларининг қисқариши ва иқтисодий самарадорликнинг пасайишига олиб келган”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, сенатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, илмий асосланган агротехнологиялардан самарали фойдаланиш, фермер ва тадбиркорларни уруғчилик, агрокимё хизматлари билан таъминлаш механизмларини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратган.

Юқорида қайд этилган масалалар юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан 2020-2024 йилларда ташкил этилган иссиқхона хўжаликлари сони ва ҳолати, соҳани молиялаштиришда амалдаги механизм, табиий ресурслар билан барқарор таъминлашдаги муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қабул қилинаётган чоралар, илмий ёндашувлар ва инновацион ечимларни жорий этиш ҳолати, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган ишлар бўйича таҳлилий ва асосланган ёзма маълумот тақдим этиши сўралган.

Аввалроқ Kun.uz Ўзбекистон бўйлаб катта маблағ эвазига қурилган иссиқхоналар нураб, хароба бўлиб ётгани ҳақида кўрсатувлар эълон қилган эди.

30 июл куни қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича ўтказилган селекторда бу муаммога эътибор қаратилиб, иссиқхоналарга қишки мавсумда газ кафолатли ҳажмда берилиши, газ учун олдиндан тўлов октябрдан мартгача 50 фоизга туширилиши эълон қилинди. Бундан ташқари, минглаб иссиқхоналарнинг солиқ тўловлари 1 январгача узайтирилди. 2028 йилгача иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга тушириладиган бўлди.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид