Ўзбекистон | 18:12 / 04.03.2024
7623
2 дақиқада ўқилади

Ноқонуний мигрантларни депортация қилиш давом этади — АҚШ элчихонаси

Ўзбекистон фуқаролари одамларни товар сифатида кўрадиган жиноий гуруҳларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, жабрдийда бўлишдан огоҳлантирилди. 

Фото: Bloomberg

АҚШ ҳудудига ноқонуний равишда кириб олган мигрантларни депортация қилиш давом этади. Бу ҳақда 3 март куни Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси маълум қилди. 

«Қўшма Штатларга ноқонуний миграция хавфли ва серхарж уринишдир. Биз Ўзбекистон фуқароларини одамларни товар сифатида кўрадиган жиноий гуруҳлар ёлғон ваъдаларига ишониб, жабрдийда бўлишдан огоҳлантирамиз. Америка Қўшма Штатларига саёҳат қилишни хоҳловчиларни хавфсиз ва қонуний йўллар орқали сафар қилишга чақирамиз», дейилади хабарда. 

Қайд қилинишича, АҚШ ноқонуний мигрантларни депортация қилиш масаласида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттиради. 

«АҚШ ҳукумати Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда. Қўшма Штатлар ўз ҳамкорлари билан хавфсиз, тартибли ва инсонпарвар миграция жараёнларни татбиқ этган ҳолда, Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаганларни депортация қилиш ишларини давом эттиради», дейилади элчихона хабарида. 

3 март куни ноқонуний йўллар билан Қўшма Штатларга кирган 74 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Маълум қилинишича, уларнинг кўпчилиги Мексика орқали Америкага ўтган.

Мавзуга оид