Спорт | 16:17 / 29.05.2021
16840
5 дақиқада ўқилади

«Манчестер Сити» «Челси»га қарши. Инглизча финал анонси

Бугун, шанба оқшомида бутун дунё футбол мухлисларининг эътибори Португалиядаги «Драгау» стадиони томон қаратилади. Шу куни клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир Чемпионлар лигасининг ҳал қилувчи финал баҳси доирасида «Манчестер Сити» ва «Челси» бош соврин учун кураш олиб боришади. ЕЧЛ финали «Сити» тарихидаги дастлабкиси, «Челси» учун эса 3-финалга айланади.

Финалгача йўл

Манчестер ва Лондон клубларининг финалгача етиб келиш йўллари осон бўлгани йўқ. Гвардиола шогирдлари бу босқичгача «С» гуруҳи ғолиблигини қўлга киритиб, плей-офф ўйинларида иккита «Боруссия»ни ва яримфиналда ўтган йилги финалчи «ПСЖ»ни мағлуб этган ҳолда етиб келишди.

Тухель бошқарувигача «Челси» «Е» гуруҳи ғолиблигини қўлга киритиб, плей-оффларда «Атлетико», «Порту» ва яримфиналда кимсан «Реал»ни турнирдан чиқариб юборди ва финал йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу финал Тухель учун кетма-кет иккинчиси ҳисобланади. Немис мураббийи бир йил аввал «ПСЖ» билан финалгача етиб бориб, «Бавария»га имкониятни бой берганди.

Финалгача йўл:

«Манчестер Сити»

Энг яхши тўпурарлари: Риёд Маҳрез, Ферран Торрес (4)

1/2 финал: 4:1 - «Пари Сен-Жермен»

1/4 финал: 4:2 - «Боруссии» Дортмунд

1/8 финал: 4:0 - «Боруссии» Менхенгладбах

C гуруҳи: 1-ўрин

«Челси»

Энг яхши тўпурари: Оливье Жиру (6)

1/2 финал: 3:1 - «Реала»

1/4 финал: 2:1 - «Порту»

1/8 финал: 3:0 - «Атлетико»

Е гуруҳи: 1-ўрин

Ким қандай ҳолатда?

Испаниялик мутахассис қўл остидаги «Манчестер Сити» Англия чемпионлиги ва Англия лига кубоги соҳиблигини расмийлаштирди. Клуб сўнгги 6 ўйиндан 4тасида ғалабага эришган. «Шаҳарликлар» сўнгги ўйинда «Эвертон»ни ўта йирик – 5:0 ҳисобида мағлуб этишди.

«Манчестер Сити»

Сўнгги натижалар: Ғ/М/Ғ/М/Ғ/Ғ

Сўнгги ўйин: «Ман. Сити» - «Эвертон» 5:0, 23 май.

Якуний натижаси: Англия чемпиони, лига кубоги ғолиби.

Немис мураббийи қўл остида финалгача етиб келган «аристократлар» охирги 6 ўйиндан 3тасида ғалаба ва 3тасида мағлубият қайд этишди. Лондон клуби Англия Премьер-лигаси сўнгги тури доирасида Бирмингемда «Астон Вилла»га мағлубиятга (2:1) учради.

Шунга қарамай, «Челси» «Манчестер Сити»га қарши сўнгги ўйинларда муваффақиятли ўйнай олмоқда. Жумладан, Англия кубоги яримфинали ва АПЛ доирасида Тухель шогирдлари Гвардиола жамоасидан устун келишганди.

«Челси»

Сўнгги натижалар: М/Ғ/М/М/Ғ/Ғ

Сўнгги ўйин: «Астон Вилла» - «Челси» 2:1, 23 май

Якуний натижа: АПЛда 4-ўрин, Англия кубоги финалчиси.

Ўзаро сўнгги 5 ўйини:

08.05.2021. АПЛ. Манчестер Сити – Челси – 1:2

17.04.2021. АК 1/2 финал. Челси – Манчестер Сити – 1:0

03.01.2021. АПЛ. Челси – Манчестер Сити – 1:3

26.06.2020. АПЛ. Челси – Манчестер Сити – 2:1

23.11.2019. АПЛ. Манчестер Сити – Челси – 2:1

Кимлар майдонга тушиши мумкин?

Бу борада икки жамоада ҳам жиддий муаммо бор деб бўлмайди. Шу боис Пеп Гвардиола ҳам, Томас Тухель ҳам ўзи истаган таркибдан фойдаланиш имкониятига эга. Сўнгги ўйинлардан келиб чиқадиган бўлсак, таркиб қуйидагича кўриниш олиши кутилмоқда:

«Манчестер Сити»: Эдерсон; Уокер, Стоунз, Рубен Диаш, Зинченко; Бернарду Силва, Фернандиньо, Гундўған; Маҳрез, де Брюйне, Фоден

«Челси»: Менди; Кристенсен, Тьяго Силва, Рюдигер; Аспиликуэта, Жоржиньо, Канте, Чилуэлл; Пулишич, Вернер, Маунт

Ўйинни ким бошқаради?

УЕФА Англия клублари ўртасидаги финал баҳсини бошқаришни испаниялик ҳакамларга топширган. Ҳал қилувчи тўқнашувни 44 ёшли Антонио Матеу Лаос бошқариб боради. Финални томоша қилиш учун 52 минг томошабинни сиғдира оладиган «Драгау» стадионига жами 16 500 нафар мухлис киритилишига рухсат берилган.

Анонс. ЕЧЛ финали.

29 май (шанба)

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЧЕЛСИ

Португалия, «Драгау» стадиони.

Финал бошланиш вақти: 23:59.

ТВ-трансляция: UzReportTV.

Шарҳловчилар: Хайрулла Ҳамидов, Ҳасан Турдалиев.

Мавзуга оид