Спорт | 14:27 / 21.08.2024
8673
10 дақиқада ўқилади

«Сити» 115 та айбловдан айбсиз чиқадими? Бу сафар ҳаммаси жиддий

Фото: Getty images

Дунёнинг энг машҳур лигасида ушбу мавсумда барчаси остин-устун бўлиб кетади ёки ҳеч нарса содир бўлмайди. Яқинлашиб келаётган ойларда «Манчестер Сити»нинг Премер-лига молиявий фэйр-плей қоидаларини 115 марта бузганликдаги гумонлари юзасидан эшитув ишлари бошланади ва жорий мавсум якунидан аввал хулоса тақдим этилади. Унга кўра, «шаҳарликлар» «сувдан қуруқ чиқади» ёхуд 80 очкогача жаримага тортилиши ва ҳатто Чемпионшипга тушириб юборилиши мумкин.

Ўтган ҳафта аввалида АПЛ мавсуми бошланиши олдидан берилган интервюсида лига раҳбари Ричард Мастерс «Манчестер Сити» иши масаласида лига ва клуб ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганини таъкидлади. Лекин лигада кетма-кет 4 марта ғолиб чиққан «шаҳарликлар»ни ҳайрон қилган айблов масаласидаги мавҳумликни бироз бўлса-да тарқатмади. Ўз навбатида, клуб лига қоидаларини бузиш эвазига рақибларни ортда қолдираётган бўлиши мумкинлигини сезган бошқа клублар вакиллари ҳам ушбу масала тезроқ ҳал қилинишини талаб қиляпти.

«Сити» 115 та айбловнинг барчасидан қутулиб қолиши фантастика бўларди. Хўш, жазо қай усулда берилади? У «Сити»га спорт тарафлама ҳукм ўқиб, жаримага тортадими ёки Манчестер «мовийлари» яна молиявий компенсация тўлаш билан чекланадими? Бу кейс фақат Англияга эмас, балки бутун Европага дахлдор ва кўҳна қитъа грандлари ҳам ушбу суд жараёни натижаларига кўз тиккан.

The Athletic нашрининг шахсини очиқлашни истамаган манбаси бу масалада қуйидагиларни сўзлаган: «Бошқа клублар вакиллари билан якдил фикримиз шуки, уларга нисбатан энг мақбул жазо очко олиб қўйиш бўлади. Аммо жарима очколар миқдори 70 ёки 80 очко оралиғида бўлиши ва бу уларнинг Чемпионшипда камида бир мавсум ўтказишини таъминлаши керак».

Яна бир клуб вакили эса янада креатив жазо услубини таклиф этган. Унга кўра, «Сити»дан келгуси 3 мавсум давомида кўп миқдордаги очколарни олиб ташлаш ва шу орқали уларнинг Чемпионлар Лигасида қатнашиш имкониятини амалда йўққа чиқариш лозим. Яна бир вакил «Сити» можаросини Англия регби лигасини 2019 йилда ютган «Сэресенс» клуби билан бўлган воқеага қиёслади. Ўшанда ушбу клубдан 35 очко олиб ташланган ва 2-дивизионга тушиб кетган. Қўшимчасига эса 5,36 миллион фунт молиявий жаримага тортилган.

«Сити»га қарши тўқнаш келган мураббийлардан бири эса уларнинг қолган жамоалар билан бир хил қоидалар асосида ўйнамагани, бироқ энди бўлиб ўтган ишларни тўғрилаш учун кеч бўлганини билдирган. Бу жараён лига учун ҳам жиддий синовга айланиши кутиляпти. Агар лига «Сити» кейсида ўз позициясини ва қатъиятини дадил кўрсата олмаса, бошқа клублар ҳам молиявий фэйр-плейни писанд этмасликка ўтиши мумкин.

Ўз навбатида, «Манчестер Сити» барча айбловларни рад этмоқда ва 2023 йил февралида тарқалган гап-сўзлар бу даражагача етганидан ҳайратда. Улар ўз билдиргисида ушбу масала «тез фурсатда ва батамом бартараф этилиши»ни хоҳлашини маълум қилган. Аммо бу осонликча якунланадиган жараён эмас. Ахир гап 2009-2018 йиллар орасида содир бўлгани даъво қилинаётган 115 та қоидабузарлик ҳақида кетмоқда. Бу даврда клуб 3 марта АПЛни ютган, Европа гранди сифатида шаклланган ва Пеп Гвардиола билан гигант жамоа қуриш ишларини бошлашга эришган.

«Сити»га қўйилаётган айбловлар орасида даромадлар ҳужжатларини тўлиқ тартибда тақдим этишдаги хатолар, 2009-2013 йиллар давомида Роберто Манчини ва унинг штабига тўланган маошлар масаласини тўлақонли очиқламаслик ва 2015-2018 йиллар оралиғида АПЛ Даромад ва давомийлик қоидалари (Profit and Sustainability Rules)ни бир неча бандлар бўйича бузиш кабилар мавжуд. Лига клубни УЕФА фэйр-плей қоидаларини ҳам 2013-2014, 2014-2015 ҳамда 2017-2018 йиллар давомида бузишда айбламоқда.

«Манчестер Сити»га УЕФА масаласидаги айбловлар бегона эмас. 2020 йил февралида УЕФА уларни молиявий фэйр-плей қоидаларини бузишда айблаб, икки мавсумга ўз мусобақаларидан четлатганди. Аммо Спорт арбитраж суди «клубга қўйилган айбловларнинг айримлари ўз тасдиғини топмагани, қолганлари эса бу каби ишларни кўриб чиқиш учун белгиланган 5 йиллик муддатдан ўтиб кетгани» боис четлатиш санкциясини бекор қилган ва бунинг ўрнига «шаҳарликлар» 8,6 миллион фунт жаримага тортилганди.

АПЛда ҳеч ким «Сити» кейсида ўз исмини ошкор қилишни хоҳламаётган бир пайтда Ла Лига президенти Хавиер Тебас бу масалада очиқчасига фикрларини билдириб ўтди. У узоқ йиллик фаолияти давомида спорт клубларининг давлатларга тегишли бўлиши ва ҳокимият вакиллари томонидан бошқарилишини кескин қоралаб келади. «Сити» эса расман қайсидир давлат ҳокимияти томонидан бошқарилмаса-да, Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири ва президентлик ишлар вазири Шайх Мансур бин Заед Ан-Наҳёнга тегишли «Newton Investment and Development» компанияси томонидан бошқарилади.

«Мен ўз лигамизни Англияники билан пропорционал қўя олмайман, чунки улардаги қонунларни яхши билмайман. Аммо мен УЕФА ва Спорт арбитраж суди қабул қилган «Сити»га нисбатан санкцияларни бекор қилиш қарорини шармандалик, деб ҳисоблайман. Бу жуда ҳам баҳсли ҳукм бўлди. Қани, кўрайликчи, энди нима бўлар экан. Билишимча, Англиядаги кўплаб клублар «Манчестер Сити» кейси қандай якунланишига кўз тиккан. Энди бу нафақат ушбу клуб, балки Премер-лиганинг тақдирига ҳам дахлдор масала», – деганди The Athletic билан суҳбатда Хавиер Тебас.

Аммо бу масалада на Тебас, на у назарда тутган клублар фикри аҳамиятга эга эмас. «Сити» ишини лига қошидаги мустақил юридик бўлим раҳбари Маррей Росен танлаган ва шахслари маълум қилинмаган уч нафар мутахассисдан ташкил топган комиссия томонидан кўриб чиқилади.

Айтиб ўтилганидек, «Манчестер Сити» тақдирини белгилашда лиганинг бошқа клублари бевосита қатнаша олмасада, уларнинг ўзини тутиши ушбу иш атрофидаги умумий кайфиятга таъсир қилиши аниқ. 2020 йилда «шаҳарликлар» молиявий жарима билан қутулганидан сўнг лиганинг 9 клуби қарор устидан апелляция берганди. Ҳа, бу ҳеч нарсани ўзгартирмаган, бироқ ўтган мавсумда «Эвертон» ва «Ноттингҳэм Форест»нинг очколари олиб қўйилганидан сўнг Англия клубларининг амалдаги чемпионлар масаласидаги норозиликлари кучайиб кетди.

«Қонунларга бўйсунишдан ўзга чора йўқ, уларни ҳар мавсум аввалида ҳар бир клуб тасдиқлайди. Улар ва биз бир-биримизга қўл берамиз ҳамда клублар ушбу қоидалар асосида фаолият олиб боришга барчанинг кўз ўнгида сўз беради», — дейди лига раҳбари мавзуга тўхталар экан.

Бу масалага Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати аралашуви эса янада кўплаб саволларни туғдирмоқда. Ўтган йили Амирликлар ҳукумати тан олишича, Абу Дабидаги элчихона билан бу масалада суҳбат ўтказилган, аммо унинг мавзуси ошкор қилинмаган. The Athletic’нинг маълумотлар эркинлиги доирасида юборган сўровига қироллик томонидан рад жавоб келди ва «бу маълумотларни очиқлаш Бирлашган Араб Амирликлари билан ўзаро алоқаларни хавф остига қўйиши мумкинлиги» маълум қилинди. «Манчестер Сити» тарафи бу масалада савол берилганда жавоб беришдан бош тортди ва лига вакиллари ушбу эҳтимолни буткул рад этди. «Бу ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бунинг иложи йўқ», — дейди лига раҳбари Ричард Мастерс.

Ва ниҳоят, бу масалада Премер-лиганинг манфаатлари ҳам ўртага тикилган. Албатта, «Манчестер Сити» каби клубни йўқотишдан дунёнинг энг катта даромад келтирувчи миллий лигаси катта зарар кўради. АПЛ даромадларининг катта қисмини халқаро трансляциялар ташкил қилади ва биргина Америка Қўшма Штатларининг NBC компанияси лига ўйинларининг эксклюзив намойиш ҳуқуқи учун йилига 450 миллион доллар тўлайди. Солиштириш учун, Ла Лига ESPN билан худди шундай шартномани 175 миллион доллар эвазига тузган. Бундеслига эса худди шу компанияга йиллик пакетни 30 миллион долларга сотади. Шундан келиб чиқиб, уларда қатъиятсизлик қилишга заррача ҳам имконият йўқ, зеро уларни бутун дунё кузатиб турибди.

«Узоқ йиллардан бери ўз клубига қарши молиявий фэйр-плей масаласида иш очмаган Премер-лиганинг ушбу кейсда танлайдиган йўли жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу Европа футболига таъсир кўрсатадиган қарор бўлади.

Премер-лиганинг молиявий барқарорликка эътибор қаратиши жуда муҳим, уларнинг клубларни футболники бўлмаган пуллар (ҳокимият маблағлари) билан бошқаришга қўйиб бериши Европа футболида жиддий инфляцияга сабаб бўлади: маошлар, трансфер пуллари, комиссия харажатлари ва ҳоказо. Англия клублари бу масалани хавотир билан кузатаётганига аминман ва уларнинг барчаси «Манчестер Сити»га қарши санкциялар қўлланишини кутмоқда», — дейди Хавиер Тебас бу масаладаги фикрини якунлар экан.

The Athletic сайтидан Абдулбасит Валихонов таржимаси

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид