Ўзбекистон | 17:52 / 08.08.2018
16437
4 дақиқада ўқилади

Президент қарори: Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги оширилади

Иллюстратив фото

Президент “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида “Ватан - муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” деган концептуал ғоя асосида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, ҳарбий хизматчиларнинг билими ва маънавий савиясини ошириш, ахлоқий-руҳий хислатлари ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш бўйича самарали механизмларни яратишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясининг Қуролли Кучлар тизимида изчил амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда бой маданиятимиз, азалий қадриятлар ва анъаналаримизга асосланган дунёқарашини шакллантиришга йўналтирилган ягона тизимни яратиш;

ҳарбий хизматчиларнинг онгу тафаккурига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини, миллий армиямиз билан фахрланиш, давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун масъулият туйғусини чуқур сингдириш;

ҳарбий хизматчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини тизимли ва изчил равишда етказиш ҳамда дунёда ва ён-атрофимизда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларига нисбатан уларда онгли муносабат ва фаол ҳаётий позициясини шакллантириш, бурчга садоқат, масъулият, фидойилик туйғуларини ошириш;

миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш хамда таҳлил этиш, Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш асосида ҳарбий хизматчиларда “Ўзбекистон халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди!” деган ҳаётий эътиқодни қарор топтириш;

диннинг асл мазмун-моҳиятини теран очиб бериш орқали ҳарбий хизматчиларга эзгулик ва раҳмдиллик анъаналарини сингдириш, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат муносабатларини шакллантириш ҳамда уларни миллий маданиятимиз ва қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром, фидойилик ва садоқат, ҳалоллик ва поклик, мустақил фикр ва соғлом турмуш тарзи асосида тарбиялаш.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ҳафтанинг хар жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардиясининг Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларга ҳамда фуқароларга ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун топшириладиган “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш органлари негизида тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари ташкил этилади.

Бригадаларда (уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмларда) ва алоҳида батальонларда “ҳарбий психолог” (офицер) лавозими жорий этилади.

Ҳарбий округлар бошқарув аппаратларида ‘‘психолог”, “етакчи социолог”, бригадаларда (уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмларда) ва алоҳида батальонларда “ҳарбий қисм командирининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси - Маданият маркази бошлиғи” (Қуролли Кучлар хизматчиси) лавозимлари жорий этилади. Уларнинг ойлик маошларига лавозим моянасидан 30% миқдорда хар ой қўшимча устама пул тўлаш белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид